Адолат – ҳар бир ишда дастуримиз ва ҳамроҳимиз бўлсин

6 Декабрь, 16:54 • Сайлов — 2017, Тошкент шаҳри, Янгиликлар • 217 марта кўрилди • Комментариев к записи Адолат – ҳар бир ишда дастуримиз ва ҳамроҳимиз бўлсин нет

Айни кунларда 24 декабрь куни бўлиб ўтадиган Тошкент шаҳар халқ депутатлари туман кенгашларига сайлов кампанияси қизғин паллага кирган.

Ушбу сиёсий жараёнда ўз номзодлари ва устувор ғоялари билан иштирок этаётган Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси сайловда кўпчилик ўринни эгаллаш мақсадида сайловолди ташвиқотини уюшқоқлик билан олиб бормоқда.

Ўтган йиллардаги тажрибалар шуни кўрсатмоқдаки, Ўзбекистон “Адолат” СДПнинг Сайловолди дастурида илгари сурилган бир қатор халқчил ғоялар ва ҳаётий устувор масалалар сайловчиларда катта қизиқиш уйғотиб, улар томонидан қўллаб-қувватланмоқда.

Партиямиз сайлов кампаниясида иштирок этар экан, ўз номига хос равишда адолат ғоясини, кимлиги, қайси ижтимоий муҳитга мансублигидан қатъи назар, барча фуқароларнинг қонун олдида тенглиги ғоясини рўёбга чиқаришни асосий вазифа, деб ҳисоблайди.

“Адолат” СДП асосий ижтимоий-иқтисодий муносабатларни фақат қонун йўли билан тартибга солишга, шунингдек, қонуности ҳужжатларининг доирасини қисқартиришга интилади. Қонунларнинг юқори сифати ва барқарорлигига эришиш, уларни ҳаётга татбиқ этишнинг ишончли механизмини яратиш, қонун ижодкорлиги жараёнида адолат ва қонунийлик ғоялари партия депутатлик корпуси қонунчилик фаолиятининг асосий мезони бўлиб қолади.

Албатта, бу каби мақсадларда фақатгина партиянинг Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракцияси фаоллиги билан эриша олмаймиз. Бунда жойлардаги маҳаллий кенгашлардаги депутатлик гуруҳларимизнинг ўрни ҳам жуда муҳим. Биз “Фракция-марказ-вилоят-туман” тизими орқали қабул қилинаётган қонунларнинг халқчиллиги ва ҳаётийлигини таъминлаш мақсадида палатада муҳокама қилинаётган қонун лойиҳаларини маҳаллий Кенгаш депутатлари орқали жойларда кенг муҳокамалардан ўтказаяпмиз ва улар томонидан қонун лойиҳаларига ҳаётий таклифлар билдирилмоқда. Тошкент шаҳар халқ депутатлари туман Кенгашларига бўлиб ўтадиган сайлов орқали ўз депутатлик гуруҳларимизга эга бўлиш бизга бу борада қўшимча имкониятлар яратади.

Жамият аъзоларининг Конституциямиз ва қонунларимиз ижросига бўлган ишончи – уларнинг эртанги кунга бўлган ишончидир. Шундай экан, биз давлат бошқаруви органлари, назорат қилувчи ва ҳуқуқни муҳофаза этувчи тузилмалар фаолиятида қонунчилик меъёрларининг бузилишига, уларнинг нотўғри ва эркин талқин этилишига, шунингдек, тўрачилик, расмиятчилик ва коррупцияга қарши кескин кураш олиб бориш тарафдоримиз. Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар фаолиятининг қонуний асосларини янада мустаҳкамлаш, хусусан, ички ишлар, назорат қилувчи ва ҳуқуқни муҳофаза этувчи идоралар фаолиятида қонунчиликка амал қилиниши, инсон ҳуқуқ ва эркинликларининг ҳимоя қилиниши устидан жамоатчилик назоратини янада кучайтириш зарур, деб ҳисоблаймиз.

Партия бундан буён ҳам кучли ижтимоий сиёсатни қўллаб-қувватлаш орқали давлат ижтимоий дастурларини бажаришда фаол иштирок этади. Ижтимоий адолат, аҳоли турмуш сифати кўрсаткичларини янада яхшилашга қаратилган аниқ саъй-ҳаракатларни амалга ошириш Тошкент шаҳар халқ депутатлари туман Кенгашларига сайланадиган депутатларимизнинг асосий вазифаси бўлиб қолади.

Таълим ва соғлиқни сақлаш тизимлари учун давлат бюджетидан ажратилаётган маблағлардан оқилона ва самарали фойдаланишни қўллаб-қувватлаш орқали ижтимоий соҳани ривожлантириш партиямизнинг асосий мақсадлари сирага киради.

Биз давлат мактабгача таълим муассасалари тизимини ривожлантириш, болаларнинг мактабгача таълим билан қамровини кенгайтириш, соҳага малакали мутахассис кадрлаш тайёрлаш борасида амалга оширилаётган чора-тадбирларни қўллаб-қувватлаймиз. Янги замонавий мактабгача таълим муассасаларини қуриш, мавжудларини таъмирлаш ва моддий-техника базасини мустаҳкамлаш борасида амалга оширилаётган дастурлар ижроси устидан қатъий депутатлик ва жамоатчилик назоратини ўрнатамиз.

Шунингдек, қайта жорий этилган 11 йиллик умумий ўрта таълим тизимининг сифатини янада ошириш, уларда хорижий тилларни, информатика, математика, физика, кимё ва биология каби фанларнинг чуқурроқ ўқитиш ҳамда таълим соҳаси ходимлари меҳнатига муносиб ҳақ тўлаш масалалари доимий диққат марказимизда бўлади. Биз таълим муассасаларидаги педагог кадрларнинг ижтимоий мақомини, педагогларнинг давлат ва жамиятдаги нуфузини оширишга қаратилган ташкилий ҳуқуқий чора-тадбирларни амалга оширишни таклиф этамиз. Зеро, мамлакатимиз келажагини шакллантиришда энг муҳим масъулият айнан педагоглар зиммасидадир.

Биз ўрта-махсус касб-ҳунар таълими тизимида меҳнат бозоридаги талабларга жавоб берадиган етук мутахассисларни етиштириб берадиган таълим йўналишларини янада ривожлантиришни ёқлаймиз.

Республикамиздаги олий таълим муассасаларининг қарийб ярми пойтахтимизда жойлашган бўлиб, уларнинг аксарияти таянч ўқув ҳисобланади. Шу боис биз уларнинг моддий-техника базаси ва инновацион инфратузилмасини янада яхшилаш, илм-фан, ишлаб чиқариш ва иқтисодиёт билан алоқасини кучайтириш тарафдоримиз.

Шу билан бирга, партиямиз соғлиқни сақлаш соҳасида давлат секторини мустаҳкамлаш тарафдори бўлиб қолади. Биз аҳолининг барча қатламига кўрсатилаётган тиббий хизмат сифатини янада ошириш тарафдоримиз. Айниқса, мактаб ва мактабгача таълим муассасалари доирасида болаларни тиббий хизматлар билан таъминлаш тизимини кучайтириш масаласини бундан буён ҳам қатъий эътиборга оламиз.

Бу борада бизда катта тажриба мавжуд. Жумладан, жорий йилда партиямизнинг “Фарзандлари соғлом юрт — қудратли бўлур” лойиҳаси доирасида ишчи гуруҳларимиз томонидан республикамизнинг барча туман ва шаҳарларида ўнтадан мактаб, бештадан боғча жамоатчилик назорати асосида ўрганилиб, уларда болаларга тиббий хизмат кўрсатишнинг ҳолати, мажбурий дори-дармонлар билан таъминланганлик даражаси, манту синамаси ва бошқа эмлашлар даврийлиги, тоза ичимлик суви билан таъминланганлиги ҳамда синфхоналаридаги ўқувчилар сонининг санитария-гигиена талабларига мослиги таҳлил қилинди.

Ушбу лойиҳа доирасида аниқланган муаммолар бўйича вилоят, туман ва шаҳар Кенгашларининг сессияларига 40 га яқин масалалар киритилди ва қарорлар қабул қилинди.

Айниқса, Тошкент шаҳрида олиб борилган ўрнанишлар давомида аксарият мактаб ва боғчаларда тарбияланувчилар ва ўқувчилар сони санитария-гигиена талабларига мос эмаслиги, яъни белгиланган меъёрдан ошиб кетганлиги аниқланди. Бу борадаги муаммолар халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгашидаги депутатлик гуруҳимиз томонидан тегишли доимий комиссияда муҳокама қилинди. Биз бу борада тўпланган тажрибаларни бундан буён ҳам давом эттирамиз.

Фармацевтика соҳаси соғлиқни сақлаш тизимининг муҳим тармоғи эканлигидан келиб чиқиб, пойтахтимизда бу соҳанинг самарали фаолият юритишига, дорихона муассасаларини аҳоли эҳтиёжини қоплайдиган ҳажмда дори воситалари билан таъминлашга ҳамда дори-дармонлар нархларини шакллантириш устидан назорат масалаларига алоҳида эътибор қаратамиз.

Партиямиз Сайловолди дастурида ёшлар масаласи алоҳида ўрин тутади. Жорий йилда Ўзбекистон ёшлар иттифоқи билан ҳамкорликда партиямиз тизимида ёшларга оид давлат сиёсатини амалга ошириш юзасидан чора-тадбирлар дастури ишлаб чиқилди ҳамда амалиётга самарали татбиқ этилмоқда. Хусусан, жорий йилнинг ўтган даврида Жиззах, Самарқанд ва Навоий вилоятларида партиямизнинг ҳудудий кенгашлари томонидан уюшмаган ёшлар рўйхати маҳаллалар кесимида шакллантирилди ҳамда маълумотлар базаси яратилди. Халқ депутатлари Навоий шаҳар ва Кармана туман Кенгашларининг навбатдаги сессияларида Ўзбекистон “Адолат” СДП депутатлик гуруҳи ташаббуси билан уюшмаган ёшларнинг қонуний манфаатларини таъминлаш бўйича қилинаётган ишлар ҳолати атрофлича муҳокама этилди. Сессияларда шу йўналишда олиб борилаётган ўрганишлар натижалари кўриб чиқилди. Тегишли масала бўйича масъул мансабдор шахслар ҳисоботи ҳар чоракда маҳаллий Кенгаш сессияларида эшитилиб, муҳокама қилиб борилиши белгилаб олинди.

Ушбу тажрибага таянган ҳолда биз Тошкент шаҳрида ҳам уюшмаган ёшлар масаласига алоҳида эътибор қаратамиз.

Ўзбекистон “Адолат” СДП мамлакатимиз келажаги — инновацион ривожланиш ва инновацион иқтисодиётда, деб билади ҳамда давлатнинг мувофиқлаштирувчилик фаолияти иқтисодиётнинг барқарор инновацион тараққиётида муҳим роль ўйнаши кераклигини эътироф этади. Чунончи, янги технологияларга асосланган иқтисодиёт давлат қудратини оширади, халқимиз фаровонлиги ва жамиятимизнинг барқарор ривожланишига хизмат қилади.

Пойтахтимизда транспорт-логистика тизими юқори даражада ривожланганини инобатга олиб, бу ерда технопарклар барпо этиш, уларда янги технологиялар ишлаб чиқадиган ихтирочи ва олимларга имтиёзлар бериш, илмий ишланмаларни жадаллаштириш ва саноатни илмталаб ҳамда энергия тежайдиган технологияларга йўналтириш, дунёнинг етакчи университетлари ва йирик корпорациялари билан ҳамкорликни ривожлантириш борасида олиб борилаётган ислоҳотларни фаол қўллаб-қувватлаймиз.

Иқтисодий соҳада, шунингдек, энергия сарфини иқтисод қилишни рағбатлантиришга қаратилган замонавий технологияларни кенг миқёсда жорий этиш тарафдоримиз. Айниқса, Тошкент шаҳрида уй-жой-коммунал соҳаси ва кундалик турмушда кенг фойдаланишга мўлжалланган қуёш батареяси ва бошқа қайта тикланувчи энергия олишга ихтисослашган инновацион технологияларни аҳолининг харид қобилиятига мос нархларда ишлаб чиқаришни кенгайтириш асосий мақсадларимиздан биридир.

Тошкент шаҳри аҳолиси учун қулай шароит яратиш, пойтахтдаги экологик ҳолатни янада яхшилаш тарафдоримиз. Экология соҳасидаги масалаларни ҳал этиш мақсадида атроф-муҳитни кўкаламзорлаштириш, зарарли атмосфера таъсирини камайтириш учун сувли объектларни кўпайтириш, шаҳар аҳолисининг экологик маданиятини юксалтиришни режалаштирганмиз. Бунда атроф-муҳит ва аҳоли саломатлигига лоқайд бўлган хўжалик субъектларининг масъулиятини ошириш муҳим аҳамият касб этади.

Биз атроф-муҳитни зарарлантиришга қарши курашиш, оқава сувлар ва уларнинг атрофини тоза сақлаш, сув ҳавзалари атрофига маиший муассасалар қурилишини чеклаш, улар атрофида турли чиқинди ва ахлатлар ташлаган шахслар ёки хўжалик субъектларининг жавобгарлигини ошириш тарафдоримиз. Бу борада амалга оширилаётган “Тозалик йўлида бирлашайлик” лойиҳасини пойтахтимизда янада кенг татбиқ этишни мақсад қилганмиз.

Шаҳарда “яшил камар” ташкил этиш ташаббусини қўллаб-қувватлаймиз ҳамда сув манбаларининг тозалиги ҳамда хавфсиз истеъмол маҳсулотлари учун курашамиз. Биз “экология иши”га жазо муқаррар экани, керак бўлса, ушбу масала судгача олиб чиқилиши лозим, деб ҳисоблаймиз.

Шу билан бирга, замонавий фан ва технологиялар ютуқларидан самарали фойдаланиб, чиқиндиларни қайта ишлашни қўллаб-қувватлаймиз.

Хулоса қилиб айтганда, биз бўлажак сайловда ўз дастурий мақсад ва вазифаларимизни самарали тарзда татбиқ эта олишга имконият яратадиган ўринларни эгаллашни бош мақсад қилиб белгилаганмиз.

ИЛМ-ФАН, ТАЪЛИМ-ТАРБИЯ, СОҒЛИҚНИ САҚЛАШДА ИЖТИМОИЙ АДОЛАТ УЧУН КУРАШАМИЗ!

Азиз ҳамшаҳарлар — ҳурматли сайловчилар!

24 декабрь куни бўлиб ўтадиган сайловда ўз сиёсий ҳуқуқларингиздан тўлақонли фойдаланган ҳолда Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партиясидан кўрсатилган номзодларга овоз беринг!

Ўзбекистон “Адолат” СДП Тошкент шаҳар Кенгаши

 

Адолат – ҳар бир ишда дастуримиз ва ҳамроҳимиз бўлсин was last modified: Декабрь 13th, 2017 by matbuot

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

« »