Шофиркон туманидаги ички йўллар муаммоси ҳал этиладими?

10 Ноябрь, 17:53 • Бухоро вилояти, Жамият, Янгиликлар • 38 марта кўрилди • Комментариев к записи Шофиркон туманидаги ички йўллар муаммоси ҳал этиладими? нет

Йўлларни бунёд этиш, уларни қайта таъмирлаш ишларига эътибор қаратиш энг самарали ислоҳотлардан биридир. Шундай экан, бугунги кунда нафақат автомобил йўлларини, балки ички йўлларни таъмирлаш ишларига ҳам жуда катта эътибор қаратиб келинмоқда. Тўғри, шаҳар марказлари йўллари деярли таъмирланган, йўловчи ва пиёдалар учун қулай шароитлар яратилган, аммо чекка ҳудуд йўлларининг аҳволи қай даражада? Бундан аҳоли розими? Айни шу саволга жавоб топиш мақсадида партиянинг Шофиркон туман Кенгаши ташаббускорлигида “Жамоатчилик назорати – қонун устуворлигининг гарови” лойиҳаси доирасида “Туман ички йўлларига эътибор қандай?” мавзусида йиғилиш бўлиб ўтди. Унда туман партия Кенгаши ходимлари қатори туман депутатлари, Шофиркон туман йўллардан фойдаланиш унитар корхонаси ходимлари иштирок этишди.

Таъкидлаш ўринлики, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан жорий йилнинг февраль ойида “Йўл хўжалигини бошқариш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони қабул қилинди. Ушбу фармонда айни шу соҳадаги муаммолар ҳақида сўз юритилиб, уларнинг ечимига доир устувор вазифалар белгилаб берилди. Жумладан, ҳужжатда келтирилганидек, юртимизда йўл-қурилиш ишларининг сифатини ошириш, уларни қуриш, қайта реконструкция қилиш ишларига эътибор қаратиш зарурлиги ҳам жуда катта масъулиятни тақозо этади. Бинобарин, йўлсозлик – меҳнат талаб этадиган касб сифатида қаралар экан, айни мана шу меҳнатни чин дилдан ҳис этган ҳолда бажармоқ зарур. Ҳар бир хайрли ишнинг ўз унуми бўлганидек, қурилган кичик йўл ёки катта йўл бўладими, барчанинг мушкулини осон қилиб, манзилини яқин қилади. Аммо бугун барча соҳада бўлганидек, йўлсозликда ҳам қатор танқидий таҳлиллар мавжуд. Йиғилиш давомида айни мана шу муаммо — Шофиркон тумандаги йўллар ва ички йўлларнинг носоз аҳволи борасида сўз юритилди. Хусусан, депутатлик гуруҳи “Бобоато” МФЙ ҳудудидаги “Наққош”, “Шароф бобо Ҳамроев” ҚФЙдаги “Обод Гулистон”, “Зарчабек” МФЙдаги “Зарчабек”, “Фарҳод”, “Тарозидор” каби қатор қишлоқ йўлларини асфальтлаштириш масаласига эътибор қаратган ҳолда тегишли ташкилотларга ўзларининг депутатлик сўровлари билан мурожаат қилишган эди. Туман ҳокими ўринбосари Б.Юсупов депутатлик сўровларини ўрганиб, ёзган жавоб хатларида туманда 29,9 километрга яқин умумфойдаланувдаги қишлоқ йўлларини асфальтлаштириш режага қайд этилганлигини айтиб ўтган бўлса-да, “Зарчабек” қишлоғи йўлининг атиги бир километрга яқин қисми таъмирланган, холос.

Таъкидлаш ўринлики, партиянинг Шофиркон туман Кенгаши раиси Зулфия Ашурова ҳам октябрь ойида ТЙФУК (туман йўллардан фойдаланиш унитар корхонаси)га ушбу муаммолар юзасидан хат билан мурожаат қилган. Ташкилот раҳбари эса 2017 йилда корхона томонидан жами 29,106 км манзиллар дастури кирган ички хўжалик йўллари қум-шағал аралашмаси билан қурилганлиги, ички хўжалик йўлларини асфальтлаштиришга – агар ички хўжалик йўллари манзиллар дастурига кириб тасдиқланиб, лимит ва битум материаллари учун фонд ажратса, ички хўжалик йўллари асфалтьлаштирилиши борасида жавоб хатини маълум қилган. Шунингдек, йиғилишда ушбу ташкилотнинг автомобил йўлларидан фойдаланиш бўлими бошлиғи А.Баҳронов Шофиркон ТЙФУК томонидан Республика йўл жамғармаси ва маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобидан жорий таъмирлаш ишларининг 2017 йилги манзиллар дастурига кирган объектларда бажарилган ишлар тўғрисида ҳисобот берар экан, тумандаги 20 га яқин маҳалла фуқаролар йиғини таркибига кирувчи 35 та кўча йўлларида таъмирлаш ишлари олиб борилганлигини қайд этди. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 14 февралдаги №2775-сонли қарорига мувофиқ тумандаги ички хўжалик автомобил йўлларининг “Республика йўл жамғармаси” маблағлари ҳисобидан жорий таъмирлаш учун 2018 йилда ажратилган манзиллар рўйхати тўғрисида ҳам тушунча берди.

Халқ депутатлари туман Кенгаши депутати Ҳазрат Мавлонов сўзга чиқиб, ўрганишлар натижасида тумандаги қишлоқ ички йўлларининг аксарият қисми таъмирталаб ахволга эканлиги, айниқса, “Қалмақон” ҳамда “Зарчабек” МФЙлардаги “Истиқлол”, “Қалмақон”, “Файзулло Хўжаев” ҳамда “Фарход” кўчалари бир неча йиллардан буён таъмирталаб аҳволда эканлигига қарамасдан 2017-2018 йилдаги таъмирлаш дастурига киритилмаганлиги тўғрисида ўз эътирозини билдирди. Ушбу масала кўриб чиқилиши ҳамда муаммоларни бирма-бир ҳал этилишига келишилди.

Йўллар манзилларни бир-бирига туташтирувчи восита экан, давлатимиз томонидан ушбу соҳага берилаётган эътибор ҳудудларни ободонлаштириш, фуқароларга қулайлик яратиш, инсонларнинг оғирини енгил қилиш, турмушини эса янада фаровон этишга хизмат қилади.

Моҳигул АБДУЛЛАЕВА,

Партиянинг Бухоро вилоят Кенгаши матбуот котиби

Шофиркон туманидаги ички йўллар муаммоси ҳал этиладими? was last modified: Ноябрь 10th, 2017 by matbuot

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

« »