Иқтидор ва истеъдодларни олий таълим муассасаларига қабул қилишнинг янги босқичи

27 Ноябрь, 14:14 • Муносабат, Тошкент вилояти, Янгиликлар • 289 марта кўрилди • Комментариев к записи Иқтидор ва истеъдодларни олий таълим муассасаларига қабул қилишнинг янги босқичи нет

Республикамизда олий таълим муассасаларининг ўқув жараёнларини такомиллаштиришга қаратилган чуқур ислоҳотлар олиб борилмоқда.  Ёшларга замонавий талаблар асосида таълим бериш бугунги куннинг асосий масалаларидан биридир. Бу борада олий таълим даргоҳларига кириш тест синовларини адолатли ўтказиш орқали билимли ёшларнинг ўқишга қабул қилинишини таъминлаш муҳим аҳамият касб этади.

Ана шу мақсадда Ўзбекистон Республикасининг олий таълим муассасалари бакалавриатига қабул қилиш бўйича ўтказиладиган тест синовларини такомиллаштириш, унинг адолатли, холис  ва шаффоф ўтишини таъминлаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Республика олий таълим муассасалари бакалавриатига кириш тест синовларини ўтказиш тартибини такомиллаштириш тўғрисида”ги қарори қабул қилинганлиги барчани бирдек қувонтирди.

Сўнгги йилларда олий таълим муассасаларига кириш истагида бўлган абитуриентлар сони кескин ортиб бормоқда. Йилдан-йилга ўсиш ўртача 10 фоизни ташкил этиб, хусусан, 2016 йилда 663 минг, 2017 йилда 729 минг нафардан зиёд абитуриент олий таълим муассасаларига ҳужжат топширган. Таҳлилларга кўра, 2018 йилда олий таълим муассасаларига 810 мингдан ортиқ абитуриентнинг ҳужжат топшириши кутилмоқда. Бу ҳам бўлса, бугунги ёшларимизнинг илм олишга бўлган интилишларининг самарасидир.

Лекин бугунги кунда тест синовлари орқали олий таълим муассасалари орқали  бакалавриат босқичига абитуриентларни қабул қилишда бир қатор камчиликлар мавжуд. Жумладан, кейинги йилларда тест синовларини ўтказиш тартиб-қоидалари ва натижаларини эълон қилиш, уни такомиллаштириш борасидаги олиб борилаётган ишлар бугунги кун талабларига тўлиқ жавоб бера олмаётганлиги ота-оналарнинг ҳақли равишдаги эътирозларини келтириб чиқармоқда.  Давлатимиз раҳбари томонидан таъсис этилган мазкур қарор тизимдаги мавжуд камчиликларни олдини олиш ва бартараф этишда, айни пайтда ўта муҳим ва долзарблилиги билан аҳамиятлидир.

Таъкидлаш жоизки, кириш тест синовлари топшириқлари ва уни ўтказиш талаблари қобилиятли ёшларни олий таълимга қабул қилиш мезонларига тўла жавоб бермайди. Абитуриентлар сонининг кескин ўсиши мос равишда аудитория назоратчилари сонининг ва тест материаллари ҳажмининг ортиб бориши қатор муаммоларни юзага келтирганлиги барчамизга маълум. Бундан ташқари тест синовларини ўтказишнинг амалда бўлган тартиби тест натижаларини қисқа муддатда кўрсатиш имкониятини бермаганлиги ҳам абитуриент учун ноқулайликдир.

Айниқса, ижодкорлик ва индивидуал маҳоратни талаб этадиган маданият, санъат, дизайн, тасвирий ва амалий санъат, санъатшунослик, мусиқий таълим, спорт ҳамда жисмоний тарбия соҳасидаги таълим йўналишларига иқтидорли ёшлар ўрнига, ушбу соҳаларда етарли иқтидорга эга бўлмаган ёшлар тест синовлари орқали ўқишга қабул қилиниб келинаётганлиги ўзбек санъатини ҳам ўзининг салбий таъсирини кўрсатиши табиий холдир. Эндиликда, жорий қилинган ушбу қарор, ижодий йўналишдаги таълим даргоҳларига тест синовларисиз, истеъдодига қараб ўқишга қабул қилиниши, санъатга иштиёқманд ёшларнинг чексиз қувончига сабабчи бўлгани рост.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг мазкур қарори қабул қилиниши юқорида қайд этиб ўтилган муаммоларнинг ўз ечимини топиши учун ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилади. Ушбу қарорга кўра, 2018-2019 ўқув йилидан бошлаб олий таълим муассасалари бакалавриатига қабул қилиш бўйича тест синовлари 1 августдан 15 августгача бўлган даврда ўтказилиши ва тест синовлари натижалари тест ўтказилган куннинг эртасига Давлат тест марказининг расмий веб-сайтида эълон қилиниши белгиланди.

Шу билан бир қаторда, қарорда  Давлат тест маркази,  Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Халқ таълими вазирлиги ҳамда Адлия вазирликларига бир ой муддатда тест синовларини ўтказиш жараёни иштирокчиларининг масъулиятини янада ошириш ва уларнинг жавобгарлигини белгилаш бўйича қонунчиликка тегишли ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш юзасидан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритиш вазифаси топширилганлиги ҳам бу тизимда ҳақиқий иқтидор ва истеъдодларни кашф қилинишида муҳим қадамдир.

Бир сўз билан айтганда, ушбу қарорда белгилаб берилган мақсад ва вазифалар олий таълим муассасалари бакалавриатига кириш тест синовларининг адолатли, холис ва шаффоф ўтишини таъминлашга хизмат қилади ҳамда олий таълим муассасаларига ўқиш учун билимли, иқтидорли ва муносиб номзодларни танлаб олишга замин яратади.

Мавлуда БЕРДИҚУЛОВА,

халқ депутатлари Паркент тумани Кенгаши депутати

Иқтидор ва истеъдодларни олий таълим муассасаларига қабул қилишнинг янги босқичи was last modified: Ноябрь 27th, 2017 by matbuot

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

« »