Сув таъминотида тўлов интизомига риоя қилиш – фуқаролик бурчимиздир

29 Ноябрь, 15:06 • Бухоро вилояти, Муносабат, Янгиликлар • 203 марта кўрилди • Комментариев к записи Сув таъминотида тўлов интизомига риоя қилиш – фуқаролик бурчимиздир нет

Мамлакатимизда аҳолининг коммунал тўловларини вақтида тўлаш, бу борада мавжуд камчиликларни бартараф этиш мақсадида қатор амалий ишлар, ислоҳотлар олиб борилмоқда. Уй-жой коммунал соҳаси, хусусан, газ, сув, электор тармоқларидан оқилона фойдаланишни таъминлашга берилаётган алоҳида эътибор камчиликларни бартараф этиш учун кенг йўл очиб бермоқда.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан жорий йилнинг 16 ноябрь санасида қабул қилинган “Сув таъминоти ва сув чиқариш хизмати кўрсатиш соҳасида тўлов интизомини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонида ҳам сув ресурслари чекланган, сувга талаб ошиб бораётган ва мамлакат аҳолиси сони ўсиб бораётган шароитда ундан оқилона фойдаланиш, замонавий сув тежамкор технологияларни жорий этиш, қарздорликни камайтириш, тўлов интизомини мустаҳкамлашга ва тармоқнинг янада ривожланишига ҳисса қўшиш мақсадида қатор вазифалар белгилаб берилди.  Айниқса, водопровод-канализация хўжалигида тўпланиб қолган тизимли муаммо ва камчиликларни камайтириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Мажбурий ижро бюроси вазифаларига эътибор қаратилди. Шунингдек, сув таъминоти ва сув чиқариш хизматлари учун тўловларни ўз вақтида ва тўлиқ ундирилиш, истеъмолчиларнинг қарздорлиги камайтирилишини таъминлаш, сувдан ноқонуний фойдаланиш ҳолатларини олдини олиш, аниқланган тафовутларни бартараф қилиш механизми бўйича таклифлар киритиш сингари жавобгарликнинг юклатилганлиги ҳам соҳадаги мавжуд муаммоларнинг бартараф этилишида кўмак беради. Шу билан бирга Ўзбекистон Республикаси Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлигининг ўз олдига қўйиши лозим бўлган вазифалар таъкидлаб ўтилган.

Тўғри, баъзан атрофга назар солганимизда ичимлик сувидан оқилона фойдаланмай келаётган фуқароларга рўбаро келамиз. Бу иш тугул, ўзи истеъмол этган ичимлик сувининг тўловини вақтида амалга оширмай келаётган фуқаролар ҳам йўқ эмас. Давлатимиз раҳбари томонидан қабул қилинган ушбу фармонда айни мана шундай муаммоларни бартараф этишда нафақат, тегишли ташкилотлар, балки ўзимиз ҳам эътибор билан ёндашишимиз зарурлиги, вақтида ҳар бир тўлов тизимини амалга оширишимиз шартлиги қайд этилган. Шунингдек, 2018 йил 1 январдан бошлаб ўз фуқаролик бурчини вақтида амалга оширмай келаётганларга зарурий чоралар кўрилиши ҳам таъкидланган.

Фармон билан танишиш чоғида  2018 йил 1 январдан бошлаб сув таъминоти ва сув чиқариш хизматлари учун янгиланган тарифларни жорий қилиниши белгилаб қўйилган. Бу эса барча фуқаролар учун катта имкониятдир. Бундан ташқари, ҳужжатда давлатимиз раҳбари томонидан масъул вазирлик ва идоралар олдига водопровод-канализация хўжалиги ташкилотлари фаолиятини танқидий ўрганиш ҳамда натижаси бўйича сув таъминоти ва сув чиқаришни бошқариш тизимини тубдан такомиллаштириш юзасидан норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини киритиш вазифалари қўйилди.

“Қуш уясида кўрганини қилади”, деганларидек, биз ёшлар тарбиясига ҳам бу борадаги масаларга алоҳида эътибор билан ёндашмоғимиз керак. Сувни тежаш, ундан оқилона фойдаланиш, маданиятини шакллантириш олдимизда турган асосий вазифадир. Айнан мана шу вазифаларга аввало, ўзимиз риоя қилсаккина, мақсадимизга эришамиз. Шу муносабат билан президентимиз томонидан қабул қилинган ушбу фармонда халқ таълими, олий ва ўрта махсус таълим вазирликларига ҳам тегишли топшириқлар берилди. Бу берилган топшириқ, вазифалар тўлов интизомини вақтида амалга ошириш учун хизмат қилади. Бу эса юртимиз равнақи ва тараққиёти йўлида катта имкониятдир.

Даврон ШУКУРОВ,

халқ депутатлари Ромитан туман Кенгаши депутати

Сув таъминотида тўлов интизомига риоя қилиш – фуқаролик бурчимиздир was last modified: Ноябрь 29th, 2017 by matbuot

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

« »