Фармацевтика тармоғини бошқариш тизими такомиллашади

10 Ноябрь, 17:58 • Депутат минбари, Муносабат, Янгиликлар • 63 марта кўрилди • Комментариев к записи Фармацевтика тармоғини бошқариш тизими такомиллашади нет

Мамлакатимизда соғлиқни сақлаш тизимини тубдан ислоҳ қилиш, фуқароларга кўрсатилаётган тиббий хизматлар сифатини ошириш, дори воситалари таъминотини янада яхшилаш, соҳага замонавий илм-фан ютуқлари ва технологияларни жорий этишга катта эътибор қаратилмоқда.

Айни чоғда соғлиқни сақлаш соҳасидаги ислоҳотлар ижроси самарадорлигини кафолатлаш, ушбу тизимда депутатлик, парламент ҳамда жамоатчилик назоратининг изчил механизмларини жорий қилиш янада долзарб аҳамият касб этаяпти. Бу бежиз эмас. Чунки аҳоли саломатлигини таъминлаш давлатимиз сиёсатининг устувор вазифаларидан бири ҳисобланади.

Президентимизнинг жорий йил 7 ноябрдаги “Фармацевтика тармоғини бошқариш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони мазкур йўналишдаги ишларни жадаллаштиришни комплекс қамраб олгани билан ниҳоятда аҳамиятлидир.

Таъкидлаш жоизки, сўнгги вақтларда соҳада изчил олиб борилаётган чора-тадбирлар аҳолини сифатли, кафолатланган дори воситалари билан таъминлаш, фармацевтика фаолиятини ривожлантиришга замин яратмоқда. Айни пайтда юртимизда юздан зиёд фармацевтика корхоналари ишлаб турибди. Ўттизга яқин корхоналарда халқаро сифатни бошқариш тизими жорий қилинган. Соҳага йўналтирилаётган чет эл инвестициялари ҳажми йилдан-йилга ортмоқда. Юртимиз фармацевтика корхоналари томонидан 1700 дан зиёд дори воситалари тайёрланаётир. Соҳа имкониятларини ҳисобга оладиган бўлсак, бу борадаги саъй-ҳаракатларни янада жадаллаштириш мақсадга мувофиқ.

Давлатимиз раҳбари Фармони билан Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузурида Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги ташкил қилинди. Бу эса, ўз навбатида, аҳоли ва соғлиқни сақлаш муассасаларининг арзон, сифатли дори воситалари, тиббиёт буюмлари ҳамда тиббиёт техникалари билан таъминланганлик даражасини янада ошириш, мазкур маҳсулотлар ишлаб чиқарилиши, олиб кирилиши ва сотилишини мувофиқлаштиришнинг ягона тизимини жорий этишга амалий жиҳатдан ёндашиш имконини беради. Шу билан бирга, тармоқдаги мавжуд камчиликлар узил-кесил бартараф қилинади.

Бинобарин, янги ташкил этилаётган Агентлик зиммасига дори воситалари, тиббиёт буюмлари ҳамда тиббиёт техникаларини, шу жумладан, чет элдан импорт қилинаётганларини давлат рўйхатидан ўтказишни, фармацевтика корхоналарининг тегишли ишлаб чиқариш амалиёти халқаро қоидаларга мувофиқлигини сертификатлаштиришни амалга ошириш вазифалари юклатилмоқда. Бу мазкур корхоналар келгусида замонавий мезонлар асосида фаолият юритади, деганидир.

Эътиборли жиҳати, ушбу ҳужжатда фармацевтика саноати корхоналари фаолиятини тартибга солишга йўналтирилган комплекс чора-тадбирлар қаторида аҳолини ўйлантириб келаётган масала, яъни маҳсулотлар нархини белгилаш механизмларини такомиллаштириш ҳам алоҳида кўзда тутилди. Бу эса айни заруратдир.

Президентимизнинг мазкур фармони Ўзбекистон “Адолат” СДП Сайловоли дастурида илгари сурилган давлат дорихона муассасалари тармоғини кенгайтириш ҳамда соғлом рақобат муҳитини яратиш ва дори-дармонлар нархини пасайтириш омили сифатида улар учун минимал рентабеллик даражасини ўрнатиш, шунингдек, аҳолини давлат дорихоналари муассасалари орқали эҳтиёжни қоплайдиган ҳажмда дори воситалари билан таъминлашга доир устувор вазифаларнинг рўёбга чиқишига хизмат қилиши билан аҳамиятлидир.

Фармацевтика саноати изчил тараққий топаётгани, дори воситалари муомаласи, улардан тиббиётда фойдаланиш жараёнида кўплаб янгиликлар кузатилаётгани соҳа қонунчилигини янада такомиллаштиришни кун тартибига олиб чиқади, албатта. Шу маънода, Фармондан келиб чиқиб, фармацевтика соҳасидаги муносабатларни тартибга солувчи амалдаги қонунчилик, хусусан, “Дори воситалари ва фармацевтика фаолияти тўғрисида”ги Қонунга ўзгартиш ҳамда қўшимчалар киритиш лозим бўлади. Бунда биз, депутатлардан фаоллик талаб этилади.

Сифатли, кафолатланган дори воситалари билан таъминлаш тизими ва фармацевтика фаолияти тубдан такомиллашуви, шубҳасиз, халқимиз манфаатига хизмат қилади.

Муҳаррам ДАДАХЎЖАЕВА,

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги

Ўзбекистон “Адолат” СДП фракцияси аъзоси

Фармацевтика тармоғини бошқариш тизими такомиллашади was last modified: Ноябрь 10th, 2017 by matbuot

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

« »