Уюшмаган ёшлар: муаммолар ҳал этилмоқда

3 Ноябрь, 11:07 • Навоий вилояти, Сессия, Янгиликлар • 79 марта кўрилди • Комментариев к записи Уюшмаган ёшлар: муаммолар ҳал этилмоқда нет

Халқ депутатлари Навоий шаҳар Кенгашининг 27 октябрь куни ўтказилган навбатдаги сессиясида Ўзбекистон “Адолат” СДП депутатлик гуруҳи ташаббуси билан “Навоий шаҳридаги хусусий тиббий клиникаларда аҳолига хизмат кўрсатиш ҳолати” ҳамда “Уюшмаган ёшларнинг қонуний манфаатларини таъминлаш бўйича амалга оширилаётган ишлар ҳолати” масалалари атрофлича муҳокама қилинди.

— Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили муносабати билан Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси фаолларининг жойларда ўтказиб келаётган мулоқотлари жараёнида аҳоли томонидан шаҳардаги хусусий клиникаларнинг фаолияти бўйича мурожаат ва таклифлар билдирилиб, уларда хусусий клиникаларнинг аксариятида хизмат кўрсатиш учун тўлов бўйича нархлар кўрсатиб қўйилмаганлиги, тўловлар жуда юқорилиги маълум бўлди, — деди депутатлик гуруҳи аъзоси Шовдир Асатов. — Ҳозирги кунда Навоий шаҳрида фаолият кўрсатаётган жами 73 та хусусий клиниканинг 71 таси амбулатор, иккитаси стационар тиббий муассасалардан иборат. Уларда жами 191 нафар врач ва 153 нафар ўрта тиббиёт ходимлари аҳолига тиббий хизмат кўрсатмоқда.

Ўтказилган ўрганишларда улар фаолиятини замонавий талаблар даражасида ташкил этишда баъзи муаммолар борлиги аён бўлди. Жумладан, мақбуллаштириш натижасида биноси бўшаган қишлоқ врачлик пунктлари биносини тадбиркорлик субъектларига ижарага бериш юзасидан киритилган таклифга асосан Хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш, монополиядан чиқариш ва рақобатни ривожлантириш бошқармаси томонидан шартнома имзоланишида муаммолар юзага келаётганлиги қайд этилмоқда.

Шунингдек, вилоят ҳокими томонидан 2017 йил 8 июнь куни вилоятда 2017-2018 йилларда нодавлат тиббиёт муассасаларини ташкил этиш ва мавжудларининг фаолиятини такомиллаштириш бўйича 05-01/790-сонли чора-тадбирлар режаси тасдиқланиб, “Асака” банкнинг 5 миллиард 450 миллион сўмлик имтиёзли кредити 8 нафар тадбиркорлик субъектига ажратилиши белгиланганди. Ушбу режага мувофиқ, бугунги кунда дастурга киритилган тадбиркорлик субъектларининг еттитасига кредит маблағлари ажратилмаганлиги сабабли уларга тиббий асбоб-ускуна харид қилинмасдан ва фаолиятига лицензия олинмасдан қолмоқда.

Хусусий клиникалардаги хизмат кўрсатиш нархларини қандай тартиб асосида белгиланиш сўралганда, клиника масъул ходимлари нархларни эркин белгилашаётганини айтишди. Бундан ташқари, айрим хусусий клиникаларда тиббий хизмат кўрсатиш нархлари ёзиб қўйилмаганини ҳам назардан четда қолдириб бўлмайди.

Сессияда “Навоий шаҳрида уюшмаган ёшларнинг қонуний манфаатларини таъминлаш бўйича амалга оширилаётган ишларнинг ҳолати” юзасидан олиб борилган ўрганиш натижалари ҳақида партия депутатлик гуруҳи раҳбари, Ўзбекистон “Адолат” СДП Навоий вилоят кенгаши раиси Рустам Ҳайитовнинг ҳисоботи тингланди.

— Жорий йилнинг 12 июль куни Президентимизнинг Олий Мажлис палаталари, сиёсий партиялар ҳамда Ўзбекистон экологик ҳаракати вакиллари билан видеоселектор йиғилишидаги маърузасида уюшмаган, яъни ишламайдиган, ўқимайдиган, тайин бир машғулотга эга бўлмаган ёшларга эътибор қаратиш, улар билан аниқ амалий манзилли дастур асосида иш олиб бориш зарурлиги алоҳида таъкидланди, — деди Р.Ҳайитов. — Шу мақсадда Навоий шаҳрида уюшмаган ёшларнинг қонуний манфаатларини таъминлаш бўйича амалга оширилаётган ишлар юзасидан партия депутатлари томонидан ўрганишлар олиб борилди.

Ҳозирги кунда Навоий шаҳрида маҳалла фуқаролар йиғинлари кесимида жами 578 нафар 30 ёшгача бўлган ўқимайдиган, ишламайдиган, тайин бир машғулотга эга бўлмаган уюшмаган ёшлар бор. Уларнинг 519 нафари ўрта махсус, 28 нафари олий маълумотли ёшлар. Бундан ташқари, 700 нафардан зиёд ёшлар чет элга турли мақсадларда чиқиб кетган.

Ўрганишлар шуни кўрсатдики, уюшмаган ёшларни иш билан таъминлаш, мутахассислиги бўйича малакасини ошириш, янги иш ўринлари яратиш, тадбиркорлик билан шуғулланишлари учун амалий кўмак бериш, уларнинг мурожаатларини ўз вақтида амалий ҳал этиш, уй-жой билан таъминлаш ва бошқа ижтимоий ҳимоя масалалари борасида тегишли мутасадди ташкилотлар томонидан аниқ амалий ишлар етарли даражада олиб борилмаяпти. Шунингдек, ёшларнинг ота-оналари билан суҳбатлар уюштириш, айниқса, маҳаллаларда улар билан учрашувлар ўтказиш, мулоқот қилиш ҳамда уларни қийнаётган масалаларни ҳал этиш бўйича ҳам худди шундай танқидий фикр билдириш мумкин. Бундан ташқари, шаҳардаги маиший хизмат кўрсатиш ва савдо нуқталарида хизмат кўрсатаётган ёшлар фаолияти ўрганилганда ресторан, кафе, дорихона, машиналар ювиш жойи, гўзаллик салони ва бошқа хизмат кўрсатиш субъектлари раҳбарлари томонидан кўп ҳолларда ходимларни ишга қабул қилиш тўғрисида буйруқлар расмийлаштирилмаслиги, меҳнат дафтарчалари юритилмасдан келинаётганлиги аниқланди. Бу эса, ўз навбатида, ёшлар манфаатларини белгиланган тартиб асосида ҳимоя қилишни ва уларга амалий кўмак беришни тақозо этади.

Депутатлик гуруҳимиз томонидан чет элга чиқиб кетган ёшларнинг ота-оналари билан суҳбатлар уюштириш бўйича алоҳида режа-дастур ишлаб чиқдик. Шунга мувофиқ, ҳозирда партия фаоллари ва депутатлар ҳар чоршанба куни уларнинг ота-оналари билан суҳбатлар уюштирмоқда. Шаҳардаги маиший хизмат кўрсатиш ва савдо нуқталарида ишлаётган ёшларнинг меҳнат фаолиятини расмийлаштириш бўйича тадбиркорларга таклиф киритилиб, меҳнат фаолияти расмийлаштирилмоқда.

Уюшмаган ёшлар манфаатларини ҳимоя қилиш, уларга амалий кўмак бериш ҳар биримизнинг олдимизда турган муҳим вазифалардан ҳисобланади. Аҳоли ва кенг жамоатчилик билан ўтказилаётган учрашувларимизда аён бўлмоқдаки, ёшлар масаласи бўйича асосий ташаббускор ва масъул бўлган Ўзбекистон ёшлар иттифоқи вилоят бўлими ва ҳокимнинг ёшлар масалалари бўйича ўринбосарларининг фаолиятида аниқ, мақсадли, натижадор амалий ҳаракатлар етарли даражада эмас. Ёшлар ва уюшмаган ёшлар сони, рўйхати, қоғоздаги рақамли таркибий таҳлиллар билан ишлаш механизми эскирди, дейиш мумкин. Бугун уюшмаган ёшлар масаласида аниқ мақсадли амалий дастур, уларнинг мурожаатлари ижобий ҳал этилишини таъминлайдиган механизм асосида иш олиб боришимиз керак.

Мажлисда депутатлар иккала масалани ҳам атрофлича муҳокама қилишди. Сессияда тегишли қарорлар қабул қилиниб, мавжуд камчилик ва муаммоларни бартараф этиш юзасидан раҳбар ва мутасаддиларга зарур топшириқлар, тавсиялар берилди.

Жумладан, шаҳар ҳокимининг биринчи ўринбосари, бандликка кўмаклашувчи маркази раҳбарига уч кун муддат ичида шаҳарда фаолият кўрсатаётган маиший хизмат кўрсатиш савдо нуқталарида хизмат қилаётган ёшларнинг меҳнат фаолиятини расмийлаштириш, меҳнат дафтарчалари юритишни ташкил этиш чораларини кўриши белгилаб қўйилди. Шаҳар ҳокимининг ёшлар сиёсати, ижтимоий ривожлантириш ва маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосарига хорижга кетган, ўқимайдиган, тайин бир машғулотга эга бўлмаган ёшларнинг ота-оналари билан суҳбатлар уюштириш, маҳаллаларда уюшмаган ёшлар билан очиқ мулоқот ўтказиш ҳамда тегишли масъулларга бириктириш бўйича аниқ, амалий чора-тадбирлар дастурини ишлаб чиқиш, шаҳар ҳокими ўринбосари, хотин-қизлар қўмитаси раисига чет элга чиқиб кетган ҳамда ўқимайдиган, тайин бир машғулотга эга бўлмаган хотин-қизларнинг оилавий муҳитини ўрганиш, уларни касб-ҳунар ўргатишга жалб қилиш ҳамда мурожаатларини ўз вақтида ҳал этиш бўйича чора-тадбирлар белгилаш ва амалга ошириш вазифалари топширилди. Шунингдек, ҳар бир депутат МФЙ вакиллари билан ҳамкорликда ўз сайлов округи ҳудудида чет элга чиқиб кетган ёшларнинг оила аъзолари билан суҳбатлашиб, уларни ўйлантираётган масалаларни ўрганиши, уюшмаган ёшларнинг манфаатларини ҳимоя қилиш ҳамда уларга амалий ёрдам бериш юзасидан қилинган аниқ ишлар бўйича ҳар ойнинг 25 санасига қадар маҳаллий Кенгашнинг “Ижтимоий-маданий ривожланиш, ёшлар сиёсати ва соғлом авлодни тарбиялаш масалалари доимий комиссияси”га ахборот тақдим этиб бориши белгиланди.

Сессияда муҳокама этилган масалалар бўйича масъул мансабдор шахслар ҳисоботи ҳар чоракда Кенгаш сессияларида эшитилиб, муҳокама этиб бориладиган бўлди.

Қарор ижроси устидан депутатлар назорати ўрнатилди.

Олим ХЎЖАЕВ,

“Adolat” мухбири

Уюшмаган ёшлар: муаммолар ҳал этилмоқда was last modified: Ноябрь 3rd, 2017 by matbuot

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

« »