Трансплантация: ҳуқуқий асослар яратилмоқда

4 Октябрь, 16:36 • Давра суҳбати, Марказий аппарат, Муҳим хабарлар, Янгиликлар • 261 марта кўрилди • Комментариев к записи Трансплантация: ҳуқуқий асослар яратилмоқда нет

Жамиятнинг бебаҳо бойлиги бўлган инсон саломатлигини мустаҳкамлаш, мамлакатимизда тиббий хизмат сифатини янада ошириш билан боғлиқ масалалар давлатимизнинг алоҳида диққат марказида бўлиб келмоқда. Хусусан, сўнгги пайтларда Ўзбекистон Республикаси Президентининг соғлиқни сақлаш соҳасида мавжуд энг долзарб муаммоларни бартараф этишга қаратилган бир қатор фармон ва қарорлари қабул қилинди. Уларда назарда тутилган чора-тадбирларнинг амалга оширилиши натижасида соҳада кўплаб ижобий ўзгаришларга эришилмоқда.

Шу ўринда таъкидлаш лозимки, аҳолининг барча ижтимоий қатламлари ўз вақтида, мунтазам, сифатли тиббий хизматдан фойдаланишини таъминлаш тарафдори бўлган Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси мамлакатимизда тиббиёт соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар ва уларнинг натижаларини эътироф этган ҳолда бугунги кунда ушбу соҳани янада ривожлантириш, бу борада ечимини кутаётган муаммоларни бартараф этиш бўйича амалий таклифларни илгари суриб келмоқда.

Жумладан, партия Сайловолди дастурида соғлиқни сақлаш соҳасида илгари сурилган устувор вазифаларни рўёбга чиқариш мақсадида жорий йилнинг август ойида Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги билан ҳамкорлик меморандуми имзоланиб, қўшма чора-тадбирлар режаси ишлаб чиқилди. Мазкур ҳужжатда белгиланган вазифалар қаторида “Одам аъзолари ва тўқималарини трансплантация қилиш тўғрисида”ги қонун лойиҳасини ишлаб чиқиш, кенг жамоатчилик иштирокида муҳокама қилиш ҳамда қабул қилинишига эришиш белгиланган эди.

Ўтган даврда Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва “Адолат” СДП экспертлари ҳамкорлигида ишлаб чиқилган қонун лойиҳаси Ўзбекистон норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг муҳокамаси порталида умумий муҳокамага қўйилди. Шу билан бирга, ушбу ҳужжат айни вақтда ҳудудлардаги тиббиёт муассасалари ҳамда соҳага ихтисослашган олий ўқув юртларида партия электорати ва депутатлари иштирокида кенг муҳокама қилинмоқда.

Ўзбекистон “Адолат” СДП Сиёсий Кенгаши ва Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракцияси, Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳамда Тошкент врачлар малакасини ошириш институти ҳамкорлигида ўтказилган давра суҳбати ҳам “Одам аъзолари ва тўқималарини трансплантация қилиш тўғрисида”ги қонуни лойиҳаси муҳокамасига бағишланди. Унда парламент қуйи палатаси депутатлари, Соғлиқни сақлаш вазирлиги мутасаддилари, Тошкент врачлар малакасини ошириш институти профессор-ўқитувчилари ҳамда тингловчилари, ёш олимлар, экспертлар ва партия фаоллари иштирок этишди.

Ўзбекистон “Адолат” СДП Сиёсий Кенгаши раиси Наримон Умаров тадбирни кириш сўзи билан очди.

— Ўз электорати сифатида тиббиёт ходимларини алоҳида эътироф этган, қолаверса, аъзолари ва хайрихоҳлари орасида айнан шу соҳа мутахассислари кўпчиликни ташкил этадиган партиямиз томонидан аҳоли ўртасида талаб юқори бўлган тиббий муолажаларга, хусусан, трансплантологияга ва бошқа илғор тиббий хизматларга рухсат бериш ғояси илгари сурилиши бежиз эмас, — деди Н.Умаров. — Боиси, ҳаётда ҳеч бир инсон бедаво хасталикка чалинмаслик ёки танасидаги бирор-бир аъзоси ишдан чиқмаслигидан кафолатланмаган. Шундай вазиятда дунёнинг ривожланган мамлакатларида кенг қўлланиб келинаётган ҳамда юзлаб, минглаб инсонларнинг ҳаётини сақлаб қолишга хизмат қилаётган трансплантология сингари замонавий тиббий хизматлардан фойдаланишга эҳтиёж ортиб бормоқда. Битта инсонни бўлса-да, қутқариб қолишнинг имкони бор экан, демак, бу тиббий хизматни амалда қўллаш ўзини оқлайди, деб ўйлаймиз.

Шундан келиб чиқиб, партиямиз томонидан аҳоли ўртасида талаб юқори бўлган тиббий муолажаларга, жумладан, трансплантология тиббий хизматига рухсат беришнинг ҳуқуқий асосларини яратиш борасида амалий ишлар олиб борилмоқда.

Давра суҳбатида таъкидланганидек, бугунги кунда мавжуд баъзи чекловлар туфайли мамлакатимизнинг тиббиёт соҳасидаги салоҳиятидан тўлиқ фойдаланилмаяпти. Айрим тиббий муолажаларни ўтказиш, хусусан, трансплантология масаласида фуқароларимиз ҳамон хориждаги тиббиёт муассасаларига мурожаат этишга мажбур бўлмоқдалар.

— Ўзбекистонда 1972 йилдан бошлаб трансплантология амалиёти йўлга қўйилган, — деди Соғлиқни сақлаш вазирлиги Бош трансплантологи Улуғбек Юлдашев. — Хусусан, Буйрак трансплантацияси марказида мазкур органни кўчириб ўтказиш бўйича 300 дан ортиқ операция муваффақиятли амалга оширилган. 2003 йилда эса Соғлиқни сақлаш вазирлигининг қарори билан фақат яқин қариндошлардан буйрак кўчириб ўтказишга рухсат берилган. Аммо Адлия вазирлигининг тегишли текширувларидан сўнг бу борадаги меъёрлар талаблари ҳуқуқий экспертизадан ўтказилиб, рад этилган эди.

Статистик маълумотларга кўра, ҳозирда Ўзбекистонда ўн минглаб беморлар органлар ва тўқималар трансплантациясига муҳтож. У буйракни кўчириб ўтказиш бўладими, жигар ёки юрак ва ўпка трансплантацияси бўладими, муҳими, фақат фақатгина шу органлар трансплантацияси беморлар ҳаётини сақлаб қолиши мумкин.

Сир эмас, зарурат туфайли айрим беморлар чет давлатларга бориб, 15 мингдан 250 минг АҚШ долларигача бўлган нархларда ана шу жарроҳлик амалиётини ўтказишга мажбур бўлмоқда. Лекин шунга эҳтиёжи бор беморларнинг барчаси ҳам бундай катта маблағ ва имкониятга эга эмас. Бу эса мамлакатимизнинг тиббиёт соҳасидаги салоҳиятидан тўлиқ фойдаланишга, хусусан, трансплантология йўналишида жаҳоннинг илғор тажриба ва ютуқларидан ортда қолишга, энг асосийси, фуқароларнинг саломатлик, вақт ва маблағ масаласида бир қатор қийинчиликлар билан тўқнаш келишига сабаб бўлмоқда.

Шу нуқтаи назардан, мазкур соҳадаги муносабатларни қонун билан тартибга солиш орқали замонавий тиббиётнинг илғор тажрибалари мамлакатимизда ҳам жорий этилиши назарда тутилаётгани соҳа мутахассисларини хурсанд қилмоқда. Зеро, мамлакатимизда ушбу соҳада малакали мутахассислар етарли.

Таклиф этилаётган қонун лойиҳаси қабул қилинса, ҳамюртларимиз зарурат туғилган пайтда чет элга бормасдан, шу ернинг ўзида инсон органлари ва тўқималарини кўчириб ўтказиш орқали ўз саломатлигини қайта тиклашига шароит яратилади.

— “Одам аъзолари ва тўқималарини трансплантация қилиш тўғрисида”ги қонун лойиҳасини ишлаб чиқиш бир йўла иккита дастурда: 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили”да амалга оширишга оид Давлат дастури ва 2017 йилда қонунлар лойиҳаларини ишлаб чиқиш ва Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасига киритиш дастурида кўзда тутилган, — деди Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон “Адолат” СДП фракцияси аъзоси Муҳаррам Дадаходжаева. — Қонун лойиҳасининг асосий мақсади замонавий фан ва тиббиёт амалиёти ютуқларини ҳисобга олган ҳолда инсон органлари, тўқима ва ҳужайраларини трансплантация қилиш соҳасидаги муносабатларни тартибга солишга қаратилган. Ушбу ҳужжат Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг “Инсон тўқималари, ҳужайралари ва органларини трансплантация қилиш бўйича устувор тамойиллари” талаблари асосида ишлаб чиқилган.

Шунингдек, қонун лойиҳасини яратишда ривожланган мамлакатлар ҳамда Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги давлатлар қонунчилигидаги ютуқ ва афзалликлар ҳамда миллий урф-одат ва қадриятларимиз инобатга олинган.

Мисол учун, қонун лойиҳасида донор сифатида фақатгина яқин қариндошлар ўз органи ва тўқималарини беришлари мумкинлиги, шахс мурдасидаги орган ва тўқималарни олиш унинг тириклигидаги нотариал тасдиқланган ёзма равишда берган розилиги ёки яқин қариндошларининг розилиги асосида амалга оширилиши мумкинлиги каби нормалар акс этган.

Шу билан бирга, мазкур қонун қабул қилиниши муносабати билан Жиноят кодексига “Инсон аъзолари, тўқималари ва (ёки) ҳужайраларини ажратиб олишга мажбур қилиш ёки ноқонуний ажратиб олиш” ҳамда “Инсон аъзолари, тўқималари ва (ёки) ҳужайраларига нисбатан битим тузиш” каби қилмишлар учун жиноий жавобгарликни назарда тутувчи иккита модда киритилиши таклиф этилмоқда. Бу инсон аъзоларидан ноқонуний даромад олиш мақсадида фойдаланишнинг олдини олишга хизмат қилади. Бундай қилмишлар учун жавобгарлик трансплантацияга рухсат берилган барча мамлакатлар қонунчилигида назарда тутилган.

Умуман, янги қонуннинг қабул қилиниши аҳолининг ҳуқуқий ва ижтимоий ҳимоясига қаратилган давлат сиёсатининг ҳуқуқий асосларини тўлдириб, инсон органлари ва тўқималарининг трансплантациясини амалга ошириш мақсад ва шароитларини аниқлаб беришга, касалликлар ва инсонлар ўлимининг қисқартирилишига, пировардида соғлиқни сақлаш тизимини янада ислоҳ қилиш бўйича олдимизга қўйилган мақсадларга эришишга хизмат қилади.

Давра суҳбатида иштирокчилар томонидан ушбу соҳадаги хорижий тажриба ҳамда қонун лойиҳасида назарда тутилаётган нормалар бандма-банд муҳокама этилиб, иштирокчиларнинг таклифлари тингланди.

Тадбир якунида кун тартибидаги масалалар юзасидан тегишли таклиф-тавсиялар ишлаб чиқилди.

Анвар ЭГАМҚУЛОВ,

Ўзбекистон “Адолат” СДП

Сиёсий Кенгаши Марказий аппарати етакчи мутахассиси

Трансплантация: ҳуқуқий асослар яратилмоқда was last modified: Октябрь 6th, 2017 by admin

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

« »