Андижонда буюк шоирга бюст ўрнатилди

12 Декабрь, 18:23 • Андижон вилояти, Тадбир, Янгиликлар • 46 марта кўрилди • Комментариев к записи Андижонда буюк шоирга бюст ўрнатилди нет

Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганлигининг 25 йиллиги шодиёналари андижонлик ижодкор ва шеърият ихлосмандлари  учун қўшалоқ байрамга айланди. Сабаби, байрам  тантаналари Андижон шаҳридаги Муҳаммад Юсуф номли она тили ва адабиётга ихтисослаштирилган мактаб-интернатнинг очилиш тадбирларига уланди.

Маълумки, давлатимиз раҳбари шу йилнинг 2-3 июнь кунлари Андижонга ташрифи чоғида вилоят марказида шоир номида мактаб ташкил этиш, ёшларга унинг ижодини, ўзбек адабиётининг янги қирраларини чуқурроқ ўргатиш, истеъдодли ижодкорларни тарбиялаш юзасидан ўз таклифларини илгари сурган эди. Ҳеч қанча вақт ўтмай, бу эзгу ташаббус рўёбга чиқди. 27 июль куни Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг «Андижон шаҳрида Муҳаммад Юсуф номидаги она тили ва адабиёт фанини чуқурлаштириб ўқитишга ихтисослаштирилган мактаб ва Муҳаммад Юсуфнинг бюсти ўрнатилган хиёбонни ташкил этиш тўғрисида»ги қарори қабул қилинди.

Мазкур қарорга асосан, Андижон давлат университети қошидаги 4-сон академик лицей биносининг бир қисмида севимли шоиримиз номида она тили ва адабиёт фанини чуқурлаштириб ўқитишга ихтисослаштирилган мактаб-интернатига асос солинди.   Мактаб олдида хиёбон ташкил этилиб, Муҳаммад Юсуф бюсти ўрнатилди. Иккита фаввора қурилди, манзарали дарахт кўчатлари ўтқазилди.

Мазкур хиёбон ва мактаб-интернатининг очилиши, айнан Бош Қомусимиз қабул қилинган кунга тўғри келишида ҳам рамзий маъно бор, албатта – дейди, Ўзбекистон “Адолат” СДП фаоли, шоира Оматхон Алиева, — Чунки шоир Истиқлол куйчиси сифатида шеърга ошно  халқимиз дилидан чуқур ўрин олди.

Давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, меҳнат фахрийлари, адабиёт ва санъат намояндалари, ёшлар, Муҳаммад Юсуфнинг фарзандлари, дўстлари, ҳамкасблари, шогирдлари ва оила аъзолари иштирокидаги даврада Ўзбекистон Республикаси давлат мадҳияси янгради. Сўнгра сўзга чиққан вилоят ҳокими, Олий Мажлис Сенати аъзоси Шуҳратбек   Абдураҳмонов Ўзбекистон халқ шоири Муҳаммад Юсуф ўзининг шеърлари билан ҳар бир юртдошимизнинг қалбидан жой эгаллаган нодир истеъдод соҳиби эканлигини, унинг номи ўзбек адабиётида ўчмас из қолдирганини айтиб ўтди. Шунингдек, шоирнинг рафиқаси Назира ас-Салом, Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган маданият ходими Қамчибек Кенжа Муҳаммад Юсуф асарларида куйланган ўлмас мавзулар, она юртга меҳр-садоқат, мустақилликни мустаҳкамлаш, ватанпарварлик ғояларини ҳар қанча ўрганса оз эканлигини, шунинг учун ҳам унинг ижодини кенг тарғиб этишга алоҳида эътибор қаратилаётганини таъкидладилар. Зулфия номидаги Давлат мукофоти совриндори Саидабону Абдусаломова эса шоир қаламига мансуб шеърнинг немис тилидаги таржимасидан ўқиди.

Хиёбон марказида қад ростлаган Муҳаммад Юсуф бюсти очилганда кўнгиллар яна қувончга тўлди. Маросим қатнашчилари Ўзбекистон Бадиий академияси аъзоси, ҳайкалтарош Шоҳрухбек Ўрозов томонидан тайёрланган бюст пойига гулчамбарлар қўйдилар.

Рустамжон Эшонов

Ўзбекистон “Адолат” СДП

Андижон вилоят кенгаши фаоли.

Андижонда буюк шоирга бюст ўрнатилди was last modified: Декабрь 12th, 2017 by matbuot

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

« »