Конституция — иқтисодий барқарорлик асоси

23 Ноябрь, 10:27 • Депутат минбари, Муносабат, Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганлигининг 25 йиллигига, Янгиликлар • 357 марта кўрилди • Комментариев к записи Конституция — иқтисодий барқарорлик асоси нет

Мамлакатимизда бундан 25 йил муқаддам — 1992 йил 8 декабрь куни қабул қилинган Бош қомусимиз — бозор иқтисодиётига асосланган мустақил демократик давлат қуришнинг мустаҳкам пойдеворини яратиб берди.

Моҳияти ва аҳамиятини ҳеч нарса билан ўлчаб бўлмайдиган, том маънода тарихий ҳужжат асосида янги давлат ва жамият қуриш йўли, имкониятлари очилди. Мустақил тараққиёт йилларида иқтисодиёт тармоқларида эришилган барча ютуқ ва марралар, унинг улкан суръатлар билан ўсиши, аввало, Конституциямизнинг ҳаётбахш қудрати ва салоҳиятини, унда мужассам бўлган принциплар, қоида ва нормаларнинг нақадар чуқур ўйлангани, ҳар томонлама мустаҳкам асосга эга эканини яққол намоён этади. Дарҳақиқат, ўтган давр мобайнида ҳаётимизда, биз эришган барча ютуқларда Асосий қонунимизнинг ўрни беқиёс экани барчамизга яхши маълум. У орқали мамлакатимизда халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган стандартлари ва нормаларига тўла мос бўлган давлат бошқаруви ва ҳуқуқий тизим ташкил топди, иқтисодиёт ривожланишининг самарали механизми яратилди.

Конституциямиз Ўзбекистонда инсонпарвар демократик ҳуқуқий давлат барпо этиш, инсон, унинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатлари олий қадрият ҳисобланадиган фуқаролик жамиятини барпо этиш, эркин бозор иқтисодиётини шакллантиришнинг энг муҳим қоидаларини ўзида мужассамлантириб, жамиятимиз ҳаётининг асосий ҳуқуқий пойдевори бўлиб хизмат қилмоқда. Бинобарин, у бугун бутун дунё томонидан мамнуният билан эътироф этилаётган тараққиётнинг «ўзбек модели»ни ўзида ифода этди ва бу модел асосида мамлакатимизнинг ўзига хос ривожланиш йўлини белгилаб берди.

Бош қомусимиз бугунги кунда юртимизда мустақил, суверен демократик давлат барпо этиш, кўп тармоқли бозор иқтисодиёти таркибида хусусий мулк устуворлигини мустаҳкамлаш ва унинг ҳимоясини кафолатлаш, шунингдек, инсон манфаатлари, ҳуқуқ ва эркинликлари олий қадрият ҳисобланган фуқаролик жамиятини шакллантиришнинг асосий ҳуқуқий  пойдеворига айланди. “Жамиятнинг иқтисодий негизлари” номли 12 бобининг 53-моддасида “Бозор муносабатларини ривожлантиришга қаратилган Ўзбекистон иқтисодиётининг негизини хилма-хил шакллардаги мулк ташкил этади. Давлат истеъмолчиларнинг ҳуқуқи устунлигини ҳисобга олиб, иқтисодий фаолият, тадбиркорлик ва меҳнат қилиш эркинлигини, барча мулк шаклларининг тенг ҳуқуқлилигини ва ҳуқуқий жиҳатдан баб-баравар муҳофаза этилишини кафолатлайди”, деб аниқ белгиланган.

Шунингдек, Конституциянинг 36-моддасида “ҳар бир шахс мулкдор бўлишга ҳақли” эканлиги қатъий белгиланиб, шахсларнинг мулкка бўлган ҳуқуқи конституциявий норма даражасига кўтарилди ҳамда муҳим иқтисодий ва ижтимоий ҳуқуқлардан бири сифатида эътироф этилди. Бошқача айтганда, хусусий мулк бошқа мулк шакллари каби дахлсиз ва давлат ҳимоясида бўлиб, мулкдор фақат қонунда назарда тутилган ҳолларда ва тартибдагина ўз мулкидан маҳрум этилиши мумкинлиги мустаҳкамлаб қўйилган.

Умуман олганда, жамият ҳаётининг барча жабҳаларида пайдо бўладиган ижтимоий муносабатларни ривожлантириш, мамлакатда халқ фаровонлигини таъминлашга йўналтирилган кенг кўламли иқтисодий ислоҳотларни амалга оширишни мулксиз тасаввур этиб бўлмайди. Демак, мулк билан боғлиқ ижтимоий муносабатларсиз ишлаб чиқариш ва хўжалик юритиш жараёнлари ўз мазмунига эга эмас. Ушбу муносабатларда давлат истеъмолчиларнинг ҳуқуқи устунлигини ҳисобга олиб, иқтисодий фаолият, тадбиркорлик ва меҳнат қилиш эркинлигини, барча мулк шаклларининг тенг ҳуқуқлилиги ҳамда ҳуқуқий жиҳатдан баб-баравар муҳофаза этилишини кафолатлайди.

Давлат жамият иқтисодий негизларининг ҳуқуқий асосларини мустаҳкамлаш мақсадида конституциявий нормалар талаблари асосида тегишли қонунлар, қонуности меъёрий ҳужжатларни қабул қилиш ва уларни такомиллаштириб бориш, барча жисмоний ва юридик шахслар томонидан бозор иқтисодиётининг тамойиллари, қоида-талаблари асосида фаолият юритилиши учун ижтимоий-иқтисодий шарт-шароитлар яратиш функциясини бажаради.

Шунингдек, мулк ҳуқуқи субъектларининг ҳуқуқларини кафолатлаш, мулк ҳуқуқи шакллари (хусусий ва оммавий мулк)нинг тенглигини таъминлаш ҳамда ҳуқуқий ҳимоя қилиш, ишлаб чиқариш ва хўжалик фаолияти учун зарур тегишли институционал ислоҳотларни амалга ошириш, тадбиркорлик субъектлари фаолиятини ривожлантириш мақсадида имтиёзлар жорий этиш, аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш тизимини такомиллаштириш каби вазифаларни амалга оширади.

Айтиш жоизки, конституциявий нормалар амалдаги барча миллий қонун ҳужжатларимизнинг асосий йўналишларини белгилаб беради. Яъни, бошқа қонун ҳужжатлари унинг нормаларига зид келиши мумкин эмас. Жумладан, Фуқаролик кодексининг 167-моддасига кўра, Ўзбекистон Республикасида мулкнинг хусусий мулк ва оммавий мулк шакллари белгиланган бўлиб, бу Конституцияда эътироф этилган мулкчиликнинг хилма-хил шаклларининг ҳуқуқий асосларини мустаҳкамлайди. Хусусий мулкнинг асл маъноси, мазмуни, унинг объектлари, субъектлари, вужудга келиш асослари ва бошқа тушунчалар Фуқаролик кодексининг 16-бобида ўз аксини топган бўлиб, ушбу бобнинг 207-моддасида хусусий мулк ҳуқуқи шахснинг қонун ҳужжатларига мувофиқ тарзда қўлга киритилган мол-мулкка эгалик қилиш, ундан фойдаланиш ва уни тасарруф этиш ҳуқуқи эканлиги, хусусий мулк бўлган мол-мулкнинг миқдори ва қиймати чекланмаслиги белгилаб қўйилган. Шунингдек, амалдаги қонун ҳужжатларига мувофиқ, республика мулки ва маъмурий-ҳудудий тузилмалар мулки (муниципал мулк)дан иборат бўлган давлат мулки оммавий мулк бўлиб ҳисобланади. Демак, қонун ҳужжатларида мулк шаклларининг аниқ белгиланиши, энг аввало, конституцион нормага асосланган.

Конституциямизда мустаҳкамлаб қўйилган бош мақсад, принцип ва қоидаларни амалга ошириш учун кичик бизнес, хусусий тадбиркорлик ва фермерлик ҳаракатини изчил ривожлантириш мамлакатни янада ривожлантириш борасида давлатимиз сиёсатининг устувор йўналишларидан бирига айланди. Шу асосда юртимизда хусусий тадбиркорликни тараққий эттириш бўйича қулай ишбилармонлик муҳити яратилди. Бу борада қатор солиқ имтиёзлари ва преференциялар берилди.

Айниқса, сўнгги йилларда тадбиркорлик соҳасида ўз ишини очиш учун рухсат олиш, солиқ, молия ва статистика органларига ҳисобот топшириш масалаларини тартибга солиш бўйича  қонунчилик асосларининг такомиллаштирилиши билан бу йўналишдаги тизимли ишлар янги босқичга кўтарилди. Бу жараён кенг миқёсда, янгича босқичда давом этаётгани эса эътирофга сазовордир.

Ўтган давр мобайнида Конституция меъёрлари асосида қатор қонун ва қонуности ҳужжатларнинг қабул қилиниши мамлакат иқтисодиёти рақобатбардошлигини таъминлаш, ишлаб чиқарувчилар ва тадбиркорлик субъектлари ҳуқуқ ва манфаатларининг самарали таъминланишида муҳим аҳамият касб этганини қайд қилиш жоиз.

Биргина мисол: Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 7 февральдаги “Ўзбекистон Республикасини янада ривожлантириш бўйича ҳаракатлар стратегияси тўғрисида”ги фармонида 2017 – 2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси қабул қилиниб, унда белгиланган устувор вазифаларни изчил амалга оширилиши натижасида бугунги кунда мамлакатимизда макроиқтисодий мутаносиблик сақланиб, қабул қилинган ўрта муддатли дастурлар асосида таркибий ва институционал ўзгаришларни чуқурлаштириш ҳисобига ялпи ички маҳсулотнинг барқарор юқори ўсиш суръатлари таъминланмоқда. Шунингдек, валюта сиёсати ва ташқи савдо фаолияти соҳасини такомиллаштириш бўйича кўрилган чора-тадбирлар эса мамлакатимиз иқтисодиётига хорижий инвестицияларни жалб қилиш, экспорт салоҳиятини ошириш, замонавий, экспортга йўналтирилган ишлаб чиқаришларни ҳамда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларини барқарор ривожлантиришга хизмат қилмоқда.

Юртимизда ўзбек сўми барқарорлигини мустаҳкамлашнинг янги механизмларини жорий этиш долзарб вазифа эканлигидан келиб чиқиб, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 2 сентябрдаги “Валюта сиёсатини либераллаштириш бўйича биринчи навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармонини қабул қилиниши, аввало, амалдаги валютани тартибга солиш тизимини тубдан ислоҳ қилишни, валюта сиёсатини либераллаштиришни, шунингдек барча тадбиркорлик субъектларига ташқи савдо фаолиятини амалга оширишда тенг шароитлар яратилишини таъминламоқда.

Мустақил Ўзбекистон Конституцияси қабул қилинганидан буён ўтган 25 йил мобайнида унинг қоидалари ҳаётга изчил жорий этилди. Ҳаётимизнинг барча жабҳаларида илгари тасаввур қилиб бўлмайдиган ютуқларга эришилди. Мамлакатимизда Конституция туфайли фуқаролар ва миллатлараро тотувлик таъминланиб, турмуш фаровонлиги йилдан-йилга ортиб бормоқда, ижтимоий-маданий ривожланиш, таълим, илм-фан соҳаларида улкан муваффақиятларга эришилмоқда.

Мухтасар айтганда, асосий қонунимиз босқичма-босқич ислоҳотларнинг амалга оширилишида, кўзланган мақсадга эришишда мустаҳкам ҳуқуқий замин бўлиб хизмат қилмоқда.

Абдуғани УМИРОВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,

Ўзбекистон “Адолат”СДП фракцияси аъзоси

Конституция — иқтисодий барқарорлик асоси was last modified: Ноябрь 23rd, 2017 by matbuot

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

« »