Инновацион фаолият — янгиланишлар сари қўйилган қадам

6 Ноябрь, 12:20 • Бухоро вилояти, Муносабат, Янгиликлар • 49 марта кўрилди • Комментариев к записи Инновацион фаолият — янгиланишлар сари қўйилган қадам нет

Мамлакатимизда барча соҳалар қатори инновацион фаолиятни ривожлантиришда ҳам жуда катта эътибор қаратилмоқда. 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналишлари бўйича Ҳаракатлар стратегиясининг “Ижтимоий соҳани ривожлантиришнинг устувор йўналишлари” қисмининг тўртинчи бандида илмий-тадқиқот ва инновация фаолиятини рағбатлантириш, илмий ва инновация ютуқларини амалиётга жорий этишнинг самарали механизмларини яратиш, олий ўқув юртлари ва илмий-тадқиқот институтлари ҳузурида ихтисослаштирилган илмий-экспериментал лабораториялар, юқори технология марказлари ва технопаркларни ташкил этишга алоҳида эътибор қаратилган. Дарҳақиқат, бугунги кунда инновацион технологияларсиз ҳаётимизни тасаввур этишимиз қийин бўлиб келмоқда. Шунинг учун ҳам соҳага эътибор қаратилган ҳолда қатор янгиланишлар кузатилмоқда. Аммо янгиланишлар баробарида муаммолар ҳам йўқ эмас. Хусусан, илмий-тадқиқот муассаса­ларининг илмий-техник салоҳияти, кадрлар билан таъминланганлик даражаси, моддий-техника, лаборатория ва тажриба базасининг ҳозирги ҳолати деярли талабга жавоб бермайди.  Бу эса соҳадаги баъзи ютуқларни кўрсатиб бериш имконини кескин пасайтириши мумкин. Шунинг учун ҳам соҳада мавжуд муаммоларнинг олдини олиш ҳамда илмий-тадқиқот муассасалари фаолиятини янада такомиллаштириш, моддий-техник базасини мустаҳкамлаш ҳамда инновацион фаолиятни ривожлантириш учун шароитлар яратиш мақсадида давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев томонидан жорий йилнинг 1 ноябрь санасида «Илмий-тадқиқот муассасаларининг инфратузилмасини янада мустаҳкамлаш ва инновацион фаолиятни ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори қабул қилинди. Ҳужжатда 2017-2021 йилларда илмий-тадқиқот муассасаларининг инфратузилмасини мустаҳкамлаш ва инновацион фаолиятини ривожлантириш бўйича комплекс чора-тадбирлар дастурининг тасдиқланганлиги соҳада қатор ютуқларни амалга оширишда хизмат қилади.

Қарорда илмий-тадқиқот муассасаларининг инфратузилмасини мустаҳкамлаш, инновацион фаолиятини ривожлантириш, уларнинг моддий-техник базасини мустаҳкамлашга алоҳида эътибор қаратилган. Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси, Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги, Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва бошқа тегишли идоралар ўзларининг тасарруфидаги илмий-тадқиқот муассасалари билан биргаликда бажарилиши лозим бўлган вазифалар ҳар йили 1 июнга қадар Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ва Иқтисодиёт вазирлиги билан келишилган ҳолда тақдим этилиши зарурлиги таъкидланган. Шунингдек, дастурни молиялаштириш манбаларига ҳам тўхталиб ўтилган.

Қатор ташкилотлар — Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси, Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитаси, Давлат ветеринария қўмитаси, Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси, Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги илмий-тадқиқот муассасаларининг бинолари ва корпусларини реконструкция қилиш ва капитал таъмирлаш, уларни жиҳозлаш масалаларининг ҳам белгилаб қўйилганлиги соҳа ходимлари учун янада қулай шароит ҳамда имкониятнинг кенглигини кўрсатиб туради. Дастурни амлга ошириш ҳамда қарор ижросини назорат қилиб бориш давлатимиз раҳбари томонидан алоҳида таъкидлаб ўтилганлиги соҳа билан боғлиқ муаммоларнинг ечимини топишда ҳам кўмак бўлади.

Мамлакатимизда илмий ва иннавацион фаолиятга эътибор қаратилаётган айни паллада барчамиз Президентимиз томонидан қабул қилинаётган қарор ва фармонлардан вақтида бохабар бўлган ҳолда, яратилаётган имкониятлардан фойдаланиб, соҳа ривожи йўлида ўз ҳиссамизни қўшмоғимиз лозим. Зеро, инновацион фаолиятнинг тараққий этиши учун  қабул қилинган ушбу қарор ҳам асосий пойдевор вазифасини ўтайди.

Фарҳод ИХТИЁРОВ,

халқ депутатлари Бухоро шаҳар Кенгаши депутати

Инновацион фаолият — янгиланишлар сари қўйилган қадам was last modified: Ноябрь 7th, 2017 by matbuot

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

« »