Qodir Asadovich Jo'rayev

Ўзбекистон –Туркия: ўзаро муносабатларнинг янги саҳифаси

2 Ноябрь, 10:31 • 2017 йил – Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили, Муносабат, Муҳим хабарлар, Янгиликлар • 99 марта кўрилди • Комментариев к записи Ўзбекистон –Туркия: ўзаро муносабатларнинг янги саҳифаси нет

Маълумки, мамлакатимиз мустақилликка эришган илк кунлардан бошлаб ҳар томонлама пухта ўйланган, изчил ташқи сиёсат юритиб келмоқда. Унинг замирида халқимизнинг кўп асрлик тарихи, маданияти, анъана ва қадриятлари, эзгу орзу-интилиш ва манфаатлари мужассам этилган. Айниқса, сўнгги бир йил давомида кузатилаётган ўзгариш ва жараёнлар, янгича ёндашув ва дадил қадамлар ташқи сиёсатимизда ҳам янги саҳифа очилишига замин яратмоқда.

Шу маънода, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Туркия Республикаси Президенти Режеп Таййип Эрдўғоннинг таклифига биноан жорий йилнинг 25-26 октябрь кунлари ушбу мамлакатга амалга оширган давлат ташрифини Ўзбекистон билан Туркия ўртасидаги сиёсий, савдо-иқтисодий, инвестициявий, туризм, транспорт, логистика, маданий-гуманитар ва бошқа соҳалардаги ҳамкорликни янада чуқурлаштириш йўлида ўта муҳим тарихий воқеа сифатида баҳолаш мумкин.

Таъкидлаш жоизки, Туркия Республикаси Ўзбекистон ташқи сиёсатида алоҳида ўринга эга бўлган, ўзига хос мамлакат ҳисобланади. Буни қуйидаги бир қатор омиллар билан изоҳлаш мумкин. Биринчидин, ушбу мамлакат дунёдаги 200 дан ортиқ мамлакатлар ичида Ўзбекистон Республикасининг давлат мустақиллигини биринчи бўлиб тан олган ва шу тариқа унинг дунё харитасида янги давлат сифатида эътироф этилиши жараёнини бошлаб берган мамлакат ҳисобланади. Иккинчидан, ўзбек ва турк халқларини азалий дўстлик, биродарлик ва қардошлик ришталари ўзаро боғлаб туради. Ҳар икки халқ ҳам туркий тилда сўзлашувчи халқлар бўлиб, уларнинг маданияти, дини ва урф-одатлари бир-бирига жуда яқин. Қолаверса, Туркиянинг ривожланган саноати, транспорт коммуникациялари, денгиз йўллари, қишлоқ хўжалиги, туризм салоҳияти, улкан давлатчилик тажрибаси Ўзбекистон учун муҳим аҳамият касб этади.

Маълумот ўрнида шуни таъкидлаш жоизки, Туркия Республикаси Осиё ва Европа қитъалари кесишган нуқтада жойлашган мамлакат бўлиб, маъмурий ҳудудий тузилишига кўра унитар давлат, бошқарув шаклига кўра эса президент-парламент типидаги аралаш республика ҳисобланади. Конституцияга мувофиқ Туркия Республикаси демократик, дунёвий ва социал-ҳуқуқий давлат бўлса-да, аҳолисининг деярли 95 фоизини ислом динига эътиқод қилувчилар ташкил қилганлиги боис, бу ерда ислом динига нисбатан ҳурмат анча юқори эканлигини кўришимиз мумкин.

Туркия ҳудуди расман иль деб юритиладиган 81 та вилоятга ажратилган бўлиб, ҳар бир иль ўз навбатида туманларга ажралади. Ҳозирда 923 та туман мавжуд.

Туркия анча ривожланган мамлакат бўлиб, ўзининг иқтисодий қудратига кўра у дунёда кучли 20 талик гуруҳига кирувчи давлатлардан биридир. Бундан атиги ярим аср олдин анча қолоқ аграр давлат ҳисобланган Туркия ҳозирги кунга келиб, тобора индустриаллашиб бораётган давлатга айланди.

Мамлакат иқтисодиётида саноатнинг улуши 28 фоиз атрофини, қишлоқ хўжалиги – 15 фоизни, қурилиш – 6 фоиз, хизматлар 51 фоизни ташкил этади. Саноат ишлаб чиқаришининг умумий ҳажмида қайта ишлаш саноати энг катта улушга эга. Бутун мамлакат бўйича кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари мавжуд бўлиб, улар ҳам саноат маҳсулотлари ишлаб чиқаришда ўзларининг салмоқли улушларини қўшиб келмоқдалар. Тўқимачилик, кўнчилик, озиқ-овқат, кимё, фармацевтика соҳалари, энергетика, металлургия, кемасозлик, автомобилсозлик ва электр маиший товарлар ишлаб чиқариш анча кенг ривожланган. Айниқса, туризм динамик тарзда ривожланаётган тармоқ ҳисобланади.

Бугунги кунда ҳам Режеп Таййип Эрдўғон бошчилигидаги етакчи партиянинг анча оқилона иқтисодий сиёсати туфайли Туркия иқтисодиётнинг ўсишида ва ривожланишда анча юқори натижаларга эришмоқда

Ана шундай қудратли давлат билан ҳамкорлик қилиш мамлакатимизнинг миллий манфаатларига тўлиқ мос тушади. Ўз навбатида Ўзбекистон ҳам Туркия ташқи сиёсатида муҳим ўрин тутади. Мамлакатимиз бугунги кунда Туркиянинг Марказий Осиёда энг асосий шерикларидан бири ҳисобланади. Ўзбекистонинг улкан бозори, тобора либераллашиб бораётган иқтисодиёти, қулай инвестициявий муҳити, тарихий шаҳарлари, муқаддас диний қадамжолари Туркияда катта қизиқиш уйғотмоқда. Демак, ҳамкорликни мустаҳкамлашдан ҳар икки томон ҳам манфаатдор бўлиб, бу эса ўзаро муносабатларнинг истиқболи порлоқ эканлигидан далолат беради.

Ҳозирда Ўзбекистон-Туркия муносабатлари динамик тарзда ривожланиб бормоқда ва ўсиш тенденцияси ҳамкорликнинг барча соҳаларида яққол кўзга ташланмоқда. Бугунги кунда мамлакатимизда Туркиянинг 500 га яқин фирма ва компанияси фаолият юритмоқда. 2016 йилда икки мамлакат ўртасидаги ўзаро савдо ҳажми 1,2 миллиард АҚШ долларини ташкил этган бўлса, жорий йилнинг тўққиз ойи мобайнида ўзаро товар айирбошлаш ҳажми 29 фоизга ошди. Шу йилнинг ўзида юртимизда Туркия ишбилармонлари сармояси иштирокида 20 дан ортиқ корхона ташкил этилди, 53 компаниянинг ваколатхоналари эса аккредитация қилинди. Ушбу рақамлар Ўзбекистон-Туркия муносабатларида нечоғлик улкан салоҳият борлигини яққол намоён этмоқда.

Жорий йилда икки мамлакат ўртасидаги муносабатларда янги саҳифа очилди десак, асло муболаға бўлмайди. Буни Ўзбекистон ва Туркия раҳбарлари Шавкат Мирзиёев ва Режеп Таййип Эрдўғон ўртасида йил давомида бўлиб ўтган қатор учрашувлар ҳам яққол тасдиқлайди. Хусусан, Президент Режеп Таййип Эрдўғоннинг ўтган йилнинг ноябрь ойида Самарқанд шаҳрига ташрифи давомида, жорий йил май ойида Пекинда ўтган “Бир макон, бир йўл” форуми доирасида, сентябрнинг бошида Остона шаҳрида бўлган Ислом ҳамкорлик ташкилотининг Фан ва технологиялар бўйича саммити доирасида, 20 сентябрда эса Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 72-сессияси доирасида икки мамлакат етакчилари ўзаро учрашиб, мамлакатларимиз ўртасидаги ҳамкорликнинг истиқболлари тўғрисида фикрлашиб олган эдилар.

Мамлакатимиз раҳбарининг 25-26 октябрь кунлари Туркия қилган расмий ташрифини ана шу учрашув ва мулоқотларнинг мантиқий давоми дейиш мумкин. Истанбулда Шавкат Мирзиёев ва Режеп Таййип Эрдўғон ўртасида бўлиб ўтган учрашув ва музокаралар чоғида Ўзбекистон билан Туркия ўртасидаги сиёсий, савдо-иқтисодий, инвестициявий, транспорт-коммуникация, қишлоқ хўжалиги, транспорт, туризм, илм-фан ва бошқа соҳалардаги ҳамкорликни ривожлантириш масалалари атрофлича муҳокама қилинди.

Президентимизнинг Туркияга ташрифи давомида икки мамлакатнинг парламентлараро алоқаларига ҳам муҳим эътибор қаратилди. Ш.М.Мирзиёев ушбу мамлакатнинг парламенти — Буюк миллат мажлисига ҳам ташриф буюриб, унинг фаолияти билан яқиндан танишди. Туркия парламентида бўлиб ўтган муҳим мулоқотлар жараёнида икки мамлакат парламентлари ўртасида ўзаро алоқаларни мустаҳкамлаш, парламентларнинг қонун ижодкорлиги ва парламент назорати шакллари бўйича ўзаро тажриба алмашиш масалаларига катта эътибор қаратилди.

Айниқса, Президентимизнинг Буюк миллат мажлисига ташрифи доирасида икки мамлакат парламентлари ўртасида ҳамкорлик тўғрисида меморандум имзоланганлиги биз парламентарийларни беҳад қувонтирди. Бугунги кунда жаҳон сиёсатида парламентлар ўртасидаги алоқалар тобора юксалиб бораётганлигини эътиборга олсак, ушбу меморандумнинг имзоланиши жуда муҳим воқеа ҳисобланади. Ўзбекистон ва Туркия парламентлари ўртасида ўзаро мулоқотни жонлантириш иккала мамлакатнинг ҳамкорлик алоқаларини юқори босқичга олиб чиқишга, хусусан, Президентимизнинг мазкур ташрифи давомида савдо-иқтисодий, илмий-техникавий, инвестициявий ва технологик, маданий-гуманитар, транспорт-коммуникация ва бошқа соҳаларда эришилган аҳдлашувларни ҳаётга тўлиқ жорий қилишга хизмат қилиши шубҳасиз.

Президентимизнинг ташрифи доирасида, шунингдек, Истанбул шаҳрида икки мамлакат ишбилармонлари иштирокида ўтказилган бизнес форумда йирик энергетика объектлари ва йўл инфратузилмаларини қуриш, тўқимачилик маҳсулотлари, электр жиҳозлари, қурилиш материаллари ишлаб чиқариш, озиқ-овқат ва агросаноат тармоғида замонавий саноат ва логистика марказлари ташкил этиш соҳаларида 3,5 миллиард доллар ҳажмидаги 30 дан ортиқ лойиҳа бўйича битимлар имзолангани эса икки томонлама муносабатларга жадал суръат ва янги шиддат бахш этади.

Президентимиз яқин йилларда Ўзбекистон билан Туркия ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажмини 3-4 миллиард долларга етказиш бўйича келишувга эришилгани, бу икки мамлакат ишбилармонлари учун кенг имкониятлар яратишини алоҳида таъкидлади.

Ўта самарали кечган олий даражадаги учрашув ва мулоқотлар якунида Ўзбекистон ва Туркия ўртасидаги ҳамкорликнинг турли соҳаларига доир 20 дан зиёд ҳужжат имзоланди. Улар орасида Президентлар Шавкат Мирзиёев ва Режеп Таййип Эрдўғон томонидан имзоланган давлат раҳбарларининг Қўшма баёноти алоҳида ўрин тутади.

Умуман, давлатимиз раҳбарининг Туркияга ташрифи мамлакатларимиз ўртасидаги муносабатларда янги саҳифа очди ва икки мамлакат ўртасидаги ҳамкорликнинг муҳим истиқболларини белгилаб берди. Имзоланган ҳужжатлар ва эришилган келишувлар икки давлат муносабатлари ва қардош халқлар дўстлигини ҳар томонлама мустаҳкамлашга хизмат қилиши шубҳасиз.

Қодир ЖЎРАЕВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг

Халқаро ишлар ва парламентлараро

алоқалар қўмитаси аъзоси

Ўзбекистон –Туркия: ўзаро муносабатларнинг янги саҳифаси was last modified: Ноябрь 2nd, 2017 by admin

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

« »