Адолат ҳар бир инсон учун

11 Декабрь, 16:57 • Сайлов — 2017, Тошкент шаҳри, Янгиликлар • 161 марта кўрилди • Комментариев к записи Адолат ҳар бир инсон учун нет

Мамлакатимизда жорий йилнинг 24 декабрь куни бўлиб ўтадиган Тошкент шаҳар халқ депутатлари туман кенгашлари сайлови кампанияси айни кунларда ўзининг қизғин палласига кирган.

Ўзининг бошқа рақобатчиларии қаторида Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси ҳам ушбу сиёсий тадбирда муносиб иштирок этиш ҳамда кўпчилик ўринни эгаллаш мақсадида сайловолди ташвиқотини фаол амалга оширмоқда.

Партиянинг Тошкент шаҳар ва туман Кенгашларида ташкил этилган сайлов штаблари томонидан номзодларга сайловолди ташвиқотини амалга оширишда кўмаклашилмоқда. Яъни, номзодларнинг сайлов округлари ҳақида батафсил маълумотга эга бўлишларида яқиндан ёрдам бериш, фуқароларнинг сайлов жараёнидан хабардорлигини ошириш ҳамда номзодларнинг имижини шакллантиришга эътибор қаратилмоқда.

Хусусан, партиядан кўрсатилган ҳар бир номзод ҳақида маълумотлар, уларнинг сайловолди дастури ўрин олган ва сайловчиларни партия номзоди учун овоз беришга ундовчи чақириқлар акс этган плакат, буклет, флаер, чўнтак календар ва бошқа шу каби тарқатма материаллар тайёрланиб, тарқатилмоқда.

“Адолат” СДПдан кўрсатилган номзодлар шаҳримизнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланиши, шаҳар аҳолиси фаровонлигини оширишга қаратилган муҳим масалаларни ўзида акс эттирган дастурларини халқимизга етказиш учун қонунчиликда белгиланган турли услуб ва шакллардан фойдаланиб келмоқдалар.

Айниқса, улар томонидан ўз округларида ўтказаётган сайловчилар билан учрашувлари жонли мулоқотларга, қизғин савол-жавобларга бой тарзда ўтмоқда.

Бунёджон ШОЮНУСОВ, “Ўзбекистон темир йўллари” АЖ Соғлиқни сақлаш хизмати бошқармаси бошлиғи ўринбосари, 17-Сарикўл сайлов округидан кўрсатилган номзод:

— Энг муҳим бойлигимиз саналган фуқаролар соғлиғини муҳофаза қилиш, аҳолининг барча қатламларига тиббий хизмат кўрсатиш сифатини янада ошириш масаласи бундан буён ҳам биз учун устувор йўналишлардан бири бўлиб қолади.

Биз соғлиқни сақлаш соҳасида амалга оширилаётган изчил ислоҳотларни қўллаб-қувватлаган ҳолда уни янада такомиллаштириш бўйича ташаббусларимизни илгари сурамиз.

Жумладан, биз “Тошкент – соғлом шаҳар”, деб номланган узоқ муддатли дастурни амалга оширишни таклиф этамиз. Ушбу дастур соғлиқни сақлаш тизимида давлат улушини сақлаган ҳолда шаҳримизда ушбу соҳани янада такомиллаштириш ва уни замонавий босқичга олиб чиқишни назарда тутади. Қолаверса, бу орқали электоратимиз вакиллари саналган тиббиёт ходимлари меҳнатини муносиб рағбатлантириш ҳамда замонавий технологиялар ва даволаш услубларини пойтахтимизда янада кенг жорий қилишни мақсад қилганмиз.

Шунингдек, партиямиз соғлиқни сақлаш тизимига инвестицияларни кенг жорий этиш ва соҳага юқори малакали мутахассисларни жалб қилиш орқали тиббиёт туризмини ва хизматларини экспорт қилишни маъқуллайди. 

Биз босқичма-босқич равишда тиббиёт соҳасига, хусусан, тиббий илм-фанга ажратилаётган маблағларнинг оширилишини ёқлаймиз. Шунинг баробарида, биз шифокорларнинг ўз устида ишлаш бўйича хоҳишини инобатга олган ҳолда соҳага оид долзарб маълумотлар ва масофавий таълим дастурларини ўзида мужассам этган миллий тиббий билимлар порталини яратиш тарафдоримиз.

Бу соҳадаги энг муҳим мақсадларимиздан бири – давлат тиббиёт муассасаларида меҳнат қилаётган соҳа ходимларига давлат хизматчиси мақомини бериш. Биз жамиятда тиббиёт ходимларининг ижтимоий мақомини кўтариш ва уларнинг маошлари босқичма-босқич оширилиши тарафдоримиз. Умуман, биз шифокорлар ҳуқуқларининг мустаҳкам ҳимоясини ёқлаймиз.

Учрашувлар давомида партия номзодлари ёшларга оид сиёсатнинг изчил амалга оширилиши, ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, ёш авлод вакилларининг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини таъминлаш борасидаги ислоҳотларни кучайтириш, айниқса, уюшмаган ёшларнинг ҳаётда ўз ўрнини топишига кўмаклашиш масалаларига ҳам тўхталиб ўтишди.

Махфуза МУРАТБЕКОВА, Тошкент давлат техника университети қошидаги Чилонзор академик лицей директори, 9-Лабиховуз сайлов округидан кўрсатилган номзод:

Ёшларни муносиб ҳақ тўланадиган меҳнатга жалб қилиш, коллеж битирувчилари ва ёш мутахассисларни иш билан таъминлаш юзасидан давлат дастурларининг амалда бажарилиши устидан жамоатчилик назоратини кучайтириш, янги авлод кадрларини тайёрлаш, халқ таълими тизимидаги ислоҳотларнинг давоми сифатида умумтаълим мактабларида ижтимоий адолат ва тенглик тамойилларининг қарор топишига эришиш, синфлардаги ўқувчилар сонини оптималлаштириш, таълим муассасаларида тиббий хизмат даражасини юксалтириш масалалари энг муҳим устувор мақсадлармиздан саналади.

Биз ёшлар ташкилотларининг фаолияти самарадорлигини оширишга кўмаклашамиз. Ёшлар уйларининг қурилиши, уларнинг турар жой ва маиший эҳтиёжларини таъминлаш, давлат органлари раҳбарларининг ёшлар билан доимий ва очиқ мулоқотда бўлишини таъминлаш тарафдоримиз. Бизнинг устувор мақсадимиз — ёшлар саломатлигини асраш, ёш авлод ўртасида соғлом турмуш тарзини татбиқ этиш. Чунки ёшларнинг спорт билан мунтазам шуғулланиши уларнинг соғлом фикрли инсон бўлиб етишиши, турли синовлар ва қийинчиликларни енгиб ўтишга қодир шахс бўлиб етишишида муҳим роль ўйнайди. Айнан ғалабага интилувчан, аниқ мақсад йўлида ҳаракат қилувчи ёшлар минг-минглаб ёшларга намуна бўла олади ҳамда уларни катта мақсадлар сари илҳомлантиради.

Сиёсий-ҳуқуқий саводхонлиги юқори бўлган бугунги сайловчи номзодга фақат ваъдаларига эмас балки унинг амалий ишларига қараб баҳо беради.

2014 йилда қабул қилинган Ўзбекистон “Адолат” СДП Сайловолди дастурида йўл инфратузилмасини, айниқса, маҳаллалар ичидаги кўчаларни таъмирлаш ва реконструкция қилиш, мавжудларини модернизация қилиш ва янги ижтимоий объектлар қуриш бўйича ишларни давом эттириш масаласи илгари сурилган. Шу боис сайловчилар бу масала бўйича ўтган даврда қандай амалий натижаларга эришилгани юзасидан ҳам партиямиз номзодига юзландилар.

Улуғбек РАСУЛОВ, Ўзбекистон “Адолат” СДП Сиёсий Кенгаши Марказий аппарати бўлим мудири, 11-Каттаҳовуз сайлов округидан кўрсатилган номзод:

— Дарҳақиқат, йўл инфратузилмасини такомиллаштиириш, айниқса, маҳаллалардаги ички йўлларнинг ҳолатини янада яхшилаш масаласи пойтахтимиз учун жуда долзарб ҳисобланади.

Биз бу борадаги муаммоларни бартараф этишга қаратилган чора-тадбирларни кучайтириш баробарида мавжуд йўлларнинг ҳолатини сақлашда фуқароларнинг ҳам масъулиятини ошириш тарафдоримиз.

Айни соҳада сайловолди дастуримизда белгиланган вазифаларнинг амалий ифодасини таъминлаш мақсадида партиянинг “Жамоатчилик назорати – қонун устуворлигининг гарови” лойиҳаси амалга ошириб келинмоқда. Бу орқали фуқаролар ва юридик шахслар томонидан маҳаллалар ичидаги йўллар ҳолатига зарар етказиш, яъни ўзбошимчалик билан ковлаб, қувурлар ётқизиш ва натижада йўлларда чуқурлар, ёриқлар, ўнқир-чўнқирлар ҳосил қилиш, пиёдалар кўлкаларига ҳар хил тўсиқлар қўйиш каби салбий ҳолатлар ҳамда ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, бу борада жамоатчилик ва депутатлик назоратини ўрнатишни мақсад қилганмиз. Боиси давлат бюджетидан ажратилган маблағлар ҳисобидан бунёд этилаётган йўлларга зиён етказишга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ.

Республикамиз бўйлаб амалиётга жорий қилинган ушбу лойиҳамиз доирасида эришилган амалий натижалар унинг нақадар долзарблигини кўрсатади.

Масалан, ўтган 2 йил давомида ушбу лойиҳа доирасида Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашларидаги партия гуруҳлари томонидан аниқланган муаммоларни ҳал этиш мақсадида мутасадди ташкилотларга 1300 га яқин депутатлик сўровлари чиқарилиб, 60 дан ортиқ масалалар маҳаллий Кенгашлардаги доимий комиссиялар йиғилишларига, 20 га яқин масалалар сессиялар кун тартибига киритилиб, тегишли қарорлар қабул қилинишига ҳамдаа муаммолар ижобий ечим топишига эришилди.

Агар бўлажак сайловда Тошкент шаҳар халқ депутатлари туман Кенгашларида ҳам кўпчилик ўринларни қўлга киритадиган бўлсак, бу борада пойтахтимиз маҳаллаларида учраётган муаммоларни ижобий ҳал этишда катта имкониятларга эга бўламиз.

Партия номзодларининг Сайловолди дастурида илгари сурилган шу каби қатор халқчил ғоялар ва ҳаётий устувор масалалар сайловчиларда катта қизиқиш уйғотиб, улар томонидан қўллаб-қувватланмоқда. Бу борада аҳолининг реал эҳтиёжлари инобатга олингани, Тошкент шаҳридаги мавжуд ижтимоий масалалар ечими юзасидан аниқ таклифлар илгари сурилганлиги фуқароларимизнинг қизиқишига сабаб бўлаётир.

Гўзал ШУКУРОВА, “Қуюв механика заводи” шўъба корхонаси инспектори:

— “Адолат” СДПдан сайлов округимизга кўрсатилган номзод дастурида ижтимоий масалаларга бирламчи аҳамият қаратилганлиги, айниқса, уларга адолат тамойиллари нуқтаи назаридан ёндашилганлиги менга маъқул келди. Хусусан, таълим, тиббиёт ва бошқа соҳаларни ривожлантириш бўйича белгиланган вазифалар ўзининг амалий ечимига эгалиги, ҳаётийлиги ҳамда ҳар бир фуқаро тақдирига дахлдорлиги билан биз, сайловчиларда катта қизиқиш уйғотмоқда. 

Айниқса, пойтахтимизда тадбиркорлик соҳаси жадаллик билан ривожланаётган, иш билан банд бўлган аҳолининг асосий қисми айнан ушбу соҳа ҳиссасига тўғри келаётган ҳозирги шароитда иш берувчи ва ходим ўртасидаги муносабатларда ходимнинг ҳақ-ҳуқуқларини тўлақонли таъминлаш, у билан меҳнат муносабатларини расмийлаштирмагани, ходим меҳнатига ҳақ тўлаш, ижтимоий суғурта қилиш, пенсия таъминоти талабларига риоя қилмагани ва уларни бузганлиги учун иш берувчилар -жавобгарлигининг кучайтирилиши билан бирга, жавобгарликнинг муқаррарлигини таъминлашга доир номзод илгари сураётган таклифлар муҳим аҳамиятга эга. Чунки бугун Тошкент шаҳрида қанчадан қанча фирма ва ташкилотлар ҳеч қандай меҳнат шартномасиз ходимларни ишлатаётганини кўришимиз мумкин.

Тўғри, бугун иш берувчи меҳнат шартномасини расмийлаштирмасдан ишлатиши, ходим эса етарли миқдорда даромад олиб, фаолиятини давом эттиравериши мумкин. Лекин келгусида фуқаро пенсия ёшига етганда, ижтимоий ҳимоядан маҳрум бўлиб қолиши кундек равшан.

Қолаверса, бугунги кунда пенсия ёшига етган кўплаб фуқароларнинг бир пайтлар ишлаган ишхонасидаги ҳужжатлари йўқолиб кетганлиги сабабли пенсияни расмийлаштириш учун зарур маълумотларни ололмасдан сарсон бўлаётганига ҳам гувоҳмиз.

Ушбу муаммонинг амалий ечими сифатида номзод томонидан меҳнат бозорида иш берувчи ва ходим ўртасидаги муносабатларни тартибга солиш, меҳнаткашларнинг ижтимоий ҳимоясини таъминлаш, архив ишини янада жонлантириш, иш берувчи корхона ва муассасаларнинг ходимлар ҳужжатларини сақлаш борасидаги масъулиятини ошириш масаласида илгари сураётган таклифлари узоқ истиқболга мўлжаллангани билан нафақат фуқаролар, балки бутун жамият учун ҳам муҳим аҳамият касб этади.

Азизжон ҲУСАНОВ, Учтепа туманидаги 74-умумий ўрта таълим мактаби қошидаги Ёшлар иттифоқи етакчиси:

— Бугун пойтахтимизда ёш оилалар учун уй-жой сотиб олиш масаласи долзарб эканлиги ҳеч кимга сир эмас. “Адолат” СДП номзодининг айни масалада илгари сураётган таклифлари, хусусан, уй-жой сотиб олиш ва қуриш учун ажратилаётган ипотека кредитлаш жараёнини такомиллаштириш ва фоизларини камайтириш борасидаги режалари кўпчиликнинг кўнглидаги гап бўлди. Агар номзоднинг бу борадаги таклифи амалга ошса, биз каби уй олиш илинжида юрган ёш оилаларнинг мушкули осон кечган бўларди.

Шу билан бирга, номзоднинг уй-жой-коммунал комплекси ишини янада яхшилаш, аҳоли учун белгиланаётган коммунал тўловлар миқдорини доимий назоратда тутиш, бу соҳаларда аҳолига хизмат кўрсатадиган муқобил ташкилотлар ўртасидаги рақобатни оширишга қаратилган таклифлари, айниқса, кўп қаватли уйларда истиқомат қилаётган ҳамшаҳарларимизни жуда қизиқтирмоқда.

АДОЛАТ ТУЙҒУСИНИ ҲАЁТИМИЗДА ЯНАДА КЕНГ ҚАРОР ТОПТИРИШ – АСОСИЙ ВАЗИФАМИЗДИР!

Азиз ҳамшаҳарлар — ҳурматли сайловчилар!

Ушбу масалалар юзасидан ўзининг аниқ позицияси ва қарашларига эга бўлган Тошкент шаҳар халқ депутатлари туман Кенгашларига Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партиясидан кўрсатилаган номзодлар сизнинг ишончингизга муносибдир.

Кўпчилик сайловчиларнинг фикр ва мулоҳазаларини инобатга олган ҳолда барчангизни Тошкент шаҳар халқ депутатлари туман Кенгашларига бўлиб ўтадиган сайловда партиямиздан кўрсатилган номзодларга овоз беришга чақирамиз.

Ўзбекистон “Адолат” СДП Тошкент шаҳар Кенгаши

Адолат ҳар бир инсон учун was last modified: Декабрь 13th, 2017 by matbuot

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

« »