Аграр соҳа истиқболи йўлида

15 Декабрь, 19:49 • Муносабат, Наманган вилояти, Янгиликлар • 45 марта кўрилди • Комментариев к записи Аграр соҳа истиқболи йўлида нет

Ўтган ҳафтада мамлакатимизда илк бор Қишлоқ хўжалиги ходимлари куни умумхалқ байрами сифатида нишонланди. Шу муносабат билан нафақат пойтахтда, балки вилоятлар ва туман марказларида, қишлоқларда ҳам тантаналар бўлиб ўтди. Ушбу тадбирларда халқимиз миришкор деҳқон ва фермерларга, сувчи ҳамда ирригаторлар, механизатор ва агрономлар, қайта ишлаш саноати ходимларига ўзининг юксак даражадаги эҳтиромини изҳор этди.

Айниқса, Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг байрамга бағишланган тантанали маросимдаги нутқи кенг жамоатчиликда катта қизиқиш уйғотди. Давлатимиз раҳбари ўз нутқида аграр соҳани мамлакат иқтисодиётининг етакчи тармоқларидан бирига айлантириш юзасидан долзарб вазифаларни белгилаб берди. Энди биз уларни бажариш юзасидан чора-тадбирларни белгилаб, астойдил меҳнат қилишимиз талаб этилади.

Кейинги йилларда мамлакатимиз иқтисодиёти жадал суратларда ривожланмоқда. Мамлакатимиз раҳбарияти ҳам бу масалага жиддий эътибор қаратмоқда. Чунки қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштиришни кўпайтириш аҳоли турмуш даражасини юксалтиришда, озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашда, экспорт салоҳиятини оширишда муҳим аҳамият касб этади. Бунга эришиш учун мулкдорларнинг янги, замонавий тафаккурга эга синфини шакллантириш, уларга кенг миқёсда ҳақиқий мустақиллик бериш, айни  пайтда ҳуқуқий ҳимоясини янада кучайтириш зарур бўлади.

Шуни айтиш керакки, соҳани ривожлантириш учун айни пайтда етарли ҳуқуқий асослар мавжуд. “Фермер хўжалиги тўғрисида”ги ва “Деҳқон хўжалиги тўғрисида”ги қонунлар бунга мисол бўла олади. 2017 йилнинг ўзида яна 5 та қонун, 20 дан ортиқ Фармон ҳамда қарорлар қабул қилингани ҳам соҳа равнақи ҳақида ғамхўрликдан далолатдир. Натижада Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги фаолияти такомиллаштирилди, Ўзбекистон Фермерлари кенгаши Ўзбекистон Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши сифатида қайта ташкил қилинди, шунингдек, иккита янги қўмита ҳамда учта уюшма тузилди.

Айниқса, 9 октябрдаги “Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгаларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, қишлоқ хўжалиги экин майдонларидан самарали фойдаланиш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармонни аграр соҳадаги ислоҳотларнинг мантиқий давоми сифатида баҳолаш мумкин. Чунки ушбу ҳужжат қишлоқ мулкдорларининг ҳуқуқ ҳамда ваколатларини кенгайтирди, ер-сув ресурслари ва яратилган ишлаб чиқариш салоҳиятидан унумли фойдаланиш туфайли юқори иқтисодий кўрсаткичларга эришиш йўлини очди. Бу эса ўз навбатида қишлоқ инфраструктурасини янада жадал ривожлантириш, аҳоли бандлиги масалаларини ҳал этишда муҳим аҳамият касб этади. Бу борада халқ депутатлари, маҳаллий кенгашлари депутатлари зиммасига ҳам катта масъулият юкланади. Чунки келгуси йилдан бошлаб фермер хўжаликларининг ер участкаларидан фойдаланиш самарадорлиги ҳар чоракда халқ депутатлари туман Кенгашларида муҳокама қилиб борилади. Мақсад – халқнинг катта бойлиги ҳисобланмиш ердан унумли фойдаланиш, унинг ҳар бир қаричини юқори даромад манбаига айлантиришдир.

Президентимизнинг 2017 йил 1 июндаги “2017 йилда бошоқли дон экинларидан бўшайдиган майдонларга такрорий экинларни жойлаштириш, экиш учун талаб этиладиган моддий-техника ресурсларини ўз муддатида етказиб бериш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ҳам соҳада катта ўзгариш ясади. Ушбу ҳужжатда белгиланган вазифаларни бажариш асносида мамлакатимизда биринчи марта бир миллион гектардан ортиқ ерда такрорий экинлар жойлаштирилди. Бу ҳар томонлама катта аҳамиятга эга воқеадир. Биринчидан, аҳоли дастурхонига хилма-хил маҳсулотларни янада кўпроқ етказиб бериш имконияти юзага келади. Иккинчидан, деҳқонларимиз ҳам иқтисодий жиҳатдан ўзларини ўнглай оладилар. Чунки анъанавий экинлар ҳосилига нисбатан такрорий экин сифатида етиштирилган озиқ-овқат маҳсулотлари уч-тўрт марта кўп даромад келтиради.

Шу кунларда ҳар бир жамоада 2017 йил якунлари сарҳисоб қилиниб, янги йил марралари белгиланмоқда. Биз ҳам фаолият якунларидан мамнунмиз. Мен раҳбарлик қилаётган “Мирзааҳмад ота ўғли Нурмуҳаммад” кўп тармоқли фермер хўжалиги иқтисодий жиҳатдан тобора ривожланиб бормоқда. Ихтиёримизда 62 гектар ер бор, пахтачилик ва ғаллачилик қатори чорвачилик, паррандачилик, балиқчилик, асаларичилик билан шуғулланамиз. Тикувчилик цехи, савдо ва маиший хизмат кўрсатиш тармоқлари ҳам бор.

Бу йилги эришган натижаларимиз ёмон эмас. Аммо, олдинда ҳали қилинадиган ишлар кўп. Шунинг учун биз ютуқлар билан кифояланмасдан, фойдаланилмаган имкониятларни ишга солиш, янада юқори иқтисодий кўрсаткичларни қўлга киритиш учун бутун куч-ғайратимиз ва билимимизни сафарбар этамиз.

Мирзоҳид МИРЗААҲМЕДОВ,

халқ депутатлари

Уйчи туман кенгаши депутати

 

Аграр соҳа истиқболи йўлида was last modified: Декабрь 15th, 2017 by matbuot

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

« »