Аниқ амалий ишлар орқали халқ ишончини қозониш мумкин

16 Декабрь, 13:00 • Пленум, Сирдарё вилояти, Янгиликлар • 203 марта кўрилди • Комментариев к записи Аниқ амалий ишлар орқали халқ ишончини қозониш мумкин нет

Гулистон шаҳар ҳокимлигининг кичик мажлислар залида Ўзбекистон “Адолат” СДП Сирдарё вилоят Кенгашининг Х Пленуми бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси Сирдарё вилоят Кенгаши аъзолари, вилоят назорат-тафтиш комиссияси аъзолари, шаҳар ва туман Кенгашлари ижрочи котиблари, Халқ депутатлари вилоят Кенгашидаги депутатлик гуруҳи аъзолари, партия фахрийлари ва фаоллари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.

Пленум кун тартибида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил 12 июлдаги Олий Мажлис Палаталари, сиёсий партиялар ҳамда Ўзбекистон Экологик ҳаракати вакиллари билан видеоселектор йиғилишидаги маърузасидан келиб чиқадиган вазифалар юзасидан Ўзбекистон “Адолат” СДП Сиёсий Кенгаши VIII Пленуми қарори билан тасдиқланган дастури ижросини амалга ошириш бўйича режа ижроси тўғрисида Ўзбекистон “Адолат” СДП Сирдарё вилоят Кенгаши раиси Дилшунос Абдуллаеванинг ҳамда 2017 — 2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича ҳаракатлар стратегиясини “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили”да амалга оширишга оид Давлат дастури ижросини таъминлашда Ўзбекистон “Адолат” СДП вилоят Кенгашининг иштироки тўғрисида Вилоят партия ташкилоти раиси ўринбосари Валижон Тўйчиевларнинг маърузалари тингланди.

Турғунбой Каримов, Сирдарё туман партия ташкилоти раиси:

— Бугунги Пленум танқидий руҳда ўтди. Фаолиятимизда ютуқларимиз билан бир қаторда камчиликларимиз ҳам етарли даражада эканлигини тан олишим керак. Бу ҳақда йиғилишда ҳам таъкидланди. Ҳаттоки, туманимиздан ўтган сайловларда биронта депутат сайланмаганлиги ҳам четда қолмади. Ҳозирда ҳафтанинг ҳар чоршанба куни аҳоли билан мулоқот қилиб, уларнинг дардини ўрганиб, ишчи гуруҳимиз билан биргаликда ечим топишга ҳаракат қилмоқдамиз ва шу орқали халқ орасида партиямиз танилувчанлигини оширишни ҳам мақсад қилганмиз. Маъруза давомида ўринли келтирилган камчиликларни албатта бартараф этиш шахсан туман раиси сифатида менга маъсулият юклайди.  Бунинг учун менда вақт ҳам, куч ҳам, имконият ҳам етарли.

Музокараларда сўз олган Халқ депутатлари Сирдарё вилояти Кенгаши депутати М.Олтмишева, Халқ депутатлари Гулистон туман Кенгаши депутати У.Абдуллаев, Мирзаобод туман Кенгаши раиси Ш.Шойзоқов, Оқолтин туман партия ташкилоти раиси Ў.Қудратовлар ҳам маърузаларда келтирилган танқидий таҳлилларга ўз муносабатларини билдирдилар.

Танқидий руҳда ўтказилган йиғилишда ҳудудий ва маҳаллий партия ташкилотларининг ҳали мавжуд имкониятлардан тўлалигича фойдалана олмаётгани алоҳида қайд этилди. Бу борада сусткашликка йўл қўйган тегишли маҳаллий Кенгаш раисларига огоҳлантириш берилди.

Йиғилиш якунида Ўзбекистон “Адолат” СДП Сиёсий Кенгаши Марказий аппарати бош мутаҳассиси Д.Мирзамаҳмудова сўз олиб, партия фаоллари ҳамда депутатлик корпусининг биргаликда халқ ишончини оқлашга қаратилган масъулиятини янада ошириш, жойлардаги муаммолар ечими юзасидан аниқ амалий ишларни бажариш, айниқса, ҳар бир муаммони жойига бориб ҳал этиш, одамларнинг дардини эшитиш лозимлигини алоҳида таъкидлади.

Тадбир иштирокчилари партия ташкилотлари ва депутатлик корпуси ишини кучайтириш борасидаги масалалар юзасидан аниқ таклифларни ўртага ташлаб, фикр алмашдилар. Пленум якунида кун тартибидаги масалалар юзасидан тегишли қарорлар қабул қилинди.

Ўзбекистон “Адолат” СДП

Сирдарё вилояти Кенгаши матбуот хизмати

Аниқ амалий ишлар орқали халқ ишончини қозониш мумкин was last modified: Декабрь 16th, 2017 by matbuot

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

« »