Навоийда республика ўқув-семинари иш бошлади

24 Ноябрь, 10:15 • Муҳим хабарлар, Навоий вилояти, Семинар, Янгиликлар • 95 марта кўрилди • Комментариев к записи Навоийда республика ўқув-семинари иш бошлади нет

Кеча Навоий вилоятида Ўзбекистон “Адолат” СДП Сиёсий Кенгаши ташаббуси билан “Маҳаллий Кенгашларда партия позицияси ва электорат манфаатларини ифода этишнинг долзарб масалалари” мавзусида икки кунлик  республика ўқув-семинари ўз ишини бошлади. Унда Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги партия фракцияси аъзолари, Ўзбекистон “Адолат” СДП Сиёсий Кенгаши Марказий аппарати ҳамда ҳудудий ташкилотларининг масъул ходимлари, халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларидаги партия депутатлик гуруҳлари раҳбарлари, фаоллар ҳамда жамоатчилик вакиллари иштирок этмоқда.

Ўқув-семинарнинг биринчи куни Навоий шаҳридаги Алишер Навоий ҳайкали пойига гулчамбар қўйиш маросимидан бошланди. Шундан сўнг иштирокчилар Ўзбекистон “Адолат” СДП Навоий шаҳар ва Кармана туман кенгашлари, туманнинг “Талқоқ” маҳалласидаги “Адолат қабулхонаси” ҳамда вилоят тиббиёт маркази қошидаги бошланғич партия ташкилоти фаолияти, шарт-шароитлар, уларнинг иш тажрибалари билан танишдилар. Ўқув-семинар иштирокчилари учун бежиз бу масканлар танланмаган. Кейинги йиллар мобайнида партиямизнинг Навоий шаҳар ва Кармана туман кенгашлари фаолиятида сезиларли даражада ижобий ўзгаришлар юз берди. Энг муҳими, бу кенгашларнинг саъй-ҳаракатлари туфайли  фуқаролар партиямиз ғоялари, унинг Сайловолди дастури билан яқиндан танишдилар. Натижада “Адолат” СДП аъзолари ва хайрихоҳлари сони янада ортди. Чунончи, партиямизнинг Кармана тумани кенгаши ташаббуси билан тегишли ва манфаатдор идоралар билан ҳамкорлакда маҳаллалардар тунги рейдлар ташкил этилди. Фуқароларимизни огоҳликка, ҳушёрликка даъват этувчи бу тадбир маҳалларимизда жиноятчиликнинг, қонунбузарлик ҳолатларининг янада камайишига олиб келди. Туман кенгаши фаолларининг ташаббуси билан 6-сонли “Камолот” МТМда махсус “Тафаккур майдончаси” ташкил этилди. Бу ерда болажонлар ақл гимнастикаси ҳисобланган шахмат ва шашка билан бемалол машғул бўладилар. Бу эса уларнинг интелектуал жиҳатдан ривожланган, комил шахс бўлиб етишига кўмаклашади.

Туманнинг “Талқоқ” маҳалласида ташкил этилган “Адолат қабулхонаси” доимо одамлар билан гавжум. Бунга ўқув-семинар қатнашчиларининг ўзлари ҳам иқрор бўлдилар. Қабулхона жорий йилнинг сентябрь ойида ташкил этилди. Ўтган қисқа вақт ичида унга 78 фуқаро мурожаат этди. Ўрганишлар мурожаатларнинг асосий қисмини бандлик, турар жой таъминоти, ички йўллар аҳволи, тиббиёт соҳасидаги сансалорликлар, болаларни боғчага жойлаштиришдаги муаммолр ташкил этишини кўрсатди.  Партиядошларимизнинг саъй-ҳаракатлари билан мурожаатларнинг 52 таси ижобий ҳал этилди, қолганлари бўйича эса ўрганишлар давом этмоқда.

 Шунингдек, халқ депутатлари Кармана туман Кенгашининг намунали сессиясида қатнашиб, ушбу сессияга масала киритган партия депутатлик гуруҳининг депутатлар билан ишлаш жараёнларини яқиндан ўргандилар. Эътиборли томони шундаки, депутатлармиз сессияга “Кармана туманида ўқимайдиган, ишламайдиган, тайин машғулотга эга бўлмаган ёшларнинг қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича олиб борилаётган ишлар ҳолати юзасидан” масала киритишган. Бу, албатта, давримизнинг долзарб муаммоларидан бири бўлган уюшмаган ёшлар масаласи партиянинг доимий диққат марказида эканлигини кўрсатади.

Партия депутатлик гуруҳи томонидан ўтказилган ўрганишларда аниқланганидек, ҳозирги кунда Кармана туманида 30 ёшгача бўлган ўқимайдиган, ишламайдиган, тайин бир машғулотга эга бўлмаган уюшмаган ёшлар 583  нафарни, чет элга турли мақсадларда чиқиб кетган ёшлар 979 нафарни ташкил этади.

Маълум бўлишича, уюшмаган ёшларни иш билан таъминлаш, мутахассислиги бўйича малакасини ошириш, янги иш ўринлар яратиш, тадбиркорлик билан шуғулланиш учун амалий кўмак бериш, уларнинг мурожаатларини ўз вақтида амалий ҳал этиш, уй-жой билан таъминлаш ва бошқа ижтимоий ҳимоя қилиш масалалари борасида тегишли мутасадди ташкилотлар томонидан олиб борилаётган амалий ишлар етарли даражада эмас.

Ҳудуддаги бир қатор маиший хизмат кўрсатиш, савдо нуқталарида хизмат кўрсатаётган ёшлар фаолияти ўрганилганда аксарият ҳолларда уларни ишга қабул қилиш тўғрисида буйруқлар расмийлаштирилмаслиги, меҳнат дафтарчалари юритилмасдан келинаётганлиги аён бўлди.

Таҳлил ва хулосалардан келиб чиқиб, мавжуд муаммоларни бартараф этиш мақсадида партия депутатлари аниқ таклифларни ҳам билдиришди. Жумладан, мутасадди ташкилотлар билан биргаликда уюшмаган ёшлар базасини доимий янгилаб, шакллантириб бориш, чет элга кетган ёшларнинг ота-оналари билан суҳбатлар уюштириш, маиший хизмат кўрсатиш, савдо нуқталарида ишлаётган ёшларнинг қонуний манфаатларини химоя қилиш бўйича амалий чора-тадбирлар дастурини ишлаб чиқиш, бу борадаги ишлар натижаларидан кенг жамоатчиликни доимий хабардор қилиб бориш таклифлари илгари сурилди. Сессияда мазкур масала юзасидан тегишли қарор қабул қилинди.

Умуман олганда, халқ депутатлари Кармана туман кенгашида Ўзбекистон “Адолат” СДП депутатларининг фаолияти сезиларли дажада кўзга ташланиб туради. Хусусан, яқинда партия депутатлик гуруҳи ташаббуси билан туман кенгаши сессиясида туман халқ таълими бўлими ҳамда соғликни сақлаш бўлими мудирларининг ҳисоботлари тингланди. Эшитувда 10-синф ўқувчиларининг ўқув дарсликлари билан таъминланганлиги ҳамда тез “Тиббий ёрдам” ва патронаж хизмати масалалари атрофлича муҳокама қилинди.

Иштирокчиларда, айниқса, Навоий вилоятидаги партия депутатлик гуруҳларининг  халқ депутатлари вилоят, шаҳар ва туман Кенгашлари сессияларига масалалар киритишга доир ташаббуслари ва ҳудуддаги партия ташкилотларининг сафдошларимиз сонини кўпайтириш борасидаги тажрибаси катта қизиқиш уйғотди. Қатнашчиларнинг шу хусусдаги саволларига вилоят партия кенгаши раиси Рустам Ҳайитов ҳамда маҳаллий Кенгашлардаги партия депутатлик гуруҳлари раҳбарлари атрофлича жавоб қайтаришди.

Дарҳақиқат, замон ўзгаришлари маҳаллий кенгашлар депутатлари ишини кескин жонлантиришни талаб этмоқда. Президентимиз Шавкат Мирзиёев Олий Мажлис палаталари, сиёсий партиялар ҳамда Ўзбекистон Экологик ҳаракати вакиллари билан видеоселектор йиғилишида “Парламентимиз ҳақиқий демократия мактабига айланиши, ислоҳотларнинг ташаббускори ва асосий ижрочиси бўлиши керак” мавзуидаги маърузасида ҳам бу мавзуга алоҳида эътибор қаратди. Ўзбекистон “Адолат” СДПнинг жойлардаги вакиллари даврнинг долзарб чақириқларига “лаббай” дея жавоб бера оладиган сиёсий куч эканлигимизни, мамлакатимиз барқарорлиги, халқимиз фарвонлиги, жамиятда қонун устуворлиги эришиш йўлида астойдил хизмат қила оладиган, мавжуд муаммолар ечимини топа оладиган, уларни бартараф эта оладиган партия эканлигимизни амалда намоён этаётганлиги кишини қувонтиради.

Ўқув-семинар иштирокчилари вилоят ОИТС марказида ташкил этилган бошланғич партия ташкилоти фаолиятининг ибратли жиҳатлари билан ҳам яқиндан танишдилар. Мазкур муассасада бўлиб ўтган давра суҳбатида “Адолат” СДП Сиёсий Кенгаши раиси ўринбосари Абдукамол Рахмонов “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили”да юртимизда тиббиёт соҳасида олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотлар хусусида маълумот берди ҳамда иштирокчилар томонидан мавзу юзасидан берилган саволларга жавоб қайтарди.

Бугун ўқув-семинарнинг иккинчи иш куни дастуридан ўрин олган масалалар таҳлилий ўрганилмоқда. Бу ҳақда сайтимизда батафсил маълумот берамиз.

 Алижон ҚОСИМОВ,

Ўзбекистон “Адолат” СДП

Марказий аппарати масъул ходими

Навоийда республика ўқув-семинари иш бошлади was last modified: Ноябрь 24th, 2017 by matbuot

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

« »