Қонун лойиҳаси қизғин муҳокама этилди

2 Ноябрь, 15:07 • Марказий аппарат, Фракция, Янгиликлар • 111 марта кўрилди • Комментариев к записи Қонун лойиҳаси қизғин муҳокама этилди нет

Шу йилнинг 1 ноябрь куни Тошкентдаги “Пойтахт” бизнес марказида Ўзбекистон “Адолат” СДП Сиёсий Кенгаши, партиянинг Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракцияси, Тараққиёт стратегияси маркази ҳамда Фан ва технологиялар агентлиги ҳамкорлигида “Инновацион фаолият тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонуни лойиҳаси муҳокамасига бағишланган давра суҳбати бўлиб ўтди. Унда Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги партия фракцияси аъзолари, экспертлар, олимлар ва журналистлар иштирок этди.

Айтиш керакки, Президентимиз Шавкат Мирзиёев Олий Мажлис палаталари, сиёсий партиялар ҳамда Ўзбекистон Экологик ҳаракати вакиллари билан ўтказган видеоселектор йиғилишида парламентда қабул қилинаётган ҳар бир қонун лойиҳаси сайловчилар, партия электорати, турли табақа ва гуруҳларнинг манфаатлари нуқтаи назаридан атрофлича муҳокама этилиши, фракциялар ушбу масалаларда принципиал позициясини намоён этиши зарурлигини алоҳида таъкидлаган эди. Ташкил этилган давра суҳбати ҳам ушбу вазифалар ижросига хизмат қилди. Унда инновацион фаолиятни янада жадаллаштириш йўлидаги муаммолар ва уларнинг ечимини аниқлаш, миллий инновация тизимининг шаклланиш жараёнини таҳлил қилиш, унинг ҳуқуқий асосларини такомиллаштириш, жумладан, “Инновацион фаолият тўғрисида”ги қонун лойиҳасини такомиллаштириш билан боғлиқ вазифалар муҳокама этилди.

Тадбирни фракция раҳбари Наримон Умаров бошқарди.

Таъкидланганидек, мамлакатимизни янада тараққий эттириш, иқтисодиёти энг ривожланган давлатлар қаторидан ўрин эгаллашда инновацияларнинг аҳамияти жуда муҳим.  Шу сабабдан сўнгги йилларда мамлакатимизда илмий-тадқиқот фаолияти самарадорлигини ошириш, ижтимоий ва иқтисодий ривожланиш ҳамда мамлакатни демократик янгилашда фаннинг ролини кучайтиришга қаратилган кенг кўламли ишлар амалга оширилди.

— Илм-фан эгаларини моддий рағбатлантириш бўйича жорий этилган механизмлар улар фаолиятининг самарадорлигини оширишга хизмат қилмоқда, — деди Н. Умаров. — Айни пайтда давлат қудратини ошириш, халқимиз фаровонлигини яхшилашга хизмат қилувчи инновацион технология ва ишланмаларнинг ҳаётга самарали татбиқ этиш, уларнинг муаллифлари ва буюртмачиларига оид муносабатларни тартибга солувчи қонунчиликни такомиллаштиришни даврнинг ўзи тақозо қилмоқда. Ўзбекистон “Адолат” СДП сайловолди дастурида ҳам инновацион фаолиятнинг меъёрий-ҳуқуқий базасини такомиллаштириш, инновация ва инновацион инфратузилмаларнинг ягона ваколатли органини таъсис этиш, давлат бюджети, корхона ва ташкилотларнинг молиявий қўйилмалари, ҳомийлик ва хайрия маблағлари ҳисобидан Инновация жамғармасини тузиш, қолаверса, иқтисодиёт соҳаларида хусусий бизнес иштирокида унча катта бўлмаган ва қисқа муддатда ўзини оқлайдиган инновацион лойиҳаларни жорий этиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилган. Ана шу дастурий вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида партиянинг 2015-2019 йилларга мўлжалланган амалий Ҳаракатлар дастурида “Инновацион фаолият тўғрисида”ги қонун лойиҳасини ишлаб чиқиб, қабул қилинишига эришиш вазифаси белгиланган эди. Бир неча йиллик изланишлар натижасида мазкур қонун лойиҳаси партия депутатлари, экспертлари ҳамда Фан ва технологиялар агентлиги кўмагида ишлаб чиқилди. Қонун лойиҳаси айни вақтда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси муҳокамасига киритишдан олдин, энг аввало, партия электорати бўлган илмий жамоатчилик, олимлар, экспертлар ва фаоллар иштирокида кенг муҳокама қилиняпти. Жумладан, қонун лойиҳаси Фан ва технологиялар агентлиги тасарруфидаги ташкилотлар ва бўлинмаларда, барча вилоятлардаги олий таълим муассасаларида олимлар, маҳаллий кенгашлардаги партия депутатлари ва фаоллари иштирокида муҳокама қилиниб, уни янада такомиллаштириш бўйича таклифлар олинмоқда.

Қайд этилганидек, мазкур қонун лойиҳасида соҳага доир атамаларни бир хил талқин қилишга имкон берадиган тушунчалар ва меъёрларни ўз ичига олган. Унинг муҳим жиҳатларидан бири — инновацион фаолият соҳасида давлат сиёсатининг асосий йўналишлари акс этаётганидадир.

— Мазкур қонун лойиҳаси устида бир неча йилдан буён изланиш олиб борилмоқда ва  тобора такомиллашиб бораётир, — деди Ўзбекистон Фан ва технологиялар агентлиги “Илмий-техника ахбороти” ДУК директори ўринбосари Насиба Муҳитдинова. — Бу борада соҳа вакиллари, мутахассислар, экспертлар, олимлар, кенг жамоатчилик, айниқса ёшлар иштирокида ўтказилаётган муҳокамаларнинг аҳамияти муҳим омил бўлмоқда. Улар ўз фикрлари, таклиф-тавсиялари билан унинг мукаммаллашувига катта ҳисса қўшаётганини алоҳида таъкидлаш жоиз. Қонун лойиҳасида инновациялар соҳасида давлат сиёсатини амалга ошириш бўйича органлар ҳамда уларнинг ваколатлари, илмий ва инновациявий фаолият субъектлари ҳамда уларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари аниқ баён этилмоқда. Унинг алоҳида боби инновациялар ва инновацион фаолиятнинг молиялаштирилиши жараёнига бағишлангани ҳамда мамлакатимиз иқтисодиётида янги жараён ҳисобланган венчур жамғармалар ҳақидаги тушунча ва жараённинг баён қилинаётгани эътиборга моликдир. Янги қонуннинг қабул қилиниши инновациялар ва инновациявий фаолият соҳасида ҳуқуқий майдонни шакллантириш имконини беради, инновациявий фаолият соҳасидаги муносабатларни тартибга солувчи меъёрлар инновацион тадбиркорлик соҳасида зарурий ҳуқуқий муҳитни вужудга келтиради, унинг барча иштирокчилари ўртасидаги ўзаро самарали муносабатни ҳуқуқий жиҳатдан таъминлашга хизмат қилади.

Тадбир давомида амалиётчилар, мутахассислар, олимлар ҳамда талабаларнинг қонун лойиҳасини янада такомиллаштиришга доир таклифлари тингланди. Хусусан, соҳага доир хориж амалиётини ўрганиш, айниқса, тараққий этган давлатларнинг қонунчилигидаги илғор тажрибалар асосида қонун лойиҳасини такомилига етказиш бўйича таклифлар билдирилди.

— Мазкур қонун лойиҳаси ўз вақтида, айни зарур ва долзарб вақтда ишлаб чиқилаётганини алоҳида таъкидлаш жоиз, — деди Тошкент ахборот технологиялари қошидаги “Инновация маркази” раҳбари Жасурбек Сайфиев. — Чунки бугун мамлакатимизда барча соҳада амалга оширилаётган  изчил ислоҳотлар жараёнида айнан инновация соҳасидаги лойиҳаларни қўллаб-қувватлаш ҳамда ривожлантиришнинг ҳуқуқий асосини мустаҳкамлашга катта эҳтиёж борлиги кундек равшан.  Бизнингча, қонун лойиҳасининг 28-моддасини янада такомиллаштириш, яъни, инновацион лойиҳаларни баҳолашда шаффофлик ҳамда очиқлик тамойилларини киритиш жуда муҳим. Ана шундагина иқтидорли, ёш олимларнинг самарали меҳнат қилиши ҳамда ўз ғояларини тадбиқ қилиш имконияти яратилган бўлади.

Давра суҳбати якунида “Инновацион фаолият тўғрисида”ги қонун лойиҳасини жамоатчилик иштирокида янада кенгроқ муҳокама қилиш ҳамда уни маромига етказиб, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси муҳокамасига киритиш ҳамда қабул қилинишига эришиш юзасидан таклиф-тавсиялар ишлаб чиқилди.

Қонун лойиҳаси қизғин муҳокама этилди was last modified: Ноябрь 2nd, 2017 by matbuot

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

« »