Асосий мақсад — инновацион фаолиятни рағбатлантиришдир

30 Ноябрь, 15:48 • Қорақалпоғистон Республикаси, Муносабат, Янгиликлар • 139 марта кўрилди • Комментариев к записи Асосий мақсад — инновацион фаолиятни рағбатлантиришдир нет

   Ўзбекистон «Адолат» СДП ўз сайловолди дастурида белгиланган вазифаларни амалга оширишда, мамлакатимизни ҳар томонлама ривожлантириш ва иқтисодий ўсиш кўрсаткишларини таъминлаш жараёнларида инновацион тизимга алоҳида эътибор қаратади яъни, Ўзбекистонда инновация туридаги иқтисодиётни ташкил этишни муҳим вазифа деб ҳисоблайди.

Ўтган йиллар мобайнида партия Сиёсий Кенгаши ташаббускорлигида Олий Мажлис Қонунчилик Палатасидаги фракцияси ва  қатор ҳудудий Кенгашлар фаоллари томонидан бутун мамлакатимиз миқёсида инновацияга асосланган иқтисодиётнинг тараққий топишига эришишни тарғиб қилиш йўлида қатор чора-тадбирларни амалга ошириб келмоқда. Шулар қаторида партиямизнинг  2015-2019 йилларга мўлжалланган амалий ҳаракатлар Дастурида кўзда тутилган устувор вазифаларни ҳаётга татбиқ этиш мақсадида, Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги партия фракцияси аъзолари ҳамда Марказий аппарати масъул ходимлари томонидан ишлаб чиқилган бир қатор партиявий ва ижтимоий лойиҳалар қаторида «Инновацион фаолият – тараққиёт гарови» «Талабанинг кичик инновацион корхонаси» лойиҳаларини тилга олиш ўринли.

Мамлакатимиз тараққиётининг ҳозирги босқичида Муҳтарам давлатимиз раҳбари ташаббуси билан юртимизда илм – фан тараққий этишига, унинг ишлаб чиқариш билан узвий боғлиқлигини таъминлашга ва саноатнинг барча соҳаларига янги инновацион технологияларни босқичма-босқич жорий этишга қаратилган кенг кўламли чора-тадбирлар амалга ошириб келинмоқда.

 Айниқса, 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясининг қабул қилиниши, биз юқорида тилга олган эзгу ишларни янада кучайтиришга кенг имконият яратмоқда.

Ҳақиқатан ҳам, бугунгидек замон шиддат билан ўзгараётган ва ахборот технологиялари жадал суръатларда тараққий топиб, аҳоли сони ортиб, фуқароларимизнинг моддий ва маънавий ихтиёжлари ошиб бораётган бир даврда, барча соҳаларда сифатли ўсишни таъминловчи янгиликларни узлуксиз тарзда амалиётга жорий этишни тақозо этмоқда.

Ҳар қандай давлатнинг жаҳон ҳамжамиятида муносиб ўрин эгаллаши, албатта ушбу давлатнинг инновацион ғоялар ва ишланмалар билан қуролланганлигига боғлиқдир. Бугунги кунда Ўзбекистонда ишлаб чиқаришда инновация ва интеллектуал ҳиссанинг юқори улуши бўлган барқарор бозор иқтисодиётига ўтиш йўлида қатор муаммоларнинг ҳам тўпланиб қолганлиги ҳеч кимга сир эмас.

Ушбу муаммоларни ҳал қилиш, шунингдек, инновацион фаолиятни қўллаб-қувватлаш, инновацион ғоялар, ишланмалар ва технологиялар, илмий ютуқларни жорий этишни рағбатлантиришнинг институционал ва ташкилий-ҳуқуқий асосларини тубдан такомиллаштириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президентининг янгидан қабул қилинган “Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлигини ташкил этиш тўғрисида”ги фармони мамлакатимизда инновацион ривожланишни таъминлашда асосий дастуриламал ҳужжат бўлишини барчамиз яхши англаймиз.

Фармон билан стратегик режалаштириш тизимини яратиш, давлат бошқарувининг инновацион шаклларини амалга киритиш, фан ва инновация фаолиятини ривожлантиришнинг замонавий инфратузилмасини шакллантириш, инвестицияларни кенг жалб қилиш, ҳуқуқий базани такомиллаштириш, илмий-тадқиқот ва инновация фаолиятини қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантириш, ижтимоий ва иқтисодий ҳаётнинг долзарб соҳаларига илғор технологияларни фаол жорий этиш каби мамлакат инновацион ривожланишининг асосий йўналишлари белгиланганлиги ҳуқуқий томондан мустаҳкам, мамлакатимиз тараққиёти учун янги бир қадамни бошлаб берган ҳужжатнинг қабул қилинганлигини тасдиқлайди.

Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги ташкил этилганлиги ҳамда унинг мамлакатимизда инновацион ва илмий-техник ривожланиши соҳасидаги ягона давлат сиёсатини амалга оширувчи орган этиб белгиланганлиги мамлакатимиз илм-фан тарихидаги оламшумул янгиликларнинг бири бўлди.

Фармонда таъкидланганидек, вазирлик давлат илмий-техникавий дастурлари ва лойиҳаларининг ягона буюртмачиси ҳисобланиб, инновацион ғоялар, ишланмалар ва технологияларни жорий этиш бўйича давлат бошқарув органлари, илмий-тадқиқот, ахборот-таҳлил муассасалари ва бошқа ташкилотлар фаолиятини мувофиқлаштириб боради.

Фармон билан ташкил этилган Инновацион ривожланиш ва новаторлик ғояларини қўллаб-қувватлаш жамғармаси ўтказилаётган тадқиқотлар бўйича ҳисобот беришнинг шаффоф тизимидан фойдаланган ҳолда инновацион ғоялар ва уларни ишлаб чиқишни молиялаштиришнинг марказлаштирилган манбаси ҳисобланиши белгиланган.

Хулоса ўрнида айтадиган бўлсак, Ўзбекистон «Адолат» СДП сайловолди дастурида белгиланганидек, Муҳтарам юртбошимизнинг ушбу фармони, мамлакатимизда жорий этиладиган инновацион ғоялар билан ишланмаларнинг иқтисодиётимиз ўсишининг ҳаракатлантирувчи кучига айланишига, ёш инноваторлар билан ихтирочилар, ёш илмий тадқиқотчилар меҳнатини рағбатлантиришга ва аҳолимиз фаровонлигини таъминлашга хизмат қилиши билан аҳамиятлидир.

Рауаж ОТАРБАЕВ,

Ўзбекистон «Адолат» СДП

Қорақалпоғистон ҳудудий Кенгаши раиси ўринбосари

Асосий мақсад — инновацион фаолиятни рағбатлантиришдир was last modified: Декабрь 1st, 2017 by matbuot

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

« »