Партия лойиҳаси барчага манзур бўлди

13 Ноябрь, 17:44 • Наманган вилояти, Партия лойиҳаси, Янгиликлар • 33 марта кўрилди • Комментариев к записи Партия лойиҳаси барчага манзур бўлди нет

“Тозалик йўлида бирлашайлик!”

Ўзбекистон «Адолат” СДП томонидан олға сурилган ана шу номли лойиҳа асосидаги эзгу тадбирлар Наманган вилоятида ҳам бошлаб юборилди. Биринчилар қаторида бу ишга Наманган туманидаги сафдошлар қўшилдилар. Улар бу борада “Маҳалла” хайрия жамоат фонди ҳамда Ёшлар иттифоқининг маҳаллий бўлимлари билан ҳамкорлик ўрнатганликлари эътиборга лойиқдир. Самара ҳам дарҳол кўзга ташланиб қолди. Туман маркази ва қишлоқлардаги кўчалар, гузарлар тобора ободонлашиб бормоқда, илгари у ер-бу ерда бир-бир кўзга ташланиб турадиган ахлат уюмлари ҳам тобора камайиб бормоқда.

Куни кеча “Адолат” СДП туман кенгаши фаоллари ташаббуси билан “Урганжи” маҳалла фуқаролар йиғинида ҳам аҳолининг турли қатламлари вакиллари, шу жумладан, ёшлар иштирокида кенг миқёсли ҳашар ўтказилди. Бир неча соат давом этган тадбирда гузар ва кўчалар тартибга келтирилди. Катта ва кичик ариқлар бўйлари тозаланди, уларнинг ўзанлари ҳам чуқурлаштирилиб, сув равон оқадиган қилиб қўйилди. Йиғиштирилган ахлат ва чиқиндилар “Тоза ҳудуд” давлат унитар корхонаси ажратган махсус авторанспорт воситаларида олиб кетилди.

Маҳалламиз фаоллари “Адолат”чилар бошлаган ташаббусга якдиллик билан қўшилдилар, — дейди  “Урганжи” МФЙ котиби, “Адолат” СДП фаоли Ҳуснида Қўчқорова. — Чунки озодачилик ва тозалик саломатлик гарови эканлиги ҳеч кимга сир эмас. Ўз ҳудудимизни ободонлаштирсак, ахлат ва чиқиндилар тўпланишига йўл қўймасак, бошқалар ҳам шундан ўрнак олади. Барча бундай олижаноб ташаббусни қўллаб-қувватлаган ҳолда амалий ишга киришди. Мана шундай ибратли тадбирлар одамларни олижаноб мақсадлар йўлида бирлаштиради. Натижада жамиятдаги ҳамфикрлик, аҳиллик, бир-бирини қўллаб-қувватлаш янада кучаяди.

Маҳалла фаолларининг жонкуярлиги туфайли мавжуд бешта кўчанинг барчасида шу куни аҳоли вакиллари ҳашарга чиқдилар. Уч юздан ортиқ хонадон, мактаб ва мактабгача таълим муассасиси, гузардаги хизмат кўрсатиш шохобчаларининг  ҳудудлари ҳам тозаланди. Тўпланган чиқиндилар эса тезда ташиб кетилди.

Шуниси диққатга сазоворки, маҳалладаги ободончилик ишларига “Ёшлар иттифоқи”нинг аъзолари ҳам бажонидил қўшилдилар. Хусусан, шу ерда жойлашган 9-умумтаълим мактабининг юқори синф ўқувчилари дарсдан бўш вақтларида кўчаларни супуриб-сидирдилар, чиқиндиларни ва хас-хашакларни тўпладилар. Ушбу таълим муассасасидаги “Ёшлар иттифоқи” бошланғич ташкилоти раиси Д. Ҳасановнинг айтишича, юзга яқин фаол ҳашарда иштирок этдилар. Улар атроф-муҳит озодалигига ҳисса қўшганликларидан ўзлари ҳам қониқиш ҳосил қилдилар.

Биз маҳалла ва партия  фаоллари билан бир қатор хонадонларда ҳам бўлдик. Улардаги саранжом-саришталик, тартиб ва озодагарчилик кишининг ҳавасини келтиради. Шу туфайли уларда уй-рўзғор ишлари намунали йўлга қўйилганлиги кўзга ташланиб турибди. 1-Мустақиллик кўчасида яшовчи Тожихон Бекмирзаева, Абдулҳафиз Бўрибоев, Ҳошимжон Хушназаров каби фуқаролар  бош бўлган оилаларнинг аъзолари тозалик масаласига катта эътибор қаратишлари маълум бўлди. МФЙнинг навбатдаги йиғилишларидан бирида бу борада тўпланган тажрибани оммалаштиришга, “Энг обод кўча”, “Энг намунали хонадон” каби кўрик-танловлар  ўтказишга келишиб олинди.

Ўзбекистон “Адолат” СДП Наманган туман кенгаши раиси Ёрқиной Ҳожиматованинг айтишича, “Урганжи”да бошланган ишлар бошқа маҳалларга ҳам кенг ёйилмоқда. Бунда партия фаолларининг ҳиссаси катта бўлмоқда. Улар бевосита жойларда бўлиб, кенг кўламли тарғибот-ташвиқот ишларини олиб бормоқдалар. Шу аснода “Адолат” СДПнинг сайловолди дастурида кўтарилган масалалар, ана шу йўналишда амалга оширилаётган ишлар ҳақида ҳам сўзлаб берилмоқда.

Нурбек АБДУЛЛАЕВ,

Ўзбекистон Адолат” СДП

Наманган вилоят Кенгашининг матбуот котиби

Партия лойиҳаси барчага манзур бўлди was last modified: Ноябрь 13th, 2017 by matbuot

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

« »