Фаолият танқидий таҳлил этилди

7 Ноябрь, 16:29 • Сиёсий ўқув, Хоразм вилояти, Янгиликлар • 74 марта кўрилди • Комментариев к записи Фаолият танқидий таҳлил этилди нет

Маълумки, Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси фаоллари томонидан жойларда сиёсий ўқувлар ташкил этилиб, унда фуқароларнинг сиёсий-ҳуқуқий билимларини ошириш билан бир қаторда  давлатимиз раҳбарининг олиб бораётган одилона сиёсати, юртимиз тараққиёти учун қабул қилинаётган қарор, фармонларнинг мазмун-моҳияти, ижроси ва натижаси, юртимизда олиб борилаётган бунёдкорликлар ва амалга оширилаётган ислоҳотлар ҳамда “Адолат” социал-демократик партиясининг дастурий ғоялари, мақсад ва вазифалари тўғрисида атрофлича тушунчалар берилиб, дилдан суҳбатлар қурилмоқда. Айниқса, Давлатимиз раҳбарининг воҳамизга ташрифи партиямиз фаоллари томонидан мамнунлик билан эътироф этилмоқда.

Партиянинг вилоят Кенгашида бўлиб ўтган сиёсий ўқув ҳам иштирокчиларнинг фаоллигида кечди. Ўқувга партиянинг вилоят, шаҳар, туман Кенгаши ходимлари, фаоллари, депутатлари, БПТ раислари иштирок этишди. Тадбирни вилоят Кенгаши раиси Икрам Абдуллаев кириш сўзи билан очиб берди. Ўқувнинг биринчи қисмида у давлатимиз раҳбарининг  жорий йилнинг 14-15 октябр кунлари вилоятимизга ташрифи тўғрисида гапирди. Унда Президентимизнинг  вилоятимизга ташрифи Хоразмнинг иқтисодий ривожланиши, сайёҳлик салоҳияти, ижтимоий ҳаётини янги босқичга кўтаришда тарихий аҳамиятга эга эканлиги тўғрисидаги фикр ва мулоҳозалари иштирокчиларнинг диққат марказидан жой олди. Шу билан биргаликда Давлатимиз томонидан янги қабул қилинган қарор ва фармонлар тўғрисидаги маърузалар тингланди.

Ўқувнинг иккинчи қисмида партиянинг шаҳар ва туман Кенгашлари фаолияти танқидий тахлил этилди. Унда қайд этилишича, партиянинг “Фарзандлари соғлом юрт-қудратли бўлур” лойиҳаси доирасида мактаб ва мактабгача таълим муассассаларидаги тиббиёт хоналарининг аҳволини ўрганиш натижалари бўйича фақат халқ депутатлари Урганч шаҳар, Хонқа, Урганч, Хива, Янгиариқ ва Шовот туманлари сессиясига масала киритилди, холос. Партиянинг “Адолат-қонун устиворлигида” лойиҳаси доирасида “Давлат хўжалик бошқаруви органлари ҳамда хўжалик юритувчи субъектлар томонидан ходимлар меҳнат фаолиятига оид ҳужжатларни давлат архивларига топшириш, жойларда ушбу соҳага оид қонунчиликка амал қилиш ҳолатлари юзасидан” жамоатчилик назорати тартибида олиб борилган ўрганиш ишлари ва “Жамоатчилик назорати-қонун устиворлигининг гарови” лойиҳаси Концепцияси доирасида жойларда ички йўллар ҳолатини ўрганиш, аниқланган муаммо ва камчиликларни бартараф қилиш бўйича тегишли ишларни йўлга қўйиш ҳамда шаҳар, туман Кенгашлари сессияларига масала киритиш белгиланган бўлсада,  шу кунгача битта ҳам туман Кенгаши томонидан сессия кун тартибига масала киритилмаган. Шунингдек, Гурлан, Янгибозор, Хива туман Кенгашлари фаолиятини оммавий ахборот воситалари орқали ёритиб боришни яхши деб бўлмайди.

Бундан ташқари йиғилиш давомида партия лойиҳалари доирасида амалга оширилаётган ишларнинг бориши, аъзолик бадали тушумлари, ҳафталик ва ойлик хисоботлар, “Адолат” ижтимоий-сиёсий газетасига обуна ва бошқа масалаларни белгиланган муддатда бажарилиши борасида  сусткашликка йўл қўйган туман Кенгашлари раисларига тегишли кўрсатмалар берилди.

Азизбек Эркинов, партиянинг Қўшкўпир туман Кенгаши раиси:

— Бу каби йиғилишларни тез-тез ташкил этилиши фаолиятимизда аҳамиятли эканига ишонч ҳосил қилдим. Ҳар галги ўқувда мени ўйлантираётган, фаолиятимда жуда муҳим бўлган масалаларни ечимини топишга эришишим билан бирга танқидий фикрлардан, хулоса чиқарган ҳолда ишимга бўлган маъсулият янада ошади. Бугун кўплаб камчиликлар қаторида сессияга масала киритишдаги муаммолар ҳам ўртага ташланди ва қаттиқ танқид остига олинди.  Хозирданоқ бу муаммоларни ижобий ҳал этиш учун чуқурроқ киришаман.

Сиёсий ўқиш сўнгида йўл қўйилган хато ва камчиликларни бартараф этиш билан биргаликда партия ходимларининг сиёсий билимларини оширишга қаратилган таклиф ва тавсиялар  берилди.

 Замира АБДУЛЛАЕВА,

Ўзбекистон “Адолат” СДП

Хоразм вилоят Кенгаши матбуот котиби

Фаолият танқидий таҳлил этилди was last modified: Ноябрь 7th, 2017 by matbuot

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

« »