Ҳуқуқ ва эркинлигимиз пойдевори

29 Ноябрь, 14:52 • Андижон вилояти, Муносабат, Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганлигининг 25 йиллигига, Янгиликлар • 87 марта кўрилди • Комментариев к записи Ҳуқуқ ва эркинлигимиз пойдевори нет

Мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар жамиятда адолатни қарор топтириш, одамларни рози қилишда муҳим омил бўлаётир. Бунда Асосий қонунимиз мустаҳкам ҳуқуқий пойдевор вазифасини ўтамоқда. Биринчи Президентимиз эътироф этганларидек, ҳар қандай давлатнинг юзи, обрў-эътибори унинг Конституцияси ҳисобланади.

Таъкидлаш лозимки, амалдаги Конституциямиз халқимизнинг иродаси, руҳияти, ижтимоий онги ва маданиятини ўзида акс эттирган.  Ундаги «Фуқаро, жамият ва давлат» тамойили олдимизга қўйилган эзгу мақсад — буюк келажак сари, фуқаролар манфаатини улуғлаш ва ҳимоя қилишдек ҳуқуқий-демократик йўлдан бораётганимизни кўрсатади. Республикамизнинг ўзига хос хусусияти ва жиҳатлари, миллий, маданий қадриятлари ва ўзбек халқининг бой ўтмишини уйғунлаштирган тарихий ҳужжат пишиқлиги, ихчамлиги ва бажарилишини таъминловчи реал воситаларга эгалиги билан ҳам ажралиб туради. Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев Бош қомусимиз қабул қилинганлигининг 24 йиллигига бағишланган тантанали маросимда “Бугун ҳаётимизнинг ўзи Конституциямизда ифодасини топган энг асосий мақсад – инсон манфаатларини ҳар томонлама таъминлаш масаласини долзарб вазифа қилиб қўймоқда”, дея инсон манфаатларини таъминлаш учун, аввало, халқ билан мулоқот қилиш, уларнинг дарду ташвишлари, орзу-ниятлари, ҳаётий муаммо ва эҳтиёжларини яхши билиш кераклигига алоҳида урғу берган эдилар.

Конституциямизнинг 32-моддасида кўрсатиб ўтилганидек, Ўзбекистон Республикасининг фуқаролари жамият ва давлат ишларини бошқаришда бевосита ҳамда ўз вакиллари орқали иштирок этиш ҳуқуқига эга. Бу ўз ўзидан ҳар бир фуқаро зиммасига катта масъулият ҳам юклайди. Амалдаги қонунлардан келиб чиқиб, инсон омили, унинг манфаатлари ва фаровонлиги учун қилинаётган амалий ҳаракатларни мамлакатимизда, шу жумладан, вилоятимизда амалга оширилаётган улуғвор ишлар кўламида ҳам гувоҳи бўляпмиз. Андижоннинг  маркази, шаҳар ва қишлоқларининг қиёфаси тубдан ўзгариб, аҳолининг ҳаёт даражаси юксалиб бормоқда.

Бош Қонунимиз асосида замонавий саноатни ривожлантириш, янги корхоналар барпо этиш ва мавжуд қувватларни модернизация қилиш изчил давом эттирилаётир. Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликнинг кенг қўллаб-қувватланаётгани натижасида хизмат кўрсатиш, ишлаб чиқариш, экспорт қилиш фаолияти ҳажми кенгаймоқда. Бу Конституциянинг 53-моддасида белгиланган тадбиркорлик фаолияти субъектларига яратилган кенг имконият, эркинлик ва кафолатларнинг ҳаётий исботидир.

Бугун Ўзбекистон ривожланиш йўлидан бормоқда. Шундай вазиятда  ҳар биримиз янада сергак ва огоҳ бўлмоғимиз зарур. Биз тинчлик ва қўшни давлатлар билан ҳамжиҳатлик йўлидан собитқадамлик билан дадил бораверамиз. Бу борада Бош қонунимиз  фаровон ҳаёт, порлоқ келажак ва буюк давлат қуриш йўлидаги эзгу интилишларимизда ҳамиша мустаҳкам ҳуқуқий пойдевор вазифасини ўтайди.

Меҳринисо Каримова.

Ўзбекистон СДП Асака туман кенгаши раиси

Ҳуқуқ ва эркинлигимиз пойдевори was last modified: Ноябрь 29th, 2017 by matbuot

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

« »