Атроф муҳит тозалигига эътибор саломатлик гарови

7 Ноябрь, 16:33 • Партия лойиҳаси, Тошкент шаҳри, Янгиликлар • 85 марта кўрилди • Комментариев к записи Атроф муҳит тозалигига эътибор саломатлик гарови нет

Экология, атроф-муҳит ва инсон саломатлигига оид вазифалар миқёси янгича ёндашувлар, жамоатчилик ва давлат тузилмалари ўртасидаги ҳамкорликни янада самарали даражага кўтаришни тақозо этмоқда. Зеро, атроф-муҳитни кўз қорачиғидек асраб-авайлаш давлат, жамият ва ҳар бир инсоннинг муҳим бурчидир.

Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси “Тозалик йўлида бирлашайлик” лойиҳаси ишлаб чиқилди. Шу муносабат билан мазкур лойиҳа доирасида атроф-муҳитни озода сақлашда кенг жамоатчилик, хусусан, мулкчилик шаклидан қатъий назар ташкилот ва муассасалар, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ва аҳолини жалб этган ҳолда оммавий ҳашарларни ташкил қилиш ва уларда фаол иштирок этиш белгиланган. Шунингдек, белгиланмаган жойларга чиқиндилар ташланишининг олдини олишга қаратилган тушунтириш-тарғибот ишларини олиб бориш ва бу борада жамоатчилик фикрини шакллантиришдан иборат.

Шу билан бирга, лойиҳа доирасида партия ташаббуси билан ҳар ҳафтанинг сешанба ва чоршанба кунлари маҳаллаларда ўтказилаётган сиёсий-ҳуқуқий ўқувлар ҳамда сайёр қабуллар вақтида аҳоли томонидан маиший чиқиндиларни оқава сувларга улоқтириш ёки белгиланмаган жойларга ташлаш, барг-хазонларни ёқиш, дуч келган жойларга сигарет қолдиқлари, писта пўчоқлари, баклашка, сақич ёки целлофан пакетларни улоқтириш каби ҳолатларни олдини олишга қаратилган тарғибот-тушунтириш ишлари олиб бориш белгиланди.

Хусусан, партиянинг Тошкент шаҳар Кенгашида ҳам бу борада амалий ишлар олиб борилмоқда. Лойиҳа доирасида Чилонзор туманидаги “Новза” ва Юнусобод туманидаги “Бодомзор” маҳалларини ободонлаштириш, тозалигини сақлаш мақсадида хашар ўтказилди.

— “Хашар – элга ярашар”, дейди доно халқимиз. Зеро, табиат мусаффолигини асраш, уни келажак авлодга бекаму-кўст етказиш бу биз ёши улуғларнинг вазифаси, — деди “Бодомзор” МФЙ раиси Шукрулло Умаров. — Айниқса, ҳозирги кунда сувни исроф қилиш, уни ифлослантириш каби иллатли ҳолатлар учраб тургани ачинарлидир.

Маълумот ўрнида қайд этиш керакки, жадал суръатлар билан ривожланаётган илм-фан, техника тараққиёти одамларнинг яшаш ва меҳнат шароити, турмуш даражаси яхшиланишига ижобий таъсир этиш билан бирга экологияда турли салбий ўзгаришларни келтириб чиқармоқда. Натижада ҳар йили жаҳонда тоза ичимлик суви танқислиги билан 12 миллиондан зиёд аҳоли азият чекмоқда, шунинг учун ўлим ҳолатларининг 25 фоизи турли юқумли ва ўта юқумли касалликларнинг тарқалиши сабабли содир бўлмоқда.

Бундай ҳолатларни олдини олишда ёш авлодда она табиатга ҳурмат руҳини шакллантириш орқали унга бепарво бўлмаслик, оби ҳаётни қадрлаш, тозаликка риоя қилиш маданиятини яратишга эришамиз. Бу эса инсоният саломатлиги ва узоқ умр кўриш гарови саналади.

— Шаҳарларимизни инлосланиши фуқароларнинг бепарволиги оқибатида содир бўлаётганини таъкидлаш керак, — деди партия Юнусобод туман Кенгаши раиси, Ўсмирлар диспансери бош шифокори Маҳбуба Арифханова. — Ҳатто шаҳардаги кўп қаватли уйларда яшовчи аҳоли орасида супуринди ва озиқ-овқат маҳсулоти чиқиндиларини деразадан кўчага улоқтириш ҳолатлари ҳам учрамоқда. Шуни унутмаслигимиз керакки, чиқиндиларни тўғри келган жойга ташлаш аҳоли ўртасида ичбуруғ, ичтерлама, вабо, вирусли гепатит, сил, гижжа сингари бошқа юқумли касалликларнинг кўпайишига олиб келади. Энг муҳими, юқумли касалликларнинг тарқатувчилари ташқи муҳитда сув ва тупроқда узоқ вақт сақланадилар ва касаллик чақириш қобилиятини сақлайдилар. Масалан: ичак таёқчаси микроби сувда 260, ичтерлама микроби 93, ичбуруғ микроби 26, вабо вибриони 30, вирусли гепатит А нинг вируси эса 45 кунгача, гижжа касалликларининг тухумлари бир неча ойгача яшайдилар ва касаллик тарқатадилар. Демак, атрофимизда шунчалик кўп ва хавфли микроблар яшар экан, фарзандларимизнинг ҳовлида ўйнаши, очиқ сув ҳавзаларида чўмилиши қанчалик хавфли эканлигини тасаввур қилиш қийин эмас.

Бундан кўриниб турибдики, аҳоли орасида, айниқса, болаларда учрайдиган кўпгина юқумли касалликларнинг асосий сабабчиси ўзимиз, яъни чиқиндиларни дуч келган жойга ташлаш каби салбий ҳолатлар туфайли келиб чиқмоқда.

Табиат ва атроф муҳит бир-бирига чамбарчас боғлиқлигини эътироф этадиган бўлсак, улар бир бутун тирик мавжудот эканлигини тушуниб етамиз. Инсон ҳам шулар таркибига киради ва унинг азалий ажралмас бўлаги ҳисобланади. Шунинг учун Она табиатга эҳтиёт бўлиб, авайлаб, ардоқлаб муомала қилишимиз зарур ва табиат қонуниятларига риоя қилишимиз, сир-асрорларини билишимиз, ўрганишимиз кераклигини ҳаётнинг ўзи кўрсатмоқда.

Феруз ЖЎРАЕВ,

Тошкент шаҳар Матбуот котиби

Атроф муҳит тозалигига эътибор саломатлик гарови was last modified: Ноябрь 7th, 2017 by matbuot

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

« »