“Адолат” билимдони” танловининг Тошкент вилояти босқичи ғолиби аниқланди

21 Ноябрь, 15:20 • Кўрик-танлов, Тошкент вилояти, Янгиликлар • 208 марта кўрилди • Комментариев к записи “Адолат” билимдони” танловининг Тошкент вилояти босқичи ғолиби аниқланди нет

Куни кеча Ўзбекистон “Адолат” СДП Тошкент вилояти Кенгаши томонидан партиянинг Ватан келажаги ёшлар қўлида лойиҳаси доирасида “Адолат билимдони” кўрик-танловининг вилоят босқичи Тошкент давлат Иқтисодиёт университетининг фаоллар залида ўтказилди.

Мамлакатимизда ёшларнинг ҳуқуқий ва сиёсий билимини ошириш, мустақил фикрлаш қобилияти ва нутқ маданиятини ўстириш мақсадида анъанавий ўтказиб келинаётган танловнинг қуйи босқичларида 100 дан ортиқ ёшлар иштирок этди.

Ушбу кўрик танловда Тошкент вилояти Кенгашининг шаҳар, туман Кенгашларидан ташриф буюрган 14 нафар иштирокчи Республика босқичига йўлланма олиш учун беллашдилар.

Тадбирда ёшларнинг ҳуқуқий ва сиёсий билимлари, онгги ва маданиятини юксалтириш, уларни қомусимиз ва бошқа қонун ҳужжатларига ҳурмат руҳида тарбиялаш,   уларнинг фаол фуқаролик позициясини янада мустаҳкамлаш, Ватанга муҳаббат, келажакка ишонч руҳини шакллантириш, иқтидорли ёшларни аниқлаш ва уларни рағбатлантириш ҳамда Ўзбекистон “Адолат” СДП дастурий мақсад ва вазифаларини тарғиб қилишга эътибор қаратилди.

Иштирокчилар Ўзбекистон Республикаси Конституцияси, “Сиёсий партиялар тўғрисида”ги, “Ёшларга оид давлат сиёсати тўғрисида”ги ва бошқа қонунлари ҳамда 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясига оид топшириқларни қамраб олган “Таништирув”, “Сиёсий соҳадаги билимлар беллашуви” ва “Эркин мавзу” шартларида баҳслашишди.

Танловни Ўзбекистон “Адолат” СДП Тошкент вилояти Кенгаши раиси Умид Шоумаров кириш сўзи билан очиб берди ва иштирокчиларга  танловнинг мазмун-моҳияти, ёшларнинг жамиятда сиёсий фаоллигини оширишдаги аҳамиятига тўхталиб ўтди.

Унда  Зангиота, Қибрай, Оҳангарон, Бўка, Янгийўл Ўрта Чирчиқ, Бекобод,  Оққўрғон, Паркент, Бўстонлиқ туманлари ҳамда Чирчиқ, Олмалиқ, Бекобод ва Ангрен шаҳарларининг ўқувчи ёшларидан иборат жамоалар  иштирок этди.  Иштирокчиларнинг шартлар бўйича чиқишлари ҳакамлар ҳайъати томонидан адолат мезони асосида баҳоланди.

Беллашувда барча гуруҳлар ўзларининг сиёсий-ҳуқуқий билим ва маҳоратларини кўрсатишга ҳаракат қилишди.

Екатерина Аблаева, Халқ депутатлари Тошкент вилояти Кенгаши депутати:

  • Партиямиз томонидан анъанавий тарзда мазкур танловнинг ўтказилиши ёшларнинг ҳуқуқий билимларини мустаҳкамлашда, сиёсий фаоллигини юксалтиришда, иқтидор ва истеъдодларини эркин намойиш қилишларида муҳим аҳамиятга эгадир деб, ўйлайман. Танлов жараёнида ҳам кўриб турибмизки, иштирокчилар барча шартларда ўзларининг бор салоҳиятларини кўрсатишга ҳаракат қилишмоқда. Бу эса, бугуннинг ёшлари марра сари дадил қадам ташлагувчи ўғил-қизлар эканлигидан далолатдир.

Мазкур танловнинг ўтказилиши жамиятда қонун устуворлиги ва барқарорлигига эришиш, мамлакатимизда эркин демократик давлат, кучли фуқаролик жамияти барпо этишга кўмаклашиш, ёшлар ўртасида ҳуқуқий, сиёсий таълим-тарбияни янада такомиллаштириш, давлат ва жамият бошқаруви моҳияти ҳақида ёш авлодга тушунчалар бериш, ҳуқуқий демократик давлат барпо этишда ёшларнинг иштирокини таъминлаш, ёшларни ижтимоий-ҳуқуқий жиҳатдан қўллаб-қувватлашда катта аҳамиятга эгадир.

Вилоят миқиёсида ўтказилган ушбу тадбирда иштикорчилар ўзларининг чиқишлари орқали ҳакамлар ҳайъатининг эътиборини тортди десак, муболаға бўлмайди. Туманлардан ташриф буюрган ёшлар орасидан фақатгина бир иштирокчи ғолиб бўлса-да, энди уларнинг ҳар бирида бутун вилоятдан дўстлари борлиги туб мақсаднинг амалга ошганидан дарак беради.

Гулчеҳра Султонхонова, Ўрта Чирчиқ тумани Ахборот технологиялари ва сервис касб-ҳунар коллежи ўқувчиси, танлов ғолиби:

Сиёсий-ҳуқуқий соҳадаги билимларимизни синаб кўриш имконини берувчи ушбу танловда иштирок этиб, биринчи ўринни эгаллаганимдан жуда хурсандман. Юртимизда амалга оширилаётган ижтимоий-иқтисодий ва сиёсий жараёнларга оид саволларга жавоб беришда имкон қадар эгаллаган билимларимни кўрсатишга интилдим. Энди танловнинг республика босқичида ҳам муносиб иштирок этишга ҳаракат қиламан.

Якуний натижаларга кўра, 1-ўринни эгаллаган Ўрта Чирчиқ тумани ўқувчиси Гулчеҳра Султонхонова,  танловнинг Республика босқичига йўлланмани қўлга киритди. 2-ўринни Оққўрғон тумани иштирокчиси Шодия Саноқулова эгаллаган бўлса, 3-ўрин Қибрай тумани вакили Ойбек Каримовга насиб этди.

Ғолиб жамоалар ва фаол иштирок этганлар Ўзбекистон “Адолат” СДП Тошкент вилояти Кенгашининг дипломлари ва эсдалик совғалари билан тақдирландилар.

Зулайҳо ЧЎЛПОНОВА,

Ўзбекистон “Адолат” СДП

Тошкент вилояти Кенгаши

матбуот котиби

“Адолат” билимдони” танловининг Тошкент вилояти босқичи ғолиби аниқланди was last modified: Ноябрь 21st, 2017 by matbuot

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

« »