Наманганда “Адолат” билимдони” кўрик-танловининг вилоят босқичи якунланди

13 Ноябрь, 12:21 • Кўрик-танлов, Наманган вилояти, Янгиликлар • 55 марта кўрилди • Комментариев к записи Наманганда “Адолат” билимдони” кўрик-танловининг вилоят босқичи якунланди нет

Муштарий Йўлдошевани илк бор  “Адолат” билимдони” кўрик-танловининг Чортоқ туман босқичида кўрган эдик. Ўшанда ҳам у ўзининг ҳар бир шартнинг талабини аниқ тушунган ва англаган ҳолда ёндошиши ҳамда шунга яраша ҳаракат қилишини кўрсатганди. Айниқса,  топқирлиги ва зукколигини ҳайъат аъзоларига маъқул тушганди. Шунинг учун ҳам у ғолиб сифатида эътироф этилиб, вилоят босқичида қатнашиш ҳуқуқини қўлга киритган эди.

Яқинда у каби шаҳар ва туманларда энг юқори ўринларга сазовор бўлган иқтидорли йигит ва қизлар Наманган шаҳрида тўпландилар. Бу ердаги педагогика коллежининг мажлислар залида партиянинг “Ватан келажаги — ёшлар қўлида” лойиҳаси доирасида “Адолат” билимдони” кўрик-танловининг вилоят  босқичи ўтказилди. Унда шаҳар ва туман кенгашларининг раислари, фаоллар, касб-ҳунар коллежларининг талабалари, оммавий ахборот воситаларининг вакиллари ҳозир бўлдилар.

Маълумки, худди шундай кўрик-танловларнинг аксариятида иккинчи шарт, яъни сиёсий-ҳуқуқий соҳадаги билимлар беллашуви (савол-жавоб) қатнашчиларни саралашда ҳал қилувчи аҳамиятга эга бўлади. Бу сафар ҳам шундай бўлди. Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ҳамда амалдаги қонун ҳужжатлари, “Адолат” СДП Устави ва сайловолди дастурига оид саволларга жавоб беришда иштирокчиларнинг тайёргарлик даражаси турлича эканлиги намоён бўлди. Учинчи шартни бажаришда ҳам айрим иштирокчилар қўйилган талабни тўла англаб етмаганлиги сезилиб қолди. Масалан, улардан бири ўзи таҳсил олаётган коллеж ҳақидаги слайдни кўрсатди. Бошқаси эса бир машҳур шахс ҳақидаги шеърини ўқиб берди. Муштарий Йўлдошева тайёрлаб келган саҳна кўринишлари эса  долзарб мавзуга бағишланганлиги билан ажралиб турди. Уларда жамият ривожи йўлидаги жиддий тўсиқ – коррупция иллати ва унга қарши кураш, партиямизнинг мазкур масалага муносабати ўз аксини топди. Бундан ташқари, унинг  аҳоли, айниқса ёшларнинг  партия ҳақидаги тасаввурини кенгайтириш, “Адолат” СДПнинг танилувчанлигини янада ошириш борасидаги таклифлари ҳам юқори баҳоланди.

            Пировардида барча шартлар бўйича натижалар сарҳисоб қилинганда, айнан Муштарий энг юқори кўрсаткичга эришганлиги маълум бўлди. У жами 73 балл тўплаб, биринчи ўринни эгаллади. Энди  чортоқлик педагогика коллежи ўқувчиси Тошкентда, кўрик-танловнинг республика босқичида Наманган вилояти шарафини ҳимоя қилади. Иккинчи ва учинчи ўринларни эса Поп туманидан  Муаттар Ғафурова ҳамда Чуст туманидан Дилноза Олимжонова эгалладилар. Совриндорларга партия вилоят кенгашининг дипломлари ва эсдалик совғалари топширилди.

Муштарий Йўлдошева, “Адолат билимдони” кўрик-танлови вилоят босқичининг ғолиби:

— Албатта, ушбу ўзига хос баҳсда ғолиб чиққанимдан бағоят бахтиёрман. Шу билан бирга бу натижа зиммамга катта масъулият юклаганини ҳам ҳис этиб турибман. Чунки республика босқичида муносиб қатнашиш учун жиддий тайёргарлик кўриш талаб этилади. Партиямиз фаоллари ва устозлар кўмагида янада кўпроқ ўқиб-ўрганишга тўғри келади. Бунинг учун ўзимнинг бор куч-ғайратимни сафарбар қиламан.

Шундай қилиб, кўрик-танловнинг вилоят босқичи якунланди. Бироқ айрим масалалар ҳақида ҳам тўхталмоқ жоиз. Масалан, айрим иштирокчилар у ёки бу шартни бажаришга умуман шай эмаслиги кўриниб қолди. Ёки Уйчи, Учқўрғон ва Мингбулоқ туманлари вакилларининг вилоят босқичида қатнашмаганлиги нима билан изоҳланади? Ўйлаймизки, келгусида шу каби тадбирларда бундай саволларга ўрин қолмайди.

Нурбек АБДУЛЛАЕВ,

Ўзбекистон “Адолат” СДП

Наманган вилоят Кенгаши матбуот котиби

Наманганда “Адолат” билимдони” кўрик-танловининг вилоят босқичи якунланди was last modified: Ноябрь 13th, 2017 by matbuot

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

« »