Театр санъатига беқиёс эътибор

10 Ноябрь, 16:25 • Муносабат, Хоразм вилояти, Янгиликлар • 14 марта кўрилди • Комментариев к записи Театр санъатига беқиёс эътибор нет

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг жорий йил 31 майдаги “Маданият ва санъат соҳасини янада ривожлантириш ва такомиллаштиришга доир чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори ижроси таъминланиб,  соҳани ривожлантириш, театрларнинг моддий техник базасини замон талаблари асосида мустаҳкамлаш ишлари изчил давом этмоқда.

Жумладан, бунинг ёрқин амалий ифодасини Хоразм вилояти мусиқали драма театри мисолида ҳам кўриш мумкин. Айни пайтда театримиз биноси капитал таъмирланмоқда. 572 томошабинга  мўлжалланган зални таъмирлаш ишлари тез, жадал суръатлар билан олиб борилмоқда. Ёритиш, иситиш ва совутиш тизимлари хорижий технологиялар асосида янгиланмоқда. Театр саҳна декорациялари ва конструкциялари, либослар, грим ва зарур маҳсулотлари, парда ва бошқа буюмлар билан таъминланади.

Президентимиз биз билан мулоқотда театрнинг репертуари, ходимлар малакаси ва меҳнат шароити билан қизиқди. Ижодий жамоамиз фаолиятини кенгайтириш, мазмун-моҳиятини янада бойитиш бўйича ўз фикр-мулоҳазаларини билдирдилар.

Театрни хақиқий маънавият ўчоғига айлантириш учун, аввало, яхши асарлар кераклигини алоҳида қайд этиб, тавсиялар берди. Жумладан, улуғ алломаларимиз, шу билан бирга, замонамиз қаҳрамонлари ҳақида саҳна асарлари яратиш зарурлигини, театр жамоаси томошабинлар билан мунтазам мулоқотни йўлга қўйиш, туманларга чиқиб, спектакллар намойиш қилиш, ёшларни санъатга, маданиятга ўргатиш кераклигини таъкидлади.

Театримиз жамоаси аъзолари учун замонавий уй-жой қуриб бериш, театрнинг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш бўйича кўрсатмалар берилди. Драматургларни қўллаб-қувватлаш, актёр ва режиссёрлар малакасини ошириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. Айни пайтда давлатимиз раҳбарининг кўрсатма ва тавсиялари асосида чора-тадбирлар белгиланиб, улар изчил бажарилмоқда.

Театримиз бой тарихга эга. Бу улуғ санъат даргоҳида эл-юрт ҳурматига сазовор бўлган машҳур санъаткорлардан Ваҳобжон Фаёзов, Маҳмуджон Сафаев, Қаландар Бойжонов, Салоҳиддин Камолов, Санъат Девонов, Онабиби Очилова, Ражаббиби Бойжонова, Мадраҳим Бобожонов, Ширин Рамазонова, Ҳожибой Ортиқов ва бошқа етук актёрлар саҳнада ижро этган юзлаган ролларини юртдошларимиз бугун ҳам илиқ таассуротлар билан ёдга олишди.

Забардаст режиссёрлардан Ҳошим Исломов, Ибодулла Ниёзматовларнинг саҳналаштирган саҳна асарлари ҳақида ҳам фахр билан эслаймиз.

Бугун ҳам театримизда эл севган актёрлардан Гулора Раҳимова, Комилжон Тожибоев, Зулфия Отаева ва бошқа етук актёрлар, ёшлар устозлар анъанасини муносиб давом эттирмоқдалар.

Театримиз жамоаси олдида масъулиятли ва муҳим вазифалар турибди. Айни пайтда янги саҳна асарлари устида тайёргарлик жараёнлари қизғин давом этётир.

Президентимизнинг санъатга, санъат аҳлига кўрсатаётган беқиёс эътиборига ижодий фаолиятимиз билан амалий жавоб берамиз.

Динара ИБРАГИМОВА,

Хоразм вилояти мусиқали драма театри директори, партия фаоли

Театр санъатига беқиёс эътибор was last modified: Ноябрь 13th, 2017 by matbuot

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

« »