Чиқиндидан… ёқилғи

17 Ноябрь, 14:57 • Жамият, Наманган вилояти, Янгиликлар • 316 марта кўрилди • Комментариев к записи Чиқиндидан… ёқилғи нет

Яқинда хизмат сафари билан Поп туманида бўлдик. 11-давлат ихтисослаштирилган мактаб-интернатининг ўзбек тили адабиёти ўқитувчиси Насибахон Султоновани давлатимизнинг юксак мукофоти «Меҳнат шуҳрати» орденига сазовор бўлгани билан қутладик. Шу муносабат билан ўтказилган чоғроқ йиғинда бир қатор сафдошларимиз ҳам иштирок этдилар. Чунки мазкур ўқув муассасасида элликдан ортиқ «Адолат» СДП аъзолари бор. Гап орасида юртимизда рўй бераётган ажойиб ўзгаришлар, ижтимоий-иқтисодий тараққиётда эришилаётган ютуқлар ҳақида ҳам фикрлар билдирилди. Суҳбатдошларимиздан бири яқинда туманда кўмир брикетлари ишлаб чиқарадиган завод ишга тушганини тилга олди. Мамлакатда ҳозирча ягона ҳисобланган ушбу корхона ноёб технологияларга эга экан. Ана ўшанда бизда  шу корхона фаолияти билан танишиш истаги пайдо бўлганди.

Аввало, шуни айтиш керакки, мамлакатимизнинг бошқа минтақаларида бўлгани каби Наманган вилоятида ҳам қишлоқ туманларининг саноат салоҳиятини оширишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Мавжуд қувватларни реконструкция қилиш ва кенгайтириш билан бирга янги корхоналар ҳам барпо этилмоқда. Бу эса қатор ижтимоий муаммоларни, хусусан, аҳоли, айниқса, ёшлар бандлиги масаласини ҳал этишда муҳим аҳамиятга эга бўлаётир.

Санг – Поп туманидаги йирик қишлоқлардан бири. Яқин пайтгача  маҳаллий тадбиркорлар ташкил этган бир нечта кичик корхона ва турли хизматлар кўрсатишга ихтисослашган устахоналар фаолият кўрсатарди, холос. Шу йил ёзида эса  бу ерда дастлабки замонавий корхлна қад кўтарди. Биз «Ўзбекистон темир йўллари» акционерлик компанияси»га қарашли кўмир брикетлари заводини назарда тутмоқдамиз.

Дарвоқе, июль ойида Наманган вилоятига ташрифи чоғида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ҳам мазкур корхонада бўлди. Давлатимиз раҳбари ишлаб чиқариш жараёни билан танишиш асносида маҳсулот таннархи, унинг хусусиятлари билан ҳам қизиқди. Брикетнинг бошқа анъанавий ёқилғи турларидан фарқи, бир қатор афзалликлари, жумладан, арзонлиги қайд этилди. Шунингдек, уни исталган жойга, узоқ манзилларгача етказиш мумкин. Бунинг учун албатта, лоййиҳа қувватини тезроқ ўзлаштириш билан бирга мамлакатимизнинг бошқа минтақаларида ҳам дилерлик бўлимларини ташкил этиш тавсия қилинди.

— Корхонамиз қурилишига ўтган йил охирларида киришилган эди, — дейди завод директори Ҳурматбек Аҳмедов. – Лойиҳа-смета ҳужжатларини “Тоштемирйўллойиҳа”масъулияти чекланган жамияти мутахассислари томонидан ишлаб чиқилди. Темир йўл яқинлигидан, хом ашёни келтириш ва тайёр маҳсулотни жўнатишда ҳам қулайлик бор. Ўтган йили Ангрен-Поп йўналишида Қамчик жовони орқали воездлар қатнови цўлга қўйилганлиги ҳам нур устига нур бўлди.

Шу ўринда янги корхона қурилиши юқори суръатда олиб борилганлигини айтиб ўтиш лозим. Бинокорлар заводнинг барча бино ва иншоотларини жадал суръатда тикладилар. Бир вақтнинг ўзида ускуналарни ўрнатиш ва созлаш ишлари ҳам олиб борилди. Заводни ишга тушириш учун жами 7 миллион АҚШ доллари миқдорида сармоя йўналтирилди. Шунинг эвазига йилига 500 минг тоннага яқин брикет ишлаб чиқарадиган қувватлар барпо этилди.

Дарвоқе, заводдаги барча технология ускуналари Хитой Халқ Республикасида ишлаб чиқарилган. Ушбу мамлакатдан келган мутахассислар маҳаллий ишчилар ва муҳандислар билан ҳамкорликда қисқа муддатда зиммаларидаги вазифани уддалаб, белгиланган муддатдан илгари корхона фаолиятини бошлаши учун имконият яратдилар. Натижада 180 та янги ишчи ўрни яратилди. Уларни маҳаллий ёшларнинг вакллари эгалладилар ва бугунги кунда мураккаб учкуналарни ҳам маҳорат билан бошқармоқдалар. Ҳар куни ўнлаб брикет юкланган вагонлар савдо тармоқларига жўнатилмоқда. Яқинда завод қошида ҳам фирма дўкони очилди. Бу ерда 3, 5, 10, 20 ва 30 килограммдан қилиб қадоқланган маҳсулотни сотиб олиш мумкин. Худди шундай дўконлар республиканинг бошқа вилоят марказларида ҳам ташкил этилмоқда.

Кўмир қазиб чиқариш жараёнларини биладиган кишилар қазиб олинадиган маҳсулотнинг қарийб тўртдан бир қисми майда бўлаклар ва кукундан иборатлигини яхши биладилар. У кўп иссиқлик ҳам бера олмайди. Шунинг учун истеъмолчиларга унчалик ёқиб тушмайди. Бироқ уни қайта ишлаб, брикет ҳолатига келтириш вазиятни бутунлай ўзгартириб юборади. Яъни чиқинди ҳолатидаги хои ашёдан юқори сифатли маҳсулот тайёрланади.

Майда кўмир ва кукун брикетга айланганга қадар қайта ишланади. Бу жараён бир неча босқичдан иборат. Дастлаб кўмир конларидан келтирилган хом ашё янада майдаланади, қиздирилади, совутилади, қуритилади, кейин сув ёрдамида намлиги 18-20 фоизгача етказилади. Бу орада маҳсулотнинг қайишқоқлигини оширадиган моддалар ҳам қўшилади. Шундан сўнггина юқори босим остида ишлайдиган пресс майда кўмир ва кукун қоришмасини брикет ҳолатига келтиради. У кўринишидан ҳаммамизга болаликдан  яхши таниш ширинлик — пряникни эслатади. Фақат ранги оқ эмас, балки қора.

Брикетнинг афзалликлари ҳақида гап кетганди, аввало у исталган масофага ташиш учун қулайлигини айтиш ўринлидир. Бундан ташқари, ёнганда ҳосил бўладиган иссиқлик ҳарорати жуда баланд. Шунингдек, у чўғга айланиш жараёни анчи узоқ бўлишига қарамай, тутн ва газни деярли чиқармайди. Ҳосил бўладиган кул миқдори ҳам ниҳоятда оз. Ана шу сифатлари учун у истеъмолчилар эътиборини тортмоқда.

Ўтган бир неча ой давомида брикет заводининг самарадорлигига “Ўзбекистон темир йўллари”да ҳам юқори баҳога сазовор бўлди. Бизга маълум қилишларича, айни пайтда мамлакатимизнинг бошқа минтақаларида яна иккита шундай завод қуриш режалаштирилмоқда. Улар ҳам Ўзбекистоннинг ёнилғи-энергетика соҳаси қувватининг янада ошишига муҳим ҳисса бўлиб қўшилиши шубҳасиз.

Нурбек АБДУЛЛАЕВ,

Ўзбекистон “Адолат” СДП

Наманган вилоят Кенгаши матбуот котиби

Чиқиндидан… ёқилғи was last modified: Ноябрь 17th, 2017 by matbuot

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

« »