Инновацион фаолият ривож топмоқда

7 Ноябрь, 12:18 • Муносабат, Сурхондарё вилояти, Янгиликлар • 71 марта кўрилди • Комментариев к записи Инновацион фаолият ривож топмоқда нет

Ишлаб чиқариш, иқтисодиёт тармоқларида янги технологияларни жорий этиш, инфратузилмани ривожлантириш, валюта ресурсларини жамғариш инновацион фаолият жадал тараққий этганига боғлиқ. Инсон фаолиятининг турли жабҳаларини қамраб олган инновация жараёнларининг узвийлиги эса илмий йўналишлар ва фанлараро тадқиқотлар негизидагина аниқ натижалар беради.

Куни кеча Президентимиз томонидан имзоланган “Илмий-тадқиқот  муассасаларининг инфратузилмасини янада мустаҳкамлаш ва инновацион фаолиятини ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори инновацион фаолиятни ривожлантириш йўлидаги муҳим қадам бўлди, десак муболаға бўлмайди. Қарорда белгиланган тадбирлар олимларимизнинг кунлик иш шароитини яхшилаш билан бир вақтда улар томонидан бажарилаётган илмий-тадқиқот ишларининг сифат кўрсатгичларини халқаро талаблар даражасига етказилишини таъминлайди. Қарорда илмий-тадқиқот институтлари бино ва иншоотларини капитал таъмирлаш, лабораторияларни мебел ва керакли анжомлар билан бутлаш ҳисобига моддий-техника таъминотини йўлга қўйиш ҳамда уларнинг молиявий манбаларини белгилаб берилган.

Маълумки, Ўзбекистонда фан ва ишлаб чиқариш ҳамкорлигини мустаҳкамлаш, илм-фан тараққиётида фундаментал тадқиқотларни қўллаб-қувватлаш, амалий ишланмалар ва инновацион ғоялар учун мустаҳкам асос яратилганини таъкидлаш ўринлидир. Президентимиз раҳнамолигида юқори технологик илмий маҳсулотлар ишлаб чиқарувчи инновация марказлари ташкил этиш, улар фаолиятини рағбатлантириш, илмий-инновацион маҳсулотларни амалиётга кенг жорий этиш борасидаги ислоҳотлар изчиллик билан олиб борилаётгани таҳсинга сазовордир.

Олий ва ўрта махсус ўқув юртларида ҳамда Автоматлаштириш ва саноат хавфсизлиги, кон саноати инновацион муаммоларини ечишнинг рақамли моделлари, мева-сабзавотларни сақлаш ва ўрмонлар барпо этишнинг инновацион технологиялари каби мавзуларни қамраб олган умумий йиғилишларда илмий-техник ҳамда инновацион ишланмалар, уларнинг илмий-назарий асосларига бағишланган маърузалар ёшлар онгида янгидан янги лойиҳаларни амалга ошириш асосларини яратилишига замин яратмоқда.

Таълим муассасаларида фанларни ўқитишнинг замонавий усуллари, техника соҳасига ихтисослашган олий ўқув юртларида ижтимоий лойиҳалаш тажрибаси, Ўзбекистон тарихини ўрганишда топономик инновацион технологиялардан фойдаланиш бўйича маърузалар тақдим этилмоқда. “Иқтисодиёт тармоғидаги инновацион жараёнлар” мавзуидаги  мажлисларида авиация, компьютер техникаси, синхрон механизмлар ва машиналар, пахта териш машиналари қисмларининг умумий ҳолати бўйича маълумот олиш, пахта толаси сифатини ошириш каби масалалар ечими юзасидан фикр алмашилмоқда.

Мамлакатимизда илм-фан тараққиётининг ўзига хос хусусиятлари таълим тизимига ўқитишнинг инновацион ҳамда илғор хорижий тажрибалари, янгича ёндашувларни жорий этишда намоён бўлмоқда, Таълим тизимини ислоҳ қилишга бўлган бундай ёндашув жамият ҳаётининг турли соҳалари учун юқори салоҳиятга эга кадрлар тайёрлаш, барча жабҳаларни замон талабига мос тарзда ривожлантириш имконини  беради.

Ўзбекистонда ишлаб чиқаришни модернизация қилиш, техник ва технологик қайта жиҳозлаш бўйича қатор лойиҳалар муваффақиятли амалга оширилмоқда, Бу иш самарадорлигини сезиларли равишда ошириш, табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш ҳамда иқтисодий юксалишни таъминлаш имконини беради.

2017-2021 йилларда илмий тадқиқот муассасаларининг инфратузилмасини мустаҳкамлаш ва инновацион фаолиятини ривожлантириш бўйича бир қатор комплекс чора-тадбирларни ўз ичига қамраб олган мазкур қарор инновацион иқтисодиётни ривожлантиришга мустаҳкам асос бўлиши шак-шубҳасиздир.

Рустам ҲАМРАЕВ,

Ўзбекистон “Адолат” СДП

Сурхондарё вилояти Кенгаши раиси

Инновацион фаолият ривож топмоқда was last modified: Ноябрь 7th, 2017 by matbuot

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

« »