Шароф Рашидов ҳақида замондош ҳикояси

10 Ноябрь, 14:49 • Муҳим хабарлар, Сурхондарё вилояти, Янгиликлар • 74 марта кўрилди • Комментариев к записи Шароф Рашидов ҳақида замондош ҳикояси нет

Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан Шароф Рашидов таваллудининг 100 йиллигини нишонлаш тўғрисида қарор кўпчиликнинг кўнглидаги иш бўлди.

Мен бу улуғ инсон билан илк бор 1958 йилда Сариосиё туманидаги Шарғун кўмир конида учрашганман. Ўшанда Шароф ака келиб, шахтёрлар ҳаёти, яшаш тарзи, иш ҳақи ва уй-жойлари, ишчилар ошхонаси, болалар боғчалари, шифохоналар фаолияти билан қизиқиб, бу соҳаларга эътиборни янада кучайтириш лозимлигини уқтирди. Бунинг учун давлат томонидан маблағ ажратилишини айтиб, қимматли маслаҳатлар берди. Ана шу ташрифдан сўнг шахтёрларнинг ҳаёти анча яхшилангани, фаровонлашгани бор гап.

1974 йилда Шароф акани Сайроб қишлоғида кутиб олдик. Ўша вақтда мен Бойсун тумани партия қўмитасининг биринчи котиби эдим. Ш.Рашидов асрий чинорларни ва шифобахш булоқни томоша қилди. У “Бойсун” хўжалиги фаолияти билан танишди,  Дарбанддаги йилқичилик фермасида қимиз ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш ва уни шифохоналарга етказиб беришни маслаҳат берди. Орадан бир йил ўтиб, мени Денов тумани партия қўмитаси биринчи котиби лавозимига тавсия этишди. Шу муносабат билан Шароф Рашидов қабулида бўлдим. У менга қатъий ишонч билдирди ва ҳамиша қўллаб-қувватлашга тайёрлигини маълум қилди. Ўша йили пахта тайёрлаш режасини биринчилардан бўлиб бизнинг туманимиз бажарди ва Шароф ака барча пахтакорларни табриклаш учун ноябрь ойида Шароф Рашидов ташриф буюрди. Тумандаги Хазорбоғ хўжалигини айланаётиб, “Шу ерда лимон етиштирувчи иссиқхона ташкил этинглар. Лимон одамларнинг соғлигига фойдали”, дея маслаҳат берди. У даврларда вилоятимизда лимон умуман етиштирилмас эди. Шароф аканинг тавсияси билан қисқа муддат ичида Ҳазорбоғда катта лимонзор барпо этилди. Аста-секин бундай майдонлар кенгайиб борди. Шу боис Сурхондарёда етиштирилаётган лимонлар Шароф Рашидов туфайли десак, муболаға бўлмаса керак.

Ўша воқеалар худди бугунгидек ёдимда. Қайсидир хўжалик фаолияти билан танишиш асносида бир одам биз томон кела бошлади. Суриштириб билсам, Шароф Рашидовга арзи бор экан. Шароф ака бундан хабар топиб, “Одамларнинг мурожаатини тинглаш ҳар биримизнинг бурчимиз. Ким бўлишидан қатъий назар уни қийнаётган муаммони ҳал қилиш зарур”, деди. Биз уларни холи қолдирдик. Шароф ака у одам билан анча гаплашди. Шуни эслайманки, ўша киши Шароф акадан хурсанд бўлиб қайтиб кетди. Шароф Рашидов вилоят раҳбари билан туманларни айланиб юриб,  жойларда тўхтаб атрофдаги одамлар билан эмин-эркин мулоқот қилиб кетаверарди. У киши бошқаларнинг дардини тинглашни яхши биларди. Бировга қаттиқ гапирганини эшитмаганмиз. Оғир-вазмин андишали инсон эди. У билан мулоқотдан, ўтказган мажлис-машваратларидан ҳар доим катта сабоқ, маънавий озуқа, руҳий куч-қувват олардик, янада самарали меҳнат қилишга, одамларга нисбатан адолатли ва мурувватли бўлишга интилардик.

Ҳумойиддин ШАРОФУДДИНОВ,

Ўзбекистон “Адолат” СДП фаоли, меҳнат фахрийси

Шароф Рашидов ҳақида замондош ҳикояси was last modified: Ноябрь 10th, 2017 by matbuot

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

« »