Ҳуқуқий маданиятни ошириш йўлида

10 Ноябрь, 16:21 • Марказий аппарат, Муҳим хабарлар, Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганлигининг 25 йиллигига, Янгиликлар • 55 марта кўрилди • Комментариев к записи Ҳуқуқий маданиятни ошириш йўлида нет

Бугун Ўзбекистон “Адолат” СДП Сиёсий Кенгаши Марказий аппарати томонидан Тошкент темир йўл муҳандислари институтида “Ёшларнинг юксак ҳуқуқий маданиятини шакллантириш – жамиятда қонун устуворлигини таъминлашнинг мустаҳкам асоси” мавзусида давра суҳбати ўтказилди. Унда партия ташкилоти раҳбар-ходимлари, институт профессор-ўқитувчилари, талабалар ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.

Таъкидланганидек, мустақилликка эришган пайтдан бошлаб юртимизда инсон ҳуқуқ ва эркинликлари, қонуний манфаатлари олий қадрият сифатида белгилаб олинди. Бу борада жамиятда ҳуқуқий маданиятнинг ўсиши ҳамда қонун устуворлиги ва қонунийлик тамойилига содиқлик аҳолининг давлат органларига бўлган ишончини мустаҳкамлаб, ислоҳотларни қўллаб-қувватлашида муҳим омил бўлиб хизмат қилмоқда. Айниқса, Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йилида ушбу йўналишда олиб борилаётган ишлар кўлами янги босқичга кўтарилди. Зеро, ҳуқуқий маданият юксак мамлакатда қонун устувор бўлади, қонун устувор бўлган юртда эса инсон манфаатлари самарали таъминланади.

Ўтган даврда мамлакатимизда энг юксак ва илғор халқаро принципларга жавоб бера оладиган, инсон ҳуқуқ ва эркинликлари ҳамда манфаатларини таъминлайдиган норматив-ҳуқуқий асос яратилди. У Ўзбекистон Республикаси Конституцияси, 16 Кодекс, 400 дан зиёд қонунларни ўз ичига олади. Ўз навбатида, Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари соҳасига оид 70 дан ортиқ халқаро шартномаларни ратификация қилди.

Бу борада Ўзбекистон “Адолат” СДП Сайловолди дастурида ҳам бир қатор мақсадлар илгари сурилган бўлиб, фуқароларда демократик ҳуқуқий тафаккурни шакллантириш, қабул қилинаётган қонунларнинг мазмун-моҳиятини уларга етказиш мақсадида партия томонидан кенг кўламли ва тизимли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.

Хусусан, “Ўзбекистон — инсон қадри улуғланган юрт”, “Биргаликда юксак ҳуқуқий маданият сари”, “Инсон ҳуқуқ ва эркинликлари — олий қадрият”, “Конституция — адолат мезони” каби лойиҳалар ҳамда “Адолат” билимдони” кўрик-танлови ёшларнинг ҳуқуқий маданияти ва саводхонлигини оширишда муҳим аҳамият касб этмоқда. Бундан ташқари, қабул қилинаётган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг мазмун-моҳиятини аҳолига тушунтириш, партия вакиллари, депутатлар, ҳуқуқшунослар, экспертлар ҳамда бошқа мутахассислар иштирокида аҳолининг ҳуқуқий билимларини юксалтиришга қаратилган учрашувлар, давра суҳбатлари, конференциялар ҳамда семинар-тренинглар мунтазам ўтказиб келинмоқда.

Тадбирда ушбу йўналишдаги янги лойиҳаларни йўлга қўйиш, халқчил, оммабоп ҳуқуқий дастурларни тайёрлаш, бу борада ОАВ орқали ҳуқуқий тарғиботни кучайтириш  давр талаби экани таъкидланди. Айниқса, ёшларнинг Конституция ҳақидаги билим ва тушунчаларини янада юксалтириш, таълим муассасаларининг бу борадаги ўрни ва ролини ошириш долзарб аҳамиятга эга экани қайд этилди. Аҳолининг ҳуқуқий онги ва маданиятини юксалтиришга қаратилган ҳар бир саъй-ҳаракат мамлакатимизда ҳуқуқий демократик давлат ва эркин фуқаролик жамияти барпо этишнинг муҳим шарти экани, бунда партия ва таълим муассаси ўртасидаги самарали ҳамкорликни янада кенгайтириш ижобий натижа бериши эътироф этилди.

Тадбирда фуқароларда ҳуқуқий маданият, давлат ва жамият ўртасидаги манфаатлар мувозанатини таъминлаш бўйича давлат органлари ва таълим муассасалари, жамоатчилик ташкилотлари ҳамда ОАВ олдида турган масалалар ҳар томонлама муҳокама қилинди. Жамиятда ҳуқуқий маданиятни юксалтириш, аҳолининг ҳуқуқий саводхонлигини ошириш ишларини янада такомиллаштириш, бу борадаги муаммоларни ўрганиш ва уларни бартараф этиш юзасидан фикр алмашилди.

Тадбир сўнггида иштирокчилар ўзларини қизиқтирган саволларга депутатлар ва партия фаолларидан батафсил жавобларни олдилар.

Ўзбекистон “Адолат” СДП Матбуот хизмати

Ҳуқуқий маданиятни ошириш йўлида was last modified: Ноябрь 13th, 2017 by matbuot

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

« »