Адолат билимдонлари аниқланди

30 Ноябрь, 21:12 • Муҳим хабарлар, Тошкент шаҳри, Янгиликлар • 38 марта кўрилди • Комментариев к записи Адолат билимдонлари аниқланди нет

Жорий йилнинг 30 ноябрь куни Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 25 йиллиги муносабати билан Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партиясининг “Ватан келажаги ёшлар қўлида” лойиҳаси доирасида “Адолат билимдони” кўрик-танловининг Республика босқичи бўлиб ўтди.

Байрамона руҳда ташкил этилган тадбирда партия Сиёсий Кенгаши аъзолари, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари, Марказий аппарат масъул ходимлари, кўрик-танловнинг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар босқичи ғолиблари, “Ёш адолатчилар” қаноти аъзолари ҳамда партия фаоллари иштирок этди.

Танловнинг очилишида сўзга чиққанлар томонидан эътироф этилганидек, бугун жамият ҳаётининг қайси жабҳасига назар солмайлик, истиқболли ўзгаришларнинг гувоҳи бўламиз. Ана шу тарихий ислоҳотларда юртимиз ёшлари ҳам фаол иштирок этиб, халқ фаравонлигига ва юртимиз тараққиётига ўзларининг муносиб ҳиссаларини қўшмоқдалар.

Босиб ўтган мустақил тараққиётимиз даврида юртимизда ёшлар манфаатларини ҳимоя қилишга қаратилган бир қанча қонунлар қабул қилинди. Унда ёшларга оид давлат сиёсатининг мақсади ва вазифалари қатъий белгилаб қўйилди. Ўтган давр мобайнида мамлакатимиз қонунчилигида ёшларга доир яна қатор меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар ишлаб чиқилиб, изчил равишда ҳаётга татбиқ қилинди.

Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси ҳам бу борада олиб борилаётган давлат сиёсатини қўллаб-қувватлаган ҳолда, фаолиятининг дастлабки кунлариданоқ ёшлар масаласини устувор вазифалар сарасига киритди. Ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларда етакчилик сифатларини ривожлантириш, ташаббусларини рағбатлантириш ва бир қатор мақсадли вазифаларнинг амалга оширилиши натижасида партия сафларида ёшлар иштироки ортмоқда.

Алоҳида таъкидлаш жоизки, давлат ва жамият ишларида ёшларнинг иштироки, фаоллигини кучайтириш, ёшларнинг сиёсий, ҳуқуқий, тиббий, экологик маданиятини юксалтиришга ҳисса қўшиш, партия дастурий мақсад ва вазифаларини ёшлар орасида кенг тарғиб қилиш мақсадида “Ватан келажаги ёшлар қўлида”, “Фикр-ғоя-ҳаракат”, “Биргаликда юксак ҳуқуқий маданият сари”, “Конституция – адолат мезони”, “Ўзбекистон – инсон қадри улуғланган юрт”, “Фарзандлари соғлом юрт – қудратли бўлур”, “Яхши касб – етук мутахассис – муносиб иш ҳақи”, “Таълим муассаларида ижтимоий тенглик” каби лойиҳалар доирасида кўплаб сиёсий-ҳуқуқий ва тарғибот тадбирлари ташкил этиб келинмоқда.

Сўнги йилларда партия сафларида ёшларнинг иштироки сезиларли даражада ошганлиги “Адолат” СДПнинг халқимиз орасида танилиб бораётганлигидан далолат беради. Бугунги кунда партия умумий аъзолари 210 минг нафардан ортиқни ташкил этиб, шундан 37 фоиздан ортиғи, яъни 78 минг нафарга яқинини ёшлар ташкил этмоқда.

Ҳозирда партия сафларида ўзининг фаоллиги, интеллектуал салоҳияти, ижодий қобилияти билан юксак муваффақиятларга эришиб келаётган ёшлар кўпчиликни ташкил этади.

“Адолат билимдони” кўрик-танловининг мақсади ҳам ёшларнинг ҳуқуқий ва сиёсий билимлари, онги ва маданиятини юксалтириш, уларни Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва бошқа қонун ҳужжатларига ҳурмат руҳида тарбиялаш, ёшларда эркин фикрлаш қобилияти ва нутқ маданиятини ўстириш, уларнинг фаол фуқаролик позициясини янада мустаҳкамлаш, уларда Ватанга муҳаббат, келажакка ишонч руҳини шакллантириш, иқтидорли ёшларни аниқлаш ва рағбатлантириш ҳамда партия дастурий мақсад ва вазифаларини тарғиб қилиш, шунингдек, партия сафидаги энг фаол, ташаббускор, атрофдагиларга намуна кўрсатаётган ёшларни аниқлаш ва уларни муносиб рағбатлантириш, партия тизимида ташаббускор ва фаол ёшлар сонини кўпайтиришга қаратилганлиги билан аҳамиятлидир.

Кўрик-танловнинг ғолиб, совриндор ва иштирокчиларини рағбатлантириш ёшлардаги ташаббускорлик, дунёқарашнинг ғоявий ва мафкуравий жиҳатдан мустаҳкамлиги, ҳуқуқий саводхонлик, умумбашарий, миллий ва ижтимоий қадриятларни яхши ўзлаштирганлик, шахсий намуна ва нотиқлик қобилиятлари, жамоатчилик томонидан эътироф этилишига оид маълумотларни таҳлил этиш ва баҳолаш асосида амалга оширилди.

Танловнинг дастлабки туман, шаҳар ва ҳудудий босқичлари адолатлилик, очиқлик, ошкоралик, рақобат мезонлари асосида ўтказилди. Кўрик-танловда ўрта-махсус касб-ҳунар таълими муассасаларининг иккинчи ва учинчи босқич ўқувчиларидан иборат 900 нафарга яқин ёшлар иштирок этди. Танлов жараёни маҳаллий матбуот саҳифаларида, телевидение, “Адолат” ижтимоий-сиёсий газетаси ва партиянинг расмий веб-сайтида доимий равишда ёритиб борилди.

Якуний, яъни Республика босқичида ҳакамлар ҳайъати ҳар бир иштирокчининг белгиланган шартлар бўйича тайёрлаган чиқишларини талабчанлик билан баҳоладилар. Кўрик-танловнинг биринчи яъни, таништирув шартида ҳар бир иштирокчи ўзи таълим олаётган муассасаси, туман (шаҳар) партия ташкилотларининг сиёсий-ҳуқуқий ва ташкилий тузилмаси ҳақида монолог ёки бадиий кўринишда, мультимедиа воситаси орқали тақдимотлар қилди шунингдек, видеоролик тарзида ўзини таништиришди.

Иштирокчилар қолган шартлар бўйича ўз қобилиятларини томошабинлар олдида намойиш қилишди. Танлов иштирокчиларининг Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси менинг тасаввуримда” мавзусидаги ижодий ишлари шеър, расм, эссе, фотоальбом, тақдимот, видеоролик, реклама ролиги ва бошқа кўринишларда эркин тарзда тайёрланиши, ушбу ижодий ишлар орқали иштирокчиларнинг партия ҳақидаги тасаввури, партия танилувчанлигини янада ошириш борасидаги таклифлари йиғилганларда катта таассурот қолдирди.

Гулчеҳра Султонхонова, кўрик-танлов ғолибаси (Тошкент вилояти):

— Танловга таёргарлик жараёнида ўзимнинг билимларимнинг янада юксалишига эришдим, — деди кўрик-танловнинг ғолибаси Гулчеҳра Султонхонова — Танлов менга ҳуқуқий-сиёсий билимларимни янада бойитишга, ўзим қатори тенгдошларим билан яқин мулоқотда бўлиб, изланишлар олиб боришимга, энг асосийси, якуний босқичда иштирок этиб, мамлакатимизнинг барча ҳудудларидан иштирок этадиган тенгдошларим билан беллашиш имконини яратганлиги билан аҳамиятли бўлди. Ҳақиқатдан ҳам, бугун биз тарихий бир даврда – ҳалқимиз ўз олдига эзгу ва улуғ мақсадлар қўйиб, тинч осойишта ҳаёт кечираётган, авваломбор ўз куч ва имкониятларига таяниб, демократик давлат ва фуқаролик жамияти қуриш йўлида улкан натижаларни қўлга киритаётган бир замонда яшамоқдамиз, бу эса биз ёшлар қатори барчамиздан фидойилик талаб этади.

Асилбек Абдухамидов, кўрик-танлов иштирокчиси (Фарғона вилояти):

— Бир неча кундан буён танловнинг Республика босқичига тайёргарлик қилишим мени янада партияга бўлган меҳримни оширди. Ёш тенгдошларимнинг танлов шартларини бажаришдаги қобилиятлари, иқтидорлари, уларнинг сиёсий ва ҳуқуқий билимларини намоён этиши танловнинг жуда ҳам қизиқарли ўтишига сабаб бўлди. Мен ўз ҳудудимдан ғолиб чиқиб танловнинг Республика босқичида иштирок этишим зиммамга янада чуқурроқ масъулиятни юклади. Билдирилган ишончни оқлаш, танловнинг Республика босқичида ҳам фаол иштирок этиш, “Адолат билимдони” деган юксак номга эга бўлиш учун барча билим ва қобилятларимни ишга солдим.

Ялғашева Хумора, кўрик-танлов иштирокчиси (Самарқанд вилояти):

 — Танловга тайёргалик кўрган бўлсамда, тенгдошларимининг ҳар бир чиқишлари мен учун бир янгилик бўлди. Бу тадбирда биз ёшлар танишиб дўст орттирдик, партия “Ёш адолатчилар” қаноти фаоллари сифатида амалга ошираётган, режалаштирилган ишларимиз билан ўртоқлашдик. Биз ёшлар шуни истар эдикки партиянинг “Адолат” ижтимоий – сиёсий газетасида “Ёш адолатчилар” қанотидан лавҳалар мавзусида рукн ташкил этилса бунда ҳар ҳафтада белгиланган режа асосида, тенгдошларимизнинг амалга ошираётган ишлари ёритиб борилса мақсадга мувофиқ бўлар эди. Бундан ташқари бугун биз ахборот техналогиялари жадал ривожланган даврда яшаяпмиз, “Адолат билимдони” кўрик-танлови партиянинг расмий веб-сайтида ҳам электрон равишда ҳар ойлик ёки бир чораклик этиб ташкил этилса, ёшлар рағбатлантириб борилса сафимизга интилувчан ёшларни кўпроқ жалб этган бўлар эдик.

Бўлиб ўтган кўрик-танлов натижасига кўра, 1-ўринни Тошкент вилоятидан Гулчеҳра Султонхонова қўлга киритган бўлса, 2-ўринни Тошкент шаҳридан иштирок этган Зилола Ахмедова эгаллади. 3-ўринга эса, мос равишда Қорақалпоғистонлик Севара Ходжаниязова ҳамда Наманган вилоятидан келган қатнашчи Муштарий Юлдашевалар лойиқ деб топилдилар.

Тадбир якунида танлов ғолиблари ва иштирокчилари Ўзбекистон «Адолат» СДП Сиёсий Кенгашининг I, II, III даражали дипломлари, фахрий ёрлиқ ҳамда эсдалик совғалари билан тақдирландилар.

Адолат билимдонлари аниқланди was last modified: Ноябрь 30th, 2017 by admin

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

« »