Нодавлат таълим тизимига аҳамият ортиб бормоқда

3 Ноябрь, 15:17 • Бухоро вилояти, Муносабат, Янгиликлар • 114 марта кўрилди • Комментариев к записи Нодавлат таълим тизимига аҳамият ортиб бормоқда нет

Мустақиллик йилларида таълим соҳасига алоҳида эътибор қаратилди. Хусусан, ёшларнинг мукаммал билим эгаси бўлиш, уларга замонавий билимлар бериш, интеллектуал салоҳиятини ривожлантириш, дунёда ва жамиятда муносиб ўрин эгаллаш мақсадида қатор ўзгаришлар, ислоҳотлар амалга оширилди. Хусусан, замон талабига жавоб берадиган мактаб ва мактабгача таълим муассасаларини бунёд этиш, уларда ёшлар учун шароитлар яратиш, ёшларга таълим беришни янги сифат даражасига кўтариш мақсадида олиб борилган амалий ҳаракатлар сони ортиб бормоқда. Таъкидлаш ўринлики, 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясининг асосий мақсадларидан бири ҳам таълим сифатини тубдан ошириш, янги таълим сифатини шакллантириш ҳамда ҳар бир фанга бўлган эътиборни кучайтиришдир.

Маълумки, мамлакатимизда нодавлат таълим муассасалари сони унчалик кўп эмас, баъзи вилоятларда эса деярли йўқ. Бу эса соҳада баъзи камчиликларни келтириб чиқариши мумкин. Айнан нодавлат таълим хизматлари кўрсатиш фаолиятини янада ривожлантириш, таълимнинг юқори сифатини таъминлашда давлат ва нодавлат таълим муассасалари ўртасида соғлом рақобат муҳитини яратиш мақсадида жорий йилнинг 15 сенятбрь санасида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан “Нодавлат таълим хизматлари кўрсатиш фаолиятини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди. Ушбу қарорда нодавлат таълим хизматлари кўрсатиш фаолиятини янада ривожлантиришнинг асосий йўналиш ва вазифалари белгиланди. Жумладан, иқтидорли болалар ва истеъдодли ёшларни аниқлаб, қўллаб-қувватлаш орқали таълим-тарбиянинг юқори сифатини таъминлайдиган шароитлар яратиш, соғлом рақобат муҳитини шакллантириш учун анъанавий таълим хизматлари билан бир қаторда сифатли ва оммабоп таълим олишнинг муқобил имкониятларини яратадиган пуллик таълим хизматлари кўрсатиш бозорини жадал ривожлантириш, илғор халқаро тажрибаларни инобатга олиб, ўқитишнинг инновацион педагогик шакллари, услублари ҳамда замонавий технологияларидан фойдаланиш асосида таълим соҳасидаги самарадорлик ва натижавийликни оширишга эътибор қаратилганлиги нодавлат таълим тизимини янада ривожлантириш ҳамда унинг сифатини шакллантириш учун хизмат қилади.

Қарорда нодавлат таълим хизматлари фаолияти билан шуғулланувчи юридик шахслар учун ҳам вазифалар белгилаб қўйилди. Яъни, мактабгача ва умумий ўрта таълим соҳасида нодавлат таълим хизматларини кўрсатадиган юридик шахслар ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларнинг қобилиятли ва иқтидорли фарзандларини танлов асосида муассасадаги жами ўқувчилар умумий сонининг 10 фоизидан кам бўлмаган миқдорда таълим хизматларини кўрсатиш эвазига келиб тушган даромадлар ҳисобидан бепул (грант асосида) ўқишга қабул қилинишининг белгилаб қўйилганлиги нафақат, ёшлар учун, балки уларнинг ота-оналари учун ҳам жуда катта қулайликдир.

Ҳужжатда нодавлат таълим хизматлари фаолияти билан шуғулланувчи юридик шахсларга соҳага янада юксакроқ эътибор қаратиш, хорижий тажрибаларни инобатга олган ҳолда соҳани янада кенгайтириш мақсадида қатор таклиф ва тавсиялар берилди. Бу эса соҳа равнақи ва ривожи учун муҳим рол ўйнайди.

Давлатимиз раҳбари томонидан қабул қилинган ушбу қарор соҳада соғлом рақобат муҳитини яратиш, хорижий ўқитувчиларни жалб этган ҳолда фаолиятни янада кенгайтириш, болаларни фанга бўлган қизиқишини ошириш, чуқур ўқитиш, юқори малакали кадр сифатида жаҳон ҳамжамиятида мамлакатимиз нуфузини оширишга, баркамол инсон бўлиб улғайишида хизмат қилади. Бу эса юртимиз тараққиёти йўлида қилинган яна бир самарали амал десак, албатта адашмаган бўламиз.

Маҳмуд НАБИЕВ,

халқ депутатлари Бухоро туман Кенгаши депутати

Нодавлат таълим тизимига аҳамият ортиб бормоқда was last modified: Ноябрь 3rd, 2017 by matbuot

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

« »