Мамлакатимизда илмий ва инновацион фаолият янада ривожланади

2 Ноябрь, 13:00 • Расмий хабарлар, Ҳужжатлар, Янгиликлар • 57 марта кўрилди • Комментариев к записи Мамлакатимизда илмий ва инновацион фаолият янада ривожланади нет

Бугун матбуотда Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Илмий-тадқиқот муассасаларининг инфратузилмасини янада мустаҳкамлаш ва инновацион фаолиятни ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори эълон қилинди.

Мазкур ҳужжат шарҳида қуйидагилар келтириб ўтилган:

Мамлакатимиз раҳбарининг академиклар ва илм-фан зиёлилари билан 2016 йилнинг декабрида ўтказган учрашуви, шунингдек, 2017 йил 17 февралда «Фанлар академияси фаолияти, илмий-тадқиқот ишларини ташкил этиш, бошқариш ва молиялаштиришни янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПҚ-2789-сонли қарорининг қабул қилиниши республикада илмий-техник фаолиятни ривожлантиришда кенг кўламдаги тизимли ўзгаришларни амалга ошириш учун мустаҳкам пойдевор бўлиб хизмат қилмоқда.

Ўтган давр мобайнида илмий-тадқиқот фаолиятини ташкил этиш тизимини тубдан такомиллаштиришга қаратилган 35 дан ортиқ меъёрий-ҳуқуқий ҳужжат, жумладан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 8 та фармони ва 8 та қарори қабул қилинди. Фанлар академияси таркибидаги 9 та илмий-тадқиқот институти қайта тикланди, қатор илмий муассасалар қайта тузилди, Фанлар академиясининг фан йўналишлари бўйича 3 та бўлими ва Навоий бўлими ташкил этилди. Ўзбекистоннинг энг янги тарихи бўйича Жамоатчилик кенгаши, Фан ва технологиялар бўйича давлат комиссияси, Фан ва технологиялар агентлиги, Илмий-техник фаолиятни қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамғармаси фаолияти ташкил этилди. Ўзбекистон Республикаси Фанлар академия­си­нинг янги ҳақиқий аъзолари (академиклари)нинг сайлови бўйича ташкилий ишлар олиб борилмоқда.

Илмий-тадқиқот фаолияти самарадорлигини ошириш, моддий-техника базасини мустаҳкамлашга йўналтирилган салмоқли ишлар амалга оширилди. Олий таълим ва илмий-тадқиқот муассасаларининг илмий лаборатория ва кафедралари, илмий кенгашлари, вазирлик ва идо­ра­лар, турли даражадаги эксперт ва илмий-техника кенгашларидан иборат кўп тармоқли илмий-ташкилий инфратузилма фаолият олиб бормоқда.

Бу ишларнинг барчаси 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясининг амалдаги ижросини таъминлашга қаратилган бўлиб, унда таълим ва илм-фан соҳасини ривожлантиришнинг энг муҳим йўналишлари сифатида илмий-тадқиқот ва инновация фаолиятини рағбатлантириш, илмий ва инновация ютуқлари­ни амалиётга жорий этишнинг самарали механизмларини яратиш, олий ўқув юртлари ва илмий-тадқиқот институтлари ҳузурида ихтисослаштирилган илмий-эксперимен­тал лабораториялар, юқори технология марказлари ва технопаркларни ташкил этиш белгиланган.

Шу билан бир қаторда, сир эмаски, илмий-тадқиқот муассаса­ларининг илмий-техник салоҳияти, кадрлар билан таъминланганлиги, моддий-техника, лаборатория ва тажриба базасининг ҳозирги ҳолати мамлакатимизнинг юқори суръатлардаги ижтимоий-иқтисодий ривожла­ниш даражасига жавоб бермайди. Ватанимиз илм-фани рақобатбардош­лигини ошириш ва уни дунёнинг энг ривожланган давлатлари илм-фани даражасига мослигини таъминлаш масалалари кескинлигини сақлаб қолмоқда. Илмий-тадқиқот муассасалари фаолиятини молиялашти­риш ти­зи­мида ҳал қилиниши лозим бўлган айрим муаммолар ўз ечимини кутмоқда.

Ушбу соҳада тўпланиб қолган муаммоларни ҳал қилиш, илмий-тадқиқот муассасалари фаолиятини янада такомиллаштириш, моддий-техника ва лаборатория-тажриба базасини мустаҳкамлаш, инновацион фаолиятни ривожлантириш учун қулай шарт-шароитлар яратиб бериш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Илмий-тадқиқот муассасаларининг инфратузилмасини янада мустаҳкамлаш ва инновацион фаолиятни ривожлантириш чора-тадбирлари тўғри­сида»ги қарори қабул қилинди.

Қарор билан фан ва инновация соҳасида 6 та устувор йўналиш бўйича 40 дан зиёд тадбирларни ўз ичига олган 2017-2021 йилларда илмий-тадқиқот муассасаларининг инфратузилма­сини мустаҳкамлаш ва инновацион фаолиятини ривожлантириш бўйича комплекс чора-тадбирлар дастури тасдиқланди.

Иқтидорли ёшларни илмий-тадқиқот фаолиятига кенг жалб қилиш учун зарур шароитларни таъминлаш мақсадида, докторантурада ўқиш учун мақсадли квоталарни ажратиш амалиётини жорий қилиш чоралари назарда тутилган, ҳамда илмий кадрларнинг академик мобиллигини ошириш ва уларнинг илмий ютуқларини қўллаб-қувватлаш механизм­ларини кучайтириш белгиланган.

Шунингдек, илмий фаолият ҳамда таълим жараёни интеграция­лашувини янада чуқурлаштириш бўйича мақсадли чораларни амалга ошириш, бунда илмий-тадқиқот муассасаларининг илмий ходим ва мутахассисларини олий таълим муассасаларидаги ўқув жараёнига кенг жалб қилиш, магистрлик диссертацияларининг дастлабки ҳимоясини амалиёт ўталган муассасаларда ўтказиш тартибини жорий этиш кўзда тутилган.

Амалий чораларнинг яна бир муҳим йўналиши, республика илмий муассасаларида олиб борилаётган тадқиқотлар савиясини юксалти­ришга, уларни халқаро талабларга кўра илмий халқаро базалардан фойдаланиш имкониятларини кенгайтиришга қаратилган. Илмий-тадқиқот муассасаларида мавжуд ҳамда янги тузилаётган илмий лабораториялар илмий салоҳиятидан самарали фойдаланиш мақсадида илмий-тадқиқот ва олий таълим муассасалари томонидан илмий ва лаборатория ускуналаридан биргаликда фойдаланиш механизмларини жорий этиш чора-тадбирлари назарда тутилган.

Лицензион келишувлар бўйича илмий ва инновацион ишланмаларнинг тижоратлашув жараёнларини фаоллаштириш мақсадида, илмий ва инновацион фаолиятнинг меъёрий-ҳуқуқий асослари ва илмий-тадқиқот муассасаларининг патент-лицензион фаолиятини такомиллаштириш, интеллектуал мулк объектларига муаллифлик қилишнинг таъсирчан тизимини яратиш чоралари белгиланган.

Қарорга мувофиқ 2018 йилнинг 1 январидан бошлаб гуманитар ва бошқа ижтимоий аҳамиятга эга илмий-тадқиқот муассасаларининг бино ва иншоотларини сақлаш, шунингдек, уларнинг айрим тоифадаги ходимлари меҳнатига ҳақ тўлаш бўйича харажатларни молиялаштириш Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан базавий молиялаштириш асосида амалга оширилади.

Мазкур қарор билан режалаштирилган тадбирлар доирасида 30 дан ортиқ илмий-тадқиқот муассасаларида таъмирлаш-қайта тиклаш ишлари, 40 та илмий-тадқиқот муассасасини замонавий илмий лаборато­рия­лар, асбоб-ускуналар ва жиҳозлар билан таъминлаш режалаштирилган. Бунда, лабораторияларни сарфланувчи материаллар ва реактивлар билан узлуксиз таъминлашга сарфланадиган харажатлар алоҳида назарда тутилган.

Умумий қийматда, 2018-2021 йилларда Фанлар академияси, Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги, Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитаси, Давлат ветеринария қўмитаси, Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси ва Соғлиқни сақлаш вазирлиги илмий-тадқиқот муассасалари бино ва иншоотларини реконструкция қилиш ва капитал таъмирлаш учун 116 миллиард сўмдан зиёд, замонавий илмий ва лаборатория ускуналари билан жиҳозлаш, зарур материаллар ва бутловчи қисмлар билан таъминлаш учун 32,2 миллион АҚШ долларидан ортиқ маблағ ажратилиши кўзда тутилган.

Юқорида қайд этиб ўтилган чора-тадбирлар мамлакатимиз илм-фани ва иқтисодиётини инновацион ривожлантириш йўлидаги тизимли қадамларнинг мантиқий давоми бўлиб, 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривож­лан­ти­риш­нинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясининг муваффақиятли ижросига хизмат қилади.

Мазкур дастурий ҳужжатнинг амалга оширилиши илмий-тадқиқот муассасалари имкониятларини салмоқли даражада кенгайтириш, улар бажараётган тадқиқотлар ва инновацион ишланмалар даражаси ва сифатини ошириш имконини беради, ва пировард натижада, мамлакатимиз илмий-технологик салоҳиятини янада мустаҳкамлайди.

Мамлакатимизда илмий ва инновацион фаолият янада ривожланади was last modified: Ноябрь 2nd, 2017 by matbuot

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

« »