Эзгу ишга бирлаштирган лойиҳа

14 Ноябрь, 17:20 • Қорақалпоғистон Республикаси, Партия лойиҳаси, Янгиликлар • 55 марта кўрилди • Комментариев к записи Эзгу ишга бирлаштирган лойиҳа нет

“Тозалик йўлида бирлашайлик” лойиҳаси доирасида Қорақалпоғистон Республикаси бўйлаб жами 700 дан ортиқ партия фаоллари иштирок этди, 20 километрдан ортиқ йўллар атрофи ободонлаштирилди.

Ўзбекистон “Адолат” социал демократик партияси ташаббуси билан амалга оширилаётган “Тозалик йўлида бирлашайлик” лойиҳасини Қорақалпоғистонлик партиядошлар ҳам катта қизиқиш ва хурсандчилик билан қарши олдилар.

Ўтган ҳафтанинг шанба куни партиядошлар томонидан Қорақалпоғистон бўйлаб ўтказилган кўча, хиёбонларни тозалаш, ободонлаштириш ишларида партиянинг барча шаҳар ва туман Кенгашлари раислари, халқ депутатлари маҳаллий  Кенгашлари депутатлари, фахрийлар бош бўлиб, жойлардаги БПТлар аъзолари ҳамда «Ёш адолатчилар қаноти» вакиллари жалб қилинди.

Ҳақиқатан ҳам халқимизнинг кўп минг асрлик қадриятларидан саналган ҳашар — юртимиз жамолининг янада чирой очиши, фуқароларимизнинг саломатлиги ва ёш авлодларимизнинг соғлом ва маънавий томондан юксак авлодлар бўлиб вояга етишларида юксак аҳамиятга эга.  Партия томонидан ишлаб чиқилган лойиҳа эса мана шундай эзгу анъаналаримизнинг давомийлигини таъминлашга хизмат қилиши билан аҳамиятлидир.

Айнан кузнинг охирги ойида, қолаберса жонажон ватанимиз бош қомуси қабул қилинганлигининг 25 йиллик тўйи арафасида ташкил этилган тозалик ишларида маҳаллаларда яшовчи хонадон эгалари ҳам хайрихоҳлик билдирдилар. Ҳақиқатан ҳам ташаббускорлик бўлса, эзгу мақсад ва эзгу ишни қўллаб-қувватламайдиган инсоннинг ўзи бўлмаса керак.

 

Партиянинг Нукус шаҳар Кенгаши томонидан олиб борилган ободонлаштириш ишларида партия Қорақалпоғистон ҳудудий Кенгаши ва шаҳар Кенгаши ходимлари, «Аёллар» ва «Ёш адолатчилар» қаноти фаоллари, ҳамкор ташкилотлар вакиллари фаол иштирок этишди. А.Темур ва У.Татибаев кўчалари бўйлари олиб борилган ободонлаштириш ишлари ушбу кўчалар атрофининг янада кўркам бўлишига хизмат қилди.

Чимбой туман Кенгаши томонидан ташкил этилган ободонлаштириш ишларида “Қоракўл” ва “Гужимли” маҳалла фуқаролар йиғинларига бириктирилган бошланғич партия ташкилоти аъзолари иштирок этган ҳашарда маҳалла фуқаролар йиғини ходимлари ҳам қатнашиб, ҳудуддаги хонадонларда яшовчи фуқароларни жалб қилишда ўз ёрдамларини кўрсатди.

“Ҳашар элга ярашар” деган сўз бекорга айтилмаган. Ҳашар давомида йиғилган чиқиндилар  ҳамкор ташкилотлар кўмагида олиб чиқилиб, кўча бўйларидаги дарахтларга шакл берилди.

Элликқаълалик партиядошлар лойиҳа доирасида ташкил этилган ҳашарда бир гуруҳ “Ёш адолатчилар қаноти” аъзолари билан иштирок этишга муваффақ бўлишди, шунингдек уларга маҳаллада яшовчи уюшмаган ёшлар ҳам жалб этилиб, ёшлар иштирокидаги ободонлаштириш ишлари кўпчиликнинг олқишига сазовор бўлди.

“Бўстон” шаҳри “Бўстон” маҳалласи ҳудудида партия ташаббуси билан ободонлаштириш ишларини олиб борган ёшлар, ўзларининг ушбу эзгу ишда иштирок этаётганлигидан мамнунлигини билдирди.

— “Тозалик йўлида бирлашайлик” лойиҳаси доираси ташкил этилган ҳашарда иштирок этиб, ўз маҳалламнинг янада кўркам бўлишига улуш қўшганлигимдан бахтиёрман, — дейди “Бўстон” академик лицейи 3-босқич талабаси Дилдора Йўлдошева. — Бизларни эзгу анъана, эзгу ишга чорлаган партиямиз фаолларидан миннатдормиз.

Қўнгирот туман партия Кенгаши томонидан ташкил этилган ҳашарда тумандаги қатор БПТлар аъзолари фаол иштирок этишди. Айниқса, Қунғирот темир йўл санатория-профилакторияси ва тиббиёт бирлашмаси ходимларидан иборат партиямиз аъзолари ўзлари меҳнат қилаётган бино атрофи ва кўча буйларини тозалаш ишларида жонбозлик кўрсатиб, ҳайрихоҳларни ҳам жалб қилишга эришдилар.

Ушбу БПТлар фаоллари дарахтлардан тушган хазонларни ерга чуқур қазиб, кўмиб, ўғит сифатида фойдаланишга муваффақ бўлишди ва бу ишни ҳар бир хонадонда ҳам қилиш лозимлигига барчани чақирди.

Мана шундай ҳашар партиянинг бошқа барча туман кенгашлари томонидан ҳам уюшқоқлик билан ташкил этилиб, Қорақалпоғистон Республикаси бўйлаб жами 700 дан ортиқ партия фаоллари иштирок этди, 20 километрдан ортиқ йўллар атрофи ободонлаштирилди.

Албатта, инсоннинг муносиб ҳаёт кечириши ва жамиятнинг барқарор ривожланиши учун бошқа омиллар қаторида экологик таълим ва тарбия ҳам муҳим аҳамият касб этади.

Бир сўз билан айтганда озодлик ва ободлик бир-бирига яқин тушунчалар, ҳар иккаласи ҳам инсоннинг муносиб ҳаёт кечиришлари учун хизмат қилади.

Рауаж ОТАРБАЕВ,

Ўзбекистон “Адолат” СДП

Қорақалпоғистон ҳудудий Кенгаши раиси ўринбосари

Эзгу ишга бирлаштирган лойиҳа was last modified: Ноябрь 14th, 2017 by matbuot

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

« »