Юзма-юз мулоқотлар амалий ишларга йўл очмоқда

9 Октябрь, 18:23 • Депутатлик гуруҳи, Хоразм вилояти, Янгиликлар • 49 марта кўрилди • Комментариев к записи Юзма-юз мулоқотлар амалий ишларга йўл очмоқда нет

Халқ билан мулоқот ва инсон  манфаатлари йилида маҳаллий ҳокимият вакиллик органларида фаолият юритаётган депутатлик гуруҳи аъзоларининг маъсулияти яна ҳам ортди.

Жумладан, Ўзбекистон “Адолат” СДП Янгиариқ туман Кенгаши депутатлик гуруҳи аъзолари аҳоли билан яқиндан мулоқот қилиб, фуқароларнинг турмуш шароитлари билан танишиш асносида уларни ўйлантираётган масалалар ечимини топишга харакат қилмоқда.

Кам таъминланган оила аъзоларига моддий ва маънавий ёрдам бериш, фуқароларни бандлигини таъминлаш, умумий ўрта таълим мактаблари ҳамда коллежларда ижтимоий тенглик масаласини, маҳаллалардаги ички йўлларни жорий ва капитал таъмирлаш, ичимлик суви тизимини йўлга қўйиш ва бошқа масалалардаги юзага келган муаммоларни бартараф этиш борасида бир қатор амалий ишлар қилинди.

Хусусан, аҳолидан Янгиариқ-Хонқа йўлининг бошланишидан 200 метргача бўлган масофадаги йўлнинг торлиги сабабли бир қатор таълим муассасаларига  қатновчи ўқувчилар учун қийинчиликлар туғдираётгани тўғрисида мурожаат келиб тушди. Депутат Отаназар Рўзметов томонидан Хоразм вилоят ички ишлар бошқармасига жўнатилган депутатлик сўрови ўрганиб чиқилиши натижасида 2018 йилнинг биринчи чорагида бу муаммо бартараф этиладиган бўлди. Шунингдек, “Вакиллар” маҳалласида 3860 дан зиёд аҳоли истиқомат қилади. Маҳалла фуқароларининг ичимлик сувидаги муаммолар тўғрисидаги эътирозига асосан, бу ҳудудда жойлашган биноларнинг кўп қисмининг ўрни илгари кўл бўлганлиги сабаб, аҳолининг ер ости ичимлик сувидан фойдалана олмаслиги маълум бўлди. Шу боис, ахолини ичимлик суви билан таъминлаш юзасидан  туман ҳокими М.Саидов номига  депутатлик сўрови жўнатилди. Бу муаммони бартараф этиш, туманнинг  2018 йил иқтисодий-ижтимоий ривожлантириш дастурига киритилди.

Учрашувларнинг бирида  шу маҳалла фуқароларининг йўлларни таъмирлаш бўйича қилинган мурожаати юзасидан амалий саъй-ҳаракатлар олиб борилмоқда.

Шунингдек, депутатнинг саъй ҳаракати билан вилоят Ички ишлар бошқармаси бошлиғига ёзган сўров эътиборга олинди ва Хонқа-Янгиариқ  марказий йўлининг  қишлоқ  аҳолиси ва мактаб ўқувчилари кесиб ўтиш ҳафсизлигини таъминлаш мақсадида пиёдалар ўтиш йўлакчаси белгиланди. Гулланбоғ ҳудудини кўрсатувчи йўл белгисини ўрнатиш ҳам депутатнинг  саъй харакатлари билан амалга оширилди.

Норимон Шожонов, “Вакиллар” маҳалла фуқароси:

— Депутат Отаназар Рўзметовнинг ташаббуси билан  фаолият юритаётган “Ёшлар маркази” гузарининг хизматидан маҳалла аҳли мамнун. Айни пайтда гузар фаолияти анчагина кенгайди. Жумладан, эркаклар учун “Сартарошхона”, Аёллар учун “Гўзаллик салони”, этикдўзлик устахонаси, озиқ-овқат дўкони, ошхона  маҳалла аҳолиси ва бошқаларга хизмат қилмоқда. Айни пайтда маҳалладошларимизнинг кундалик турмуш шароитларидаги эхтиёжлар учун узоққа боришларига  зарурат йўқ.

Бундан ташқари, депутат Шавкат Худайберганов ҳам ўзининг сайловчилар олдидаги маъсулиятини чуқур англамоқда. У ҳам сайловчилар билан тез-тез мулоқот қилиб, уларнинг турмуш шароитларини тубдан ўзгаришига муносиб ҳисса қўшиб келмоқда. Жумладан, “Пўрсанг” маҳалласидаги фаолияти тўхтаб қолган мактабгача таълим муассасасини қайта ташкил этиш учун туман ҳокими номига депутатлик сўрови билан мурожаат қилди. Шунингдек, “Янги ер” маҳалласидаги 2 ярим км бўлган масафони ичимлик суви билан таъминлаш мақсадида сув қувурларини ўтказиш юзасидан ҳам туман хокимлигига депутатлик сўрови киритилган эди, мазкур масала 2018 йил ҳудудни иқтисодий- ижтимоий ривожлантириш дастурига киритилди.

— Коллежларда  тиббиёт ходими бўлмаганлиги сабабли, ўқувчиларнинг тиббий ҳолатлари ўрганилмаяпти, — деди депутатлик гуруҳи аъзоси Ш.Худайберганов. — Ўқишга келаётган фарзандларимизнинг баъзиларида камқонлик ва суринкали касалликларга чалинганлари мавжуд. Грипп ва шунга ўхшаш юқумли касалликлар хуруж қилган пайтларида биринчи тез ёрдам кўрсатиш муаммо бўлиб келмоқда. Шунингдек, ушбу касалликларга чалинган ўқувчиларни ўз вақтида бошқа ўқувчилардан ажратиш ва уларга керакли муолажалар белгилаш лозим бўлиб қолади.

Шунингдек, халқ депутатлари туман Кенгаши сессиясида депутатлик гуруҳи томонидан “Мактабгача  таълим муассасалари ва умумтаълим мактаблари синфлардаги ўқувчилар сонининг санитария-гигиена талабларига мослиги, умумий тиббий хизматининг  аҳволи, мажбурий дори-дармонлар билан таъминланганлик даражаси, манту-синамаси  ва бошқа эмлашлар даврийлигининг ҳолатлари” юзасидан олиб борилган ишларнинг натижалари тўғрисидаги масала сессия кун тартибига киритилди. Қабул қилинган қарор туман аҳолисига самарали тиббий хизмат кўрсатишда муҳим ўринга эга бўлди.

Мухтасар айтганда, депутатлик гуруҳи аъзолари сайловчилар билан юзма-юз мулоқотлар жараёнида уларни ташвишлантираётган муаммоларни жойнинг ўзида ёки тезкорлик билан ҳал этиши сайловчилар ишончини оқлашда аҳамиятли бўлмоқда.

Замира АБДУЛЛАЕВА,

Ўзбекистон “Адолат”  СДП

Хоразм вилоят Кенгаши матбуот котиби

Юзма-юз мулоқотлар амалий ишларга йўл очмоқда was last modified: Октябрь 9th, 2017 by matbuot

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

« »