Тиббий хизмат масаласи сессияда муҳокама этилди

3 Ноябрь, 18:18 • Бухоро вилояти, Сессия, Янгиликлар • 114 марта кўрилди • Комментариев к записи Тиббий хизмат масаласи сессияда муҳокама этилди нет

Жондор туман ҳокимлигининг мажлислар залида халқ депутатлари туман Кенгашининг бўлиб ўтган ўттиз бешинчи сессиясида туманнинг ижтимоий-иқтисодий ҳаётига дахлдор масалалар кўриб чиқилди.

Кун тартибидан партиянинг туман Кенгашидаги депутатлик гуруҳи аъзолари томонидан тайёрланган масала ҳам ўрин олди. “Саломатлик йўлида бирлашайлик” лойиҳаси доирасида Жондор туман тиббиёт бирлашмасида аҳолига тиббий хизмат кўрсатиш тизими билан боғлиқ муаммолар юзасидан ўтказилган ўрганишлар тўғрисида”ги масала маърузаси депутатлик гуруҳи раҳбари Акбар Сoлиев томонидан ўқиб эшиттирилди.

— Бугунги кунда мамлакатимизда соғлиқни сақлаш соҳасига берилаётган эътибор соҳада мавжуд муаммоларни бартараф этишда туртки бўлмоқда, — деди Акбар Солиев. — Партиянинг “Саломатлик йўлида бирлашайлик” лойиҳаси доирасида туман тиббиёт бирлашмаларининг фаолияти, аҳолига тиббий хизмат кўрсатиш тизими билан боғлиқ муаммоларни ўрганишда масъулиятни ҳис этган ҳолда ўз депутатлик вазифаларидан келиб чиқиб ўрганиш ишларини амалга оширди. Бу борада аниыланган муаммо ва камчиликлар сессияда муҳокама этилиши орқали баратараф этилади, деган умиддамиз.

Таъкидлаш жоиз, туман тиббиёт бирлашмаси тизимида мингдан ортиқ шифокор, 1,600 нафардан зиёд ҳамшира фаолият кўрсатади ва ҳудуддаги жами 167 мингдан ортиқ фуқарога сифатли тиббий хизмат кўрсатиб келишмоқда.  Бирлашмада дори-дармон таъминоти яхшиланган, биноларда таъмирлаш ишлари олиб бориляпти, навбатчилик жадвали шакллантирилган. Туман тиббиёт бирлашмасида 197 патронаж хизмати ходими фуқароларнинг соғлигига жуда катта эътибор қаратиб келишмоқда. Улар 21 турдаги дори ва тиббий техника воситалари билан таъминланган. Ҳудуддаги ҳомиладор аёллардан туғиш ва туғишдан кейинги даврларда мунтазам хабардор олиб келиш йўлга қўйилган.

Мамлакатимизда аҳолининг репродуктив саломатлигини янада мустаҳкамлаш, оналик ва болалар саломатлигига эътибор қаратиш, тез тиббий ёрдам сифатини янада мустаҳкамлаш мақсадида қатор қарор ва фармонлар қабул қилинди. Қарор ва фармонлар ижроси тиббиёт бирлашмасида қай даражада амалга оширилаётганлигини ўрганиш мақсадида тўпланган депутатлик гуруҳи мавжуд муаммоларга рўбаро келишди. Жумладан, 83 нафар патронаж ходимига патронаж сумкаси етишмайди, 217 та танометр, 528 та термометр, 156 та акушерлик стетоскоп асбоби йўқ, 8 та УЗИ аппаратига эҳтиёж сезилмоқда.  Шунингдек, болалар ва оналар ўлими тўлиқ қайд қилинмаган, оила  ва ҳудуд паспортлари юритилмаган, иситиш тизимларида носозлик мавжуд, уйда даволанадиган беморлар назоратсиз қолдирилган.

Йиғилишда ушбу масала муҳокама қилиниб, тегишли қарор қабул қилинди. Унга кўра, мавжуд муаммоларни бартараф этиш, аҳоли саломатлигига эътибор қаратиш мақсадида зарур топшириқ ва тавсиялар берилди. Туман тиббиёт бирлашмаси раҳбарига белгиланган муддат оралиғида мавжуд камчиликларни бартараф этиш юзасидан чора кўриб, фертел ёшидаги ва ҳомиладор аёллар, болалар, ўзгалар ёрдами ва ижтимоий ҳимояга муҳтож якка-ёлғиз кексалар, ногиронлар, сурункали касалликка чалинган ва бошқа шахслар ўртасида патронаж ишларини мунтазам давом эттириш, грант асосида таҳсил олган битирувчи талабаларни 3 йилдан кам бўлмаган муддатда бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасаларида ишлаш учун йўллаш, туман молия бўлими билан ҳамкорликда қишлоқ врачлик пунктлари ва оилавий поликлиникалар моддий-техник базасини зарур диагностика ва даволаш жиҳозлари билан мустаҳкамлаш вазифалари топширилди. Шунингдек, тез тиббий ёрдам хизмати томонидан чақириқларни ўз вақтида ва сифатли бажарилишини таъминлаш мақсадида туман ҳудудидаги кўчаларнинг номланиши, ҳар хил кўринишдаги ноқонуний қурилмаларни бартараф этиш чораларини кўриш, тез тиббий ёрдам хизмати автомашиналарини замонавий радио-алоқа воситалари билан, туманда фаолият юритаётган муассасалар биноларини эса қўшимча хизмат хоналари билан таъминлаш чораларини кўриш, бирламчи тиббий-санитария ёрдами ва тез тиббий ёрдам хизматини ташкиллаштириш, бу борада қабул қилинган норматив ҳужжатлар ижросини қатъий назоратга олиш вазифалари ҳам юклатилди.

Шу билан бир қаторда ҳар бир депутат ўз сайлов округи ҳудудида Ўзбекистон Республика Президенти томонидан соғлиқни сақлаш соҳасини ислоҳ қилиш бўйича қабул қилинган қарор ва фармонлар ижросини назорат қилган ҳолда соҳада мавжуд камчиликларни бартараф этиш юзасидан тегишли ташкилот раҳбарларига депутатлик сўровларини ташкил қилишга эътибор қаратиш зарурлиги таъкидланди.

Сессияда қабул қилинган қарорлар ижросини назорат этиш халқ депутатлари туман Кенгашининг “Ижтимоий-маданий ривожланиш масалалари” доимий комиссияси ҳамда туман ҳокими ўринбосари зиммасига юклатилди.

Моҳигул АБДУЛЛАЕВА,

партиянинг вилоят Кенгаши матбуот котиби

Тиббий хизмат масаласи сессияда муҳокама этилди was last modified: Ноябрь 3rd, 2017 by matbuot

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

« »