Ўзаро манфаатли ҳамкорлик янада ривожланади

26 Ноябрь, 08:36 • Муносабат, Наманган вилояти, Янгиликлар • 195 марта кўрилди • Комментариев к записи Ўзаро манфаатли ҳамкорлик янада ривожланади нет

Кейинги бир йилдан ортиқроқ вақт мобайнида мамлакатимиз нафақат Марказий Осиё минтақаси, балки жаҳон миқёсида ҳам фаол ташқи сиёсат олиб бораётир. Шу туфайли Ўзбекистон кўплаб давлатлар билан ўзаро муносабатлар, янги, янада юқори даражага кўтаришга эришмоқда. Натижада барча соҳаларда, иқтисодиётдан тортиб маданиятгача ҳамкорлик ришталари тобора мустаҳкамланмоқдаки, мазкур жиҳат халқлар фаровонлигига хизмат қилиши шубҳасиз. Буни дунёнинг турли бурчакларидаги халқаро кузатувчилар, сиёсатчилар, матбуот нашрлари ҳам қайд этмоқдалар.

Ўтган ҳафтада Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Жанубий  Корея  Президенти Мун Чжэ Иннинг таклифига биноан ушбу мамлакатга амалга оширган  давлат ташрифи ҳам фикримиз далилидир. Давлатимиз раҳбарининг мазкур сафари  ҳар икки томон учун ниҳоятда самарали бўлди. Айниқса, йирик инвестициявий лойиҳаларни молиялаштириш, иқтисодиёт, энергетика, молия, сармоя, юқори технологиялар каби соҳалардаги ҳамкорликни янада фаоллаштириш, ўзаро товар айирбошлаш ҳажмини ошириш, гуманитар алоқаларни кенгайтиришга доир масалалар юзасидан  эришилган келишувлар катта аҳамиятга эга бўлди.

Шу ўринда икки мамлакат ўртасидаги ўзаро фойдали ҳамкорлик Ўзбекистон Республикаси Мустақилликка эришгандан кейиноқ юқори самарадорликка эга ҳолда тараққий топа бошлаганини қайд этиш лозим. Бунга ижтимоий-иқтисодий соҳаларда амалга оширилган жуда кўплаб муҳим лойиҳаларни мисол келтириш мумкин. Биргина Андижон вилоятининг Асака шаҳрида барпо этилган қўшма корхонани олсак, у мамлакатимизда автомобиль саноатига асос солди, иқтисодиётнинг бутунлай янги тармоғини ишга тушириш ва ривожлантириш учун мустаҳкам замин бўлди.

Ўз навбатида ўзбек ва корейс халқлари ўртасидаги узвий алоқалар ва дўстлик муносабатларининг илдизи анча теранлигини эслаш мақсадга мувофиқдир. Республикамиз ўтган асрнинг ўттизинчи йилларида  шафқатсиз сиёсий тузум тазйиқи остида  Узоқ Шарқдан  келиб қолган ўн минглаб корейс миллатига мансуб инсонларни ўз бағрига олди. Халқимиз уларга   меҳр кўрсатди,  бошпана     берди. Корейслар         ҳам меҳнатсеварлиги, қатъий иродаси, аҳиллиги, тартиб-интизомга содиқлиги билан кўп миллатли Ўзбекистоннинг тенг ҳуқуқли фуқаролари сафига қўшилдилар. Айнан мана шу жиҳатлар ҳам давлатларимиз ўртасидаги дўстона ҳамкорлик алоқалари ривожланишига мустаҳкам замин бўлди.

Яқинда Тошкентда Ўзбекистонда корейс миллатига мансуб юртдошларимиз истиқомат қилаётганининг 80 йиллигига бағишланган тантанали маросим ўтказилди. Унинг қатнашчиларига йўллаган табригида Президентимиз шундай деди: “Ўзбекистонда Корея Республикаси билан кўп қиррали ҳамкорликни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда, корейс диаспораси бунга катта ҳисса қўшмоқда.”

Давлатимиз раҳбарининг мана шу тарихий ташрифи давомида бу фикрлар яна бир бор ўз тасдиғини топди. Савдо-иқтисодий, инвестициявий, молиявий-техникавий ва бошқа соҳаларга оид умумий қиймати 10 миллиард АҚШ долларидан ортиқ 60 дан зиёд ҳужжатлар имзоланди. Шундан 4,5 миллиард доллари тўғридан-тўғри инвестициялар эканлиги алоҳида эътиборга лойиқдир. Демак,  Ўзбекистон  билан Жанубий Корея  ўртасидаги стратегик шериклик муносабатлари янада ривожланади, халқларимизнинг фаровонлигини янада юксалтириш учун шарт-шароитлар яратилади. Ўзаро ҳамкорликни ривожлантириш тўғрисида келишилган соҳалар ҳақида гап кетар экан, биринчи навбатда, савдо, ёқилғи-энергетика, кимё, транспорт ва транспорт коммуникациялари, логистика, автомобилсозлик, тоғ-кон саноати, енгил саноат, озиқ-овқат, қишлоқ хўжалиги, ахборот технологиялари ва телекоммуникациялар, тиббиёт, туризм, фан-таълим ва маданият каби йўналишларни тилга олиш ўринлидир.

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ташриф давомида Жанубий Корея Президенти Мун Чжэ Ин билан самарали музокаралар олиб боришдан ташқари бошқа қатор йирик сиёсий арбоблар билан мулоқотлар ўтказди. Хусусан, у БМТ собиқ Бош котиби Пан Ги Мун, Корея Республикаси Миллий Ассамблеяси Спикери Чон Сэ Гюн, Корея Республикаси Бош вазири Ли Нак Ён билан ҳам учрашди. Мулоқотлар жараёнида  икки мамлакат ўртасидаги азалий дўстлик ва ўзаро ишонч руҳидаги ҳамкорлик алоқалари    тобора мустаҳкамланиб бораётганлиги таъкидланди.

Самимий ва дўстона руҳда ўтган учрашувлардан бири Корея Республикаси пойтахти мэриясида  ўтди. Президентимизни Сеул шаҳри мэри Пак Вон Сун кутиб олди. Шавкат Мирзиёев фахрий меҳмонлар китобига ўзининг тилакларини битди. Шу ерда   Шавкат Мирзиёевга Сеул шаҳрининг фахрий фуқароси унвонини беришга бағишланган маросим бўлди. Маросимда сўзга чиққанлар Ўзбекистон Республикаси билан Корея Республикаси ўртасидаги ҳамкорлик алоқалари ривожланиб бораётганини таъкидладилар. Давлатимиз раҳбари халқларимиз ўртасидаги дўстлик рамзи сифатида Тошкент шаҳридаги кўчалардан бирига Сеул номини бериш таклифини билдирди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Корея Республикасига давлат ташрифи икки мамлакат ўртасидаги ҳамкорлик саҳифаларига муҳим ва қимматли саҳифаларни битди. Ижтимоий-сиёсий, иқтисодий  муносабатларнинг   янги, янада юқори босқичга кўтарилиши халқларимиз фаровонлигини оширишга, нафақат қитъамизда, балки бутун дунёда тинчликни мустаҳкамлаш ишига хизмат қилади, деб ўйлаймиз.

Нурбек АБДУЛЛАЕВ,

Ўзбекистон “Адолат” СДП Наманган вилоят Кенгаши матбуот котиби

Ўзаро манфаатли ҳамкорлик янада ривожланади was last modified: Ноябрь 27th, 2017 by matbuot

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

« »