Ўзбекистон – МДҲ: ҳамкорликнинг янги суръати

14 Октябрь, 13:46 • Депутат минбари, Муносабат, Янгиликлар • 107 марта кўрилди • Комментариев к записи Ўзбекистон – МДҲ: ҳамкорликнинг янги суръати нет

2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида халқаро муносабатлардаги ҳозирги мураккаб шароитда мамлакатимизнинг жаҳон ҳамжамиятига интеграциялашувини янада чуқурлаштириш Ўзбекистон ташқи сиёсатининг бош мақсади эканлиги қайд этилган ва бу борада олдимизда турган долзарб вазифалар белгилаб берилган. Айниқса, халқаро ташкилотлар, халқаро минтақавий ташкилотлар, ривожланган ва ривожланаётган мамлакатлар билан, хусусан, митақамиздаги қўшни мамлакатлар билан турли соҳаларда конструктив ҳамкорлик алоқаларини янада ривожлантириш Ҳаракатлар стратегиясида белгилаб берилган асосий вазифалар сирасига киради.

Шу нуқтаи назардан, Ўзбекистон ташқи сиёсати учун муҳим аҳамиятга эга бўлган ана шундай халқаро минтақавий интеграцион тузилмалардан бири Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги ҳисобланади. Ушбу тузилма 1991 йил СССРнинг парчаланиши натижаси ўлароқ ташкил этилган бўлиб, бугунги кунга қадар анча мураккаб бўлган шаклланиш ва ривожланиш йўлини босиб ўтди. Кўпчилик ушбу интеграцион тузилманинг “тез орада йўқолиб кетишини” башорат қилган бўлишига қарамай, у аксинча постсовет маконида бирлаштирувчи омил сифатида халқаро муносабатларда ўз ўрнига эга бўлган анча обрўли тузилмага айланди.

Ушбу тузилманинг куни-кеча Россиянинг Сочи шаҳрида бўлиб ўтган навбатдаги саммити қатор воқеаларга бой бўлди. Унда иштирок этиб, нутқ сўзлаган Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.М.Мирзиёев Ўзбекистон МДҲ фаолиятидаги иштирокига сифат жиҳатидан янги суръат бағишлашни мақсад қилиб қўйганлигини алоҳида таъкидлади.

Президентимиз ўз нутқида “МДҲ Ўзбекистон учун шунчаки мулоқот, фикр алмашиш ва қарашларни солиштириш “майдони” эмас. Бу тузилма биз учун устувор соҳаларда амалий ҳамкорлик қилишнинг ғоят муҳим институтидир, Ҳамдўстликка аъзо мамлакатлар эса бизнинг доимий шерикларимиз, қўшниларимиз ва дўстларимиздир”, — деб алоҳида таъкидлади. Ҳақиқатан ҳам, бугунги кунда Ўзбекистоннинг МДҲ давлатлари билан алоқалари тобора кенгайиб бораётганлигини кузатишимиз мумкин. Рақамларга мурожаат қиладиган бўлсак, йил бошидан буён мамлакатимиз билан МДҲ давлатлари ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми 20 фоизга ўсган бўлиб, шу рақамнинг ўзиёқ биз учун МДҲ бозорлари улкан аҳамиятга эгалигини кўрсатади.

Мамлакатимиз раҳбари таъкидлагани каби “Биз бир қатор устувор йўналишлар бўйича, аввало, савдо, инвестиция, транспорт, туризм, таълим ва илм-фан, шунингдек, хавфсизлик соҳаларидаги ҳамкорликни фаоллаштиришдан манфаатдормиз. МДҲнинг биз аввал иштирок этмаган тармоқ органлари фаолиятида иштирок этишга тайёрмиз”.

Ўзбекистон раҳабари ушбу интеграцион тузилмада Ўзбекистонининг иштирокини янада фаоллаштиришни таклиф этгани бежиз эмас. Зеро, савдо-сотиқ, транспорт, туризм ва бошқа бир қатор соҳаларда, шунингдек, хавфсизликни таъминлаш бўйича МДҲга аъзо мамлакатлар билан икки томонлама ва кўп томонлама ҳамкорликни ривожлантириш биз учун муҳим аҳамият касб этади.

Президент Ш.Мирзиёев саммит иштирокчиларига бу борадаги илк қадам сифатида жорий йилнинг 3 ноябрь куни Тошкентда илк бор МДҲ Ҳукуматлар раҳбарлари кенгашининг мажлиси ўтказилишини маълум қилди. Шу билан бирга, МДҲ давлат раҳбарлари қўллаб-қувватлаган тақдирда, 2020 йилда Ҳамдўстликка раисликни қабул қилиш ва навбатдаги Саммитни Ўзбекистонда ўтказишга тайёрлигини билдирди.

Мамлакатимиз раҳбари ўз нутқида саммит иштирокчиларининг эътиборини Афғонистондаги мураккаб вазиятга ҳам қаратиб, Ўзбекистон Россия, Марказий Осиё мамлакатлари ва МДҲнинг бошқа давлатлари билан ҳамкорликда Афғонистон муаммосини сиёсий йўл билан ҳал қилиш бўйича кўмаклашишга тайёрлигини билдирди.

Президентимиз саммит иштирокчиларининг эътиборига ҳавола этилган Оила институти ва анъанавий оилавий қадриятларни қўллаб-қувватлаш тўғрисидаги баёнотни алоҳида қайд этиб, ушбу муҳим соҳада тажриба алмашиш мақсадида Ўзбекистонда келгуси йилда “Оилани мустаҳкамлаш ва ўсиб келаётган ёш авлодни тарбиялашда ўзини ўзи бошқариш органларининг роли” мавзусида халқаро конференция ўтказишни таклиф этди.

Саммитда қатор ҳужжатлар ҳам кабул қилинди. Улар орасида МДҲга аъзо мамлакатлар давлат раҳбарларининг Оила институти ва анъанавий оилавий қадриятларни қўллаб-қувватлаш бўйича баёноти, Ҳамдўстликда 2019 йилни Китоб йили, 2020 йилни 1941-1945 йиллардаги улуғ Ватан урушида қозонилган ғалабанинг 75 йиллиги йили, деб эълон қилиш ҳақида қарор, шунингдек, МДҲ мамлакатлари ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлашга қаратилган яна қатор ҳужжатларни санаб ўтиш мумкин. Шунингдек, Ҳамдўстлик мамлакатларининг жиноий даромадларни легаллаштириш, терроризм ва қирғин қуролларини тарқатишни молиялаштириш, коррупцияга қарши курашиш соҳаларидаги ҳамкорлигига доир концепциялар маъқулланди.

Саммит доирасида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Россия Федерацияси Президенти Владимир Путин билан ҳамда Беларусь Республикаси Президенти Александр Лукашенко билан алоҳида учрашувлари бўлиб ўтди.

Ш.Мирзиёев ва В.Путин ўртасидаги учрашувда икки томонлама ҳамкорликни янада ривожлантиришга оид масалалар атрофлича муҳокама қилинди. Маълумки, ҳозирги кунда Ўзбекистон билан Россия ўртасида экспорт ва импортнинг барча кўрсаткичлари бўйича ўсиш кузатилмоқда. Йил бошидан буён ўзаро товар айирбошлаш ҳажми 3 миллиард доллардан ошган. Шу билан бирга, Ўзбекистон ва Россия ўртасидаги савдо-иқтисодий муносабатларни янада чуқурлаштириш йўлида қатор имкониятлар мавжуд. Яқинда Тошкентда бўлиб ўтган Ўзбекистон – Россия бизнес-форумида икки мамлакат ишбилармонлари кўплаб истиқболли келишувларга эришилганлиги бу соҳада ҳамкорликнинг истиқболи порлоқ эканлигидан далолат беради.

Беларусь Республикаси Президенти А.Лукашенко билан бўлиб ўтган учрашувда икки мамлакат иқтисодиёти бир-бирини тўлдириши, қишлоқ хўжалиги, тўқимачилик, машинасозлик, озиқ-овқат саноати ва бошқа соҳаларда фойдаланилмаган катта имкониятлар мавжудлиги қайд этилди. Айниқса, қўшма корхоналар ташкил этиш, савдо уйларини кенгайтириш, хомашёни чуқур қайта ишлаш бўйича каттагина салоҳият мавжуд. Шундан келиб чиққан ҳолда икки томонлама муносабатларни янги босқичга кўтариш масалаларини кенг форматда батафсил муҳокама қилиш учун Ш.Мирзиёев Белорусь Президентини Ўзбекистонга расмий ташриф билан келишга таклиф қилди.

Хулоса сифатида Президентимизнинг Сочи шаҳрига ташрифи ва МДҲ давлат раҳбарларининг саммитида иштироки анча самарали якунланганлигини алоҳида таъкидлаш лозим. Сочида мамлакатимизраҳбари МДҲ фаолияти самарадорлигини ошириш, унинг норматив-ҳуқуқий базасини мустаҳкамлаш, тузилма доирасида ҳамкорликни янада чуқурлаштириш бўйича ўзининг бир қатор муҳим таклиф ва ташаббусларини илгари сурди. Саммит доирасида эришилган аҳдлашувлар, шубҳасиз, минтақада тинчлик ва хавфсизликни таъминлашга, Ўзбекистон иқтисодиётининг барқарор ўсишига ва халқимиз фаровонлигини оширишга яқиндан ёрдам беради.

Қодир ЖЎРАЕВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги

Ўзбекистон “Адолат” СДП фракцияси аъзоси

 

Ўзбекистон – МДҲ: ҳамкорликнинг янги суръати was last modified: Октябрь 14th, 2017 by matbuot

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

« »