Электорат манфаатларини самарали ҳимоялашнинг долзарб масалалари

27 Ноябрь, 15:57 • Муҳим хабарлар, Навоий вилояти, Семинар, Янгиликлар • 58 марта кўрилди • Комментариев к записи Электорат манфаатларини самарали ҳимоялашнинг долзарб масалалари нет

Навоийда ўтказилган республика ўқув-семинарида ана шу масала муҳокама этилди

Ўзбекистон “Адолат” СДП Сиёсий Кенгаши ташаббуси билан жорий йилнинг 23-24 ноябрь кунлари Навоий вилоятида “Маҳаллий Кенгашларда партия позицияси ва электорат манфаатларини ифода этишнинг долзарб масалалари” мавзусида республика ўқув-семинари ташкил этилди.

Партия Сиёсий Кенгаши Марказий аппарати ва ҳудудий Кенгашларининг масъул ходимлари, Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракция аъзолари, халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларидаги депутатлик гуруҳлари раҳбарлари, партия фаоллари ҳамда кенг жамоатчилик иштирок этган. Тадбирнинг  биринчи иш куни Навоий шаҳридаги Алишер Навоий ҳайкали пойига гулчамбар қўйиш маросимидан бошланди. Шундан сўнг иштирокчилар Ўзбекистон “Адолат” СДП Навоий шаҳар ва Кармана туман Кенгаши, тумандаги “Талқоқ” МФЙдаги “Адолат қабулхонаси” ҳамда “Grant-farm” хусусий дорихонасига ташкил этилган БПТ,   вилоят ОИТС маркази қошидаги бошланғич партия ташкилоти фаолияти, мазкур муассасаларда яратилган шароитлар, иш услублари ва тажрибаларбилан танишишди. Шунингдек, халқ депутатлари Кармана туман Кенгашининг намунали сессия жараёнида, Навоий вилоят Кенгашининг депутатлар билан ишлаш фаолияти жараёнлари билан танишиб, ўзаро тажриба алмашдилар.

Кармана туманидаги “Камалак” Мактабгача таълим муассасасида Партиянинг фаол аъзоларидан бири  Жонибек Шухратов томонидан  барпо этилган “Таффакур майдончаси”  ўқув-семинар иштирокчиларда қизиқиш уйғотди.

Тадбирнинг иккинчи иш кунида маҳаллий вакиллик органларидаги партия депутатлик гуруҳлари фаолияти самарадорлигини янада оширишга доир маърузалар тингланиб, бу борадаги мавжуд ҳолат, ютуқ ва камчиликлар атрофлича таҳлил этилди.

Семинарни Ўзбекистон “Адолат” СДП Сиёсий Кенгаши раисининг ўринбосари Абдукамол Рахмонов кириш сўзи билан очди ва олиб борди.

Таъкидланганидек, мамлакатимиз ижтимоий-сиёсий ҳаётида сиёсий партиялар фаолияти алоҳида ўрин тутади. Айниқса, шу йилнинг 12 июлида Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.Мирзиёев раислигида ўтказилган видеоселектор йиғилишидан сўнг партиялар фаоллиги ва ташаббускорлигиянада ортди. Айниқса, ҳудудларда кўзга ташланаётган турли соҳаларга оид муаммоларга ечим топиш, аҳолини ўйлантираётган долзарб масалаларни ҳал этишда партия ташкилотлари ҳамда улардан сайланган халқ вакилларининг ўрни ва роли муҳим аҳамият касб этмоқда.  Мазкур  ўқув-семинардан кўзланган мақсад ҳам маҳаллий Кенгашларда аҳоли, хусусан, сайловчилар ҳамда электорат манфаатларини таъминлашнинг долзарб вазифаларини муҳокама этиш, бу борада фаол бўлган Кенгашлар тажрибасини оммалаштиришдан иборатдир.

Маърузаларда қайт этилганидек, электорат манфаатларини самарали таъминлаш, энг аввало, мамлакатда қабул қилинаётган муҳим ҳуқуқий ҳужжатлар, хусусан, қонунлар орқали амалга оширилади. Шу маънода, партиянинг Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракцияси ҳам бу борада тегишли қонунларга ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш, қабул қилинаётган янги қонун лойиҳаларига электорат манфаатларидан келиб чиқиб, тегишли таклиф ҳамда тавсиялар билдираётгани эътиборга молик. Хусусан, кенг жамоатчилик кўп йиллардан буён кутаётган, жамиятда ижтимоий адолат ва қонунийликни таъминлашда муҳим аҳамиятга эга, 2009 йидан буён партия сайловолди дастурида илгари суриб келинаётган “Жамоатлик назорати тўғрисида”ги қонун лойиҳаси муҳокамасида фракциянинг 30 дан ортиқ таклиф ва тавсиялари инобатга олинди. Эътиборлиси, депутатлар таклифлари асосида қонун лойиҳасининг ўнга яқин моддалари такомиллаштирилди.

Шунингдек, “Сиёсий партиялар тўғрисида”ги қонунга янги — 142-модда киритилишини назарда тутувчи қонун лойиҳаси ҳам Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари фаолиятининг самарадорлигини ошириш, уларнинг халқ билан мулоқот механизмларини янада такомиллаштириш, нафақат ўз сайловчилари балки ҳудудий партия ташклотлари билан ҳам ҳамкорлигини янада кучайтиришга хизмат қилади. Умуман олганда, сўнгги йилларда қабул қилинган ва муҳокама этилаётган барча қонун лойиҳаларида фракция аъзолари ўз ташаббус ва таклифлари билан фаол иштирок этишмоқда.

Шу билан бирга, ҳудудий Кенгашлардаги депутатлик гуруҳлари зиммасида ҳам бу борада улкан масъулият бор. Шу боис партия ташкилотлари ҳамда депутатлик гуруҳлари бу борада ўзаро ҳамкорликда самарали фаолият олиб бориши ҳудудларда электорат манфаатларини таъминлашда муҳим аҳамият касб этади.

Маълумки, депутатнинг асосий ваколатларидан бири депутатлик сўрови билан боғлиқ. Ўзбекистон Республикасининг “Халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгаши депутати мақоми тўғрисида”ги қонунининг 8-моддасигакўра, депутат тегишли ҳудудда жойлашган давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг мансабдор шахсларига уларнинг ваколатларига кирадиган масалалар юзасидан асослантирилган тушунтириш бериш ёки ўз нуқтаи назарини баён қилиш талаби билан депутатлик сўрови юборишга ҳақлидир. Бундан ташқари, депутат ёки депутатлик гуруҳи ташаббуси билан турли долзарб масалалар маҳаллий Кенгашлардаги доимий комиссиялар ҳамда сессияларда муҳокама этилиши мумкин. Ўқув-семинарда сўровлар юбориш тартиби, маҳаллий Кенгаш доимий комиссиялари ҳамда сессияларга масалалар олиб чиқишнинг қоидалари ҳақида батафсил тушунчалар берилди. Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси қонунлари, Президент қарор, фармон ҳамда фармойишлари, ҳукумат қарорлари ва бошқа меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар ижроси устидан назорат ўрнатишни ташкил этишнинг долзарб масалалари муҳокама этилди.

Ўқув-семинарда, шунингдек, депутатлар фаолиятида учраётган долзарб муаммолар ва уларнинг ечими, халқ вакилларининг самарали фаолиятини ташкил этишнинг муҳим вазифалари муҳокама этилди. Партия ва депутатлар ўртасидаги ҳамкорлик, партия лойиҳаларининг амалиётга татбиқ этилишида депутатларнинг ўрни ва роли ҳақида батафсил сўз юритилди. Партия дастурий вазифаларидан келиб чиқиб, сессияларга масала киритишнинг Навоий вилояти тажрибаси ўрганилди.

Бунда партиянинг вилоят, туман ва шаҳар  ташкилотлари ҳамда депутатлик гуруҳлари томонидан партиявий лойиҳалар доирасида ўтказилган тадбирлар, сайёр қабуллар депутатлар учрашувларида кўтарилган масалалар, “Адолат қабулхоналари”га келиб тушган мурожаатлар асосида муаммолар таҳлили орқали аниқланаётганлиги улар дастлаб депутатлик гуруҳлари  йиғилишларида атрофлича кўриб чиқилиб, Кенгашлар сессияларга масалалар киритаётганлиги ижобий самара берганлиги қайд этилди. Шунинг натижасида 2017 йил давомида халк депутатлари маҳаллий Кенгашларида сессияларига 19 та  масала киритилиб, уларда кўтарилган муаммоларни бартараф этиш юзасидан тегишли қарорлар  қабул қилинишига эришилди ва уларнинг ижроси назоратга олинди.

Семинар қатнашчиларнинг Навбаҳор туманидаги Ўзбекистон маҳалласи аҳли ҳамда унинг ҳудудидаги 21-сонли умумтаълим мактаби ўқтувчилар жамоаси билан учрашуви қизғин мулоқотларга бой бўлди. Унда сўз олганлар, жумладан, маҳалла фуқаролар йиғинларининг раиси Барака Каримов Ўзбекистон “Адолат”  СДП  томонидан амалга оширилаётган  амалий  ишлар жумладан “Тозалик йўлида бирлашайлик” лойиҳаси улар томонидан  тўлиқ қўллаб-қуватланаётганлигини билдирди.

— Навоийдаги семинар  барчамиз учун  жуда фойдали бўлди, — дейди тадбир қатнашчиси, халқ  депутатлари Самарқанд  вилояти Кенгашидаги Ўзбекистон “Адолат” СДП депутатлик гуруҳи аъзоси Алишер Муқимов. — Бу  фаолиятимизни бугунча талаблар даражасида такомиллаштириш, партиямиз нуфузини янада оширишга хизмат қилади.Ўқув семинарда муҳокама этилган масалалар юзасидан  тегишли таклиф-тавсиялар ишлаб чиқилди.

Олим ХЎЖАЕВ,

“Адолат” мухбири

Электорат манфаатларини самарали ҳимоялашнинг долзарб масалалари was last modified: Ноябрь 27th, 2017 by matbuot

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

« »