Фарғоналик “Адолат” билимдони» аниқланди

20 Ноябрь, 16:47 • Партия лойиҳаси, Фарғона вилояти, Янгиликлар • 184 марта кўрилди • Комментариев к записи Фарғоналик “Адолат” билимдони» аниқланди нет

Ўзбекистон — ёшлар ардоқланадиган, чексиз имкониятларга тўла болажон диёр. Шу боис мамлакатнинг бош қомусида ҳам, миллий қонунчилигида ҳам, сиёсий партияларнинг Сайловолди дастурларида ҳам ёшларнинг эркин ўсиб-улғайишлари, ўқиб изланишлари, турли соҳаларда фаолият юритиб, ютуқларга эришишлари учун етарлича ҳуқуқий эркинликлар, имтиёзлар белгилаб қўйилган.

Куни кеча партиянинг Фарғона вилояти Кенгашида бўлиб ўтган “Адолат билимдони” кўрик-талови ҳам ёшларимиз учун катта имконият майдони бўлди. Ушбу вилоят босқичи жараёнига қадар маҳаллий партия ташкилотларида туман-шаҳар саралаш босқичлари кўтаринки руҳда ташкил этилди ва танлов кўплаб иқтидорли, билимли ёшларни кашф эта олди. Уларнинг ҳар соҳада энг намунали деб топилган фаоллари вилоятда ҳам кучли рақобатга киришдилар.

Танловнинг бош ғолибларни аниқлаш ҳакамлар учун анча мушкул кечди. Чунки ёшлардан бири ижодкор бўлса, иккинчиси сиёсий билимдон, яна бири чексиз тасаввурлар соҳиби чиқиб қолди ва бир-биридан ўзишга бор куч ва имкониятлари билан интилдилар.

Муросасиз баҳслардан сўнг танлов ғолиблари аниқланди. Натижаларга кўра, ўзининг ҳуқуқий билими, ҳозиржавоблиги, аъло ҳулқи билан иштирокчилар эътиборини қозонган Фарғона шаҳар ҳуқуқшунослик коллежи талабаси Асилбек Абдуҳамидов фаҳрли 1-ўринга лойиқ деб топилди.

Иккинчи ўрин эса ширинсўзлиги, ажойиб шеърий нутқи, ижодий салоҳияти билан рақибларини ортда қолдирган Фарғона тумани вакили Арофат Достоновага насиб этди.

Партиямиз тўғрисида тенгдошларига ўзи яратган тақдимот орқали кенг тушунча ва тасаввурлар бера олган, ватанпарварлик руҳидаги қўшиқлар ижрочиси Қувасой шаҳридаги “Ёш адолатчилар қаноти”нинг фаол аъзоси Йўлдошева Фариза учинчи ўрин соҳиби бўлди.

“Ушбу танловдан сўнг менинг ўзимга, мустақил сиёсий қарашларимга, иқтидоримга бўлган ишончим янада ортди. Эндиликда Республика босқичига ҳозирлик кўриш ва вилоят ёшлари номидан танловда иштирок этиш масъулияти шу паллаларданоқ қалбимни ҳаяжонга солмоқда. Партия лойиҳалари доирасидаги бу танлов биз ёшларни бирлаштирибгина қолмай, унинг маҳаллий ташкилотларда танилувчанлигини яна бир карра оширди, — дейди 1-ўрин соҳиби Асилбек Абдуҳамидов.

Дарҳақиқат, ОАВ орқали кузатиб борар эканмиз, бугунги кунда партия лойиҳалари худудларда самарали ва юқори савияда амалга оширилмоқда ва шу баробарида унинг мавқеи ҳам тобора мустаҳкамланиб бормоқда.

Вилоят ёшлари ва “Ёш адолачилар қаноти” аъзолари номидан танлов ғолибига келгуси босқичга ҳам омад ёр бўлишига тилакдошмиз!

Комила Исраилова,

Ўзбекистон “Адолат” СДП

Фарғона вилоят Кенгаши матбуот котиби

Фарғоналик “Адолат” билимдони» аниқланди was last modified: Декабрь 1st, 2017 by matbuot

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

« »