Уюшмаган ёшлар тозалик йўлида бирлашди

7 Ноябрь, 17:56 • Навоий вилояти, Партия лойиҳаси, Янгиликлар • 58 марта кўрилди • Комментариев к записи Уюшмаган ёшлар тозалик йўлида бирлашди нет

Ўзбекистон “Адолат” социал демократик партияси ташаббуси билан амалга оширилаётган “Тозалик йўлида бирлашайлик” лойиҳаси доирасидаги тадбирлар Навоий вилоятида ҳам қўллаб- қувватланмоқда. Ўтган дам олиш кунлари Навоий шаҳридаги “Жанубий”, “Лочин” ва “Янгиобод” маҳаллаларида ўтказилган кўнгиллилар хашари ҳам ана шундан далолат берди.

Партиянинг вилоят ва Навоий шаҳар Кенгашлари фаоллари даъватига маҳаллалар аҳолиси, жумладан уюшмаган ёшлар вакиллари “лаббай” деб жавоб берган холда тадбирда фаол иштирок этишди. Ҳашар давомида маҳаллаларда кенг кўламдаги тозалик ва озодалик юмушлари бажарилди. Кўп қаватли уйлар атрофи супуриб-сидирилиб, янада кўркам холатга келтирилди.

Ҳашар, айниқса, Алишер Навоий номли Жоъме масжидига туташ худудлар, шунингдек, “Истиқлол” маҳалласи йўналишидаги асосий кўчада уюшқоқлик билан ўтди. Йўл атрофлари тозаланиб, дарахтларга шакл берилди, баргихазон ва хас-хашаклардан тозаланди. Улар ва тўпланган бошқа  чиқиндилар тадбирга жалб этилган шаҳар “Ободонлаштириш” бошқармасининг “Махсустранс” бўлими  транспорт воситаларида шаҳар ташқарисидаги алоҳида белгиланган зарарсиз жойга ташиб чиқарилди.

— Тозалик ва озодалик азал-азалдан халқимизнинг  энг муқаддас миллий қадриятларидан саналади. – дейди шаҳардаги “Лочин” маҳалласида яшовчи тадбир иштирокчиси Ботир Ахроров. – Лекин, ХХ асрнинг ўрталарига келиб, айрим объектив ва субъектив сабабларга кўра унга сезиларли даражада путур етди. Бироқ, мамлакатимиз мустақиллиги шарофати билан барча эзгу қадриятларимиз қаторида тозалик ва озодаликка бўлган доимий ва жиддий эътибор яна кучайди. Аммо “шоли курмаксиз бўлмайди”, деганларидек, орамизда бу ўта жиддий масалага бефарқ, лоқайд кишилар ҳам оз бўлсада, учраб турибди. Бу эса кўпчиликни ташвишга солмасдан қолмайди. Шу жиҳатдан олиб қараганда, Ўзбекистон “Адолат” СДП томонидан ишлаб чиқилган “Тозалик йўлида бирлашайлик” лойиҳасининг ҳаётга тадбиқ этила бошланганлиги кўплаб юртдошларимизнинг кўнглидаги иш бўлди, десам муболаға эмас. Уйлайманки, лойиҳа  доирасидаги амалий тадбирлар мамлакатимизнинг барча худудларини, шаҳару қишлоқларини тўлиқ қамраб олади, лойиҳадан ўрин олган хашарлар ва бошқа эзгу тадбирларда  каттаю кичик бирдек, фаол иштирок этади. Бу эса биринчи навбатда, кўнгиллар ободлигига, аҳоли саломатлигига, юртимиз чиройига хизмат қилади.

— Лойиҳадан кўзланган асосий мақсад — маҳаллалар, ариқлар йўл атрофлари, аҳоли хонадонларининг озодалигига эришиш, айниқса, ёш авлод онгида атроф-муҳитнинг тозалигини сақлаш кўникмасини шакллантириш, мамлакатимизнинг ҳар бир худуди озодалиги йўлида кўнгилли иштирокчиларни кенг жалб этиш, белгиланмаган жойларга чиқиндилар ташлашнинг олдини олишга қаратилган тушунтириш-тарғибот ишларини олиб бориш ва бу борада жамоатчилик фикрини шакллантиришдан иборат, — дейди Ўзбекистон “Адолат” СДП Навоий вилоят Кенгаши раисининг ўринбосари Бахриддин Қурбонов. — Лойиҳани  амалга ошириш орқали фуқароларнинг атроф-муҳит, табиат мусаффолигига масъулиятини янада кучайтириш, уларда она табиатни асраб-авайлаш, ёш авлод тарбиясида ўз юртини севиш, тоза озода сақлаш, табиатга эхтиёткорона муносабатда бўлиш кўникмаларини мустаҳкамлаш ҳамда тиббий маданиятини янада юксалтириш кўзда тутилган.

Бу борада вилоятда ташкил этилган илк тадбир уюшқоқлик билан ўтди. Бу эса ташаббус  мунтазамлик касб этган ҳолда Навоий заминининг барча ҳудудларида кутилган натижаларни беришидан далолатдир.

Олим ҲЎЖАЕВ,

“Адолат” мухбири   

Уюшмаган ёшлар тозалик йўлида бирлашди was last modified: Ноябрь 7th, 2017 by matbuot

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

« »