Атроф-муҳитга беписандлик қачонгача?..

10 Ноябрь, 16:29 • Бухоро вилояти, Партия лойиҳаси, Янгиликлар • 74 марта кўрилди • 1 комментарий к записи Атроф-муҳитга беписандлик қачонгача?..

Мамлакатимизда табиатдан оқилона фойдаланиш, унинг бойликларини муҳофаза қилиш, табиат билан инсон ўртасидаги муносабатларни тартибга солиш борасида қатор амалий ишлар қилинмоқда, хусусан, тегишли қонунлар ишлаб чиқилиб, уни ҳаётга тадбиқ этишга катта эътибор қаратилмоқда. Ўзбекистон Республикаси Конституциянинг 50-моддасида ҳам “Фуқаролар атроф табиий муҳитга эҳтиёткорона муносабатда бўлишга мажбурдирлар”, деб қайд этилган. Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикасининг “Табиатни муҳофаза қилиш тўғрисида”ги, “Аҳолининг санитария-эпидемиологик осойишталиги тўғрисида”ги, “Экологик назорат тўғрисида”ги, “Сув ва сувдан фойдаланиш тўғрисида”ги, “Атмосфера ҳавосини муҳофаза қилиш тўғрисида”ги ва “Чиқиндилар тўғрисида”ги қонунларида фуқаролар томонидан атроф-муҳитни асраб-авайлаш, жойларда санитария-эпидемиологик осойишталикни таъминлашга қаратилган ҳуқуқий меъёрлар мустаҳкамланган. Демакки, ҳар биримиз табиат олдидаги бурчимизни, масъулият ва мажбуриятимизни ҳис этган ҳолда унинг белгилаб қўйилган вазифаларига риоя этмоғимиз зарур.

Бироқ афсуски, баъзан атрофга назар ташлар эканмиз, она табиатимизга, атроф-муҳитга беписандлик қилаётган фуқароларни кўриб ҳайратдан ёқа ушлаймиз. Ахир улар ҳам табиат берган неъматдан фойдаланиб келишяпти-ку!

Биз Ўзбекистон “Адолат” СДП Бухоро туман Кенгаши ходимлари айни мана шундай муаммоларнинг олдини олиш, беписандликка чек қўйиш мақсадида партиямизнинг “Тозалик йўлида бирлашайлик” лойиҳасига ўз ҳиссамизни қўшиш учун туманимизнинг баъзи жойларида бўлиб, ўрганиш ишларини олиб бордик. Фуқароларнинг ўзлари экологик муаммоларни келтириб чиқараётганлигининг гувоҳи бўлар эканмиз, албатта, буларнинг олдини олишда ҳамда она табиатга нисбатан эътибор билан ёндашишга чақирдик.

Халқ депутатлари Бухоро тумани Кенгаши депутати М.Набиев, Бухоро тумани ДСЭНМ бўлими ходими З.Рамазонова, партия фаоли Ҳ.Шарипов таркибдан иборат ишчи гуруҳ аъзоларимиз билан бирга тумандаги “Галаосиё” МФЙ ҳудудида бўлиб, қатор муаммоларга рўбаро келдик. Айниқса, “Навоий”, “Бухорошоҳ”, “Галаосиё” каби туман марказий кўчаларида нохуш ҳолатларни кўриб, дилимиз хира торди. Айрим фуқаролар томонидан маиший чиқиндиларни белгиланмаган жойларга ташланганлиги, барг-хазонларини ариқчаларда йиғиб қўйилганлиги ва ҳатто ёқиб юборилаётганлиги, бўшаб қолган ичимлик идишларининг йўл ёқасига ташланганлик ҳолатлари  нафақат аҳолига, балки келажак авлоднинг мукаммал тарбиясига ҳам катта зарар келтириши кундек равшан. Шунингдек, ҳудуддаги 2-умумтаълим мактаби ёнидаги ахлат уюмига эътиборсизлик билан қараш ҳам мактаб ўқувчилари ҳамда яқин атрофдаги хонадонларда яшовчи фуқаролар саломатлигига ўзининг салбий таъсирини кўрсатмай қолмайди. Наҳотки, инсон ўзи яшаб турган ҳудудга, она табиат ва экологияга шунчалик бепарволик билан ёндашса? Биз ишчи гуруҳ аъзолари ушбу ҳудуд фуқароларидан  муаммоларнинг юзага келиб чиқиш сабаблари ҳақида сўраганимизда, улар жавоб беришга бир озгина иймандилар. Демакким, асл сабабчилари фақатгина ўзлари. Шундай экан, доим табиатни асрашга, экологик муаммоларни келтириб чиқариш эмас, балки уларнинг олдини олишга ҳаракат қилмоғимиз зарур.

Ишчи гуруҳ аъзолари ана шундай хайрли ишларни амлга ошириш мақсадида ҳудуд фуқаролари С.Ҳалимов, Р.Гадоева, М.Аслоновларнинг хонадон атрофларини тозалашда ўз ҳиссаларини қўшишди. Фуқароларга атроф-муҳит тозалигига, хонадонларнинг озодалигига, маҳаллаларнинг ободлигига эътибор қаратиш лозимлигини таъкидлашди.

Юртни покиза сақлаш, ҳашарлар ташкил қилиш орқали маҳалла ва гузарларни тозалаш, ариқ ва зовурлар қазиш, боғ-роғлар яратиш ота-боболаримиздан қолган азалий қадриятлардан саналади. Биз авлодлар эса ана шундай азалий қадриятларнинг давомчиси бўлмоғимиз керак. Зеро, тозалик – соғлик гаровидир!

Гулчеҳра ТОЖИЕВА,

партиянинг Бухоро туман Кенгаши раиси

Атроф-муҳитга беписандлик қачонгача?.. was last modified: Ноябрь 10th, 2017 by matbuot

Атроф-муҳитга беписандлик қачонгача?.. учун битта шарҳ

  1. Равшан:

    Ушбу чикиндиларни Уз вактида олиб кетиш масаласида тухталмокчиман. Бизнинг СИРДАРЁ туман 2-«Ешлик» МФЙ Зардевор кучасида мана Уч хафтадан бери ахоои хонадонларидан чикаетган ахлат-чикиндилар хам туман тоза худуд ташкилоти ходимлари томонидан уз вактида олиб кетилмаяпти, бунинг окибатида кучамиз хусни бузилган, турли касалликлвр чикищ хавфи отбора кучайиб бормокда, Узи бу ташкилот ходимларидан ва рахбарларини назорат киладиганлар борми еки йукми ?

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

« »