Архив иши масаласи сессияда муҳокама этилди

25 Декабрь, 11:35 • Хоразм вилояти, Янгиликлар • 111 марта кўрилди • Комментариев к записи Архив иши масаласи сессияда муҳокама этилди нет

Халқ депутатлари Хоразм вилоят Кенгашидаги Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси гуруҳи томонидан давлат ва хўжалик бошқарув органлари ҳамда хўжалик юритувчи субъектлар томонидан ходимлар меҳнат фаолиятига оид ҳужжатларни архив муассасаларига топшириш, вилоятда ушбу соҳага оид қонунчиликка амал қилиш холатини ўрганиш натижалари тўғрисидаги масала вилоят Кенгаши сессиясида муҳокама этилди.

Сессияни халқ депутатлари Хоразм вилоят Кенгаши раиси, вилоят ҳокими И.Собиров кириш сўзи билан очиб берди. Шундан сўнг халқ депутатлари Хоразм вилоят Кенгашидаги Ўзбекистон “Адолат” СДП вилоят Кенгаши депутати Шер Қўчқаровнинг ахбороти тингланди. Унда таъкидланишича, давлатимиз томонидан жорий йилнинг “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили” деб номланиши сиёсий партиялар зиммасига ҳам улкан вазифаларни юклади. Бугунги кун талаби, фуқароларнинг манфаатларини ҳимоя қилиш, уларни қийнаб келаётган муаммоларни бартараф этиш ҳамда жамиятда адолат тамойили ва қонун устуворлигини таъминлаш вазифаларини янада кучайтиришни тақозо этмоқда.

Бугунги кунда айрим мансабдор шахсларнинг эътиборсизлиги сабаб архив ишлари йўлга қўйилмагани, хусусий сектор вакилларининг бу соҳани етарли даражада тушунмаслиги натижасида ходимларнинг меҳнат фаолиятига оид архив ҳужжатларини сақлаш тартиби бузилиши кузатилмоқда. Айниқса, фаолияти тугатилган юридик шахсларнинг ходимлар иш фаолиятига оид ҳужжатлари архивга топширилмасдан йўқолиб кетмоқда ва оқибатда фуқароларнинг пенсияга чиқиш учун ташкилотма-ташкилот юриб, ойлаб ҳужжат йиғишига, пенсия олиш ҳуқуқининг бузилишига олиб келмоқда.

Мазкур ҳолатларни бартараф этиш мақсадида Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси вилоят, шаҳар ва туман Кенгашлари депутатлик гуруҳи аъзолари ҳамда партияси ташкилоти, шаҳар ва туман архив муассасалари масъул ходимларидан иборат ишчи гуруҳ жойларга чиқиб, қайд этилган масалани атрофлича ўрганиб чиқди.

Ишчи гуруҳ томонидан вилоятдаги 57 та бюджет ташкилоти, 43 та хўжалик юритувчи субъектларда ходимлар меҳнат фаолиятига оид ҳужжатларини давлат архивларига топшириш ҳамда ушбу соҳага оид қонунчиликка амал қилиш ҳолатлари юзасидан жамоатчилик назорати тартибида ўрганишлар ўтказилди.

Ўрганишлар натижасига кўра вилоятда 2012-2017 йилларда 5058 та ташкилот тугатилган бўлиб, улардан фақатгина 920 тасининг ҳужжатлари (18 фоиз) архив муассасаларида сақланган. Қолган 4138 та ташкилотларнинг ҳужжатлари (82 фоиз) вилоят, шаҳар ва туман архивларида мавжуд эмаслиги маълум бўлди.

Ваҳоланки, Ўзбекистон Республикасининг “Архив иши тўғрисида”ги Қонунининг 5-моддаси ҳамда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Ўзбекистон Республикаси Архив ишини такомиллаштириш тўғрисида”ги 101-сонли қарорига кўра “Корхоналар, муассасалар ва ташкилотлар тугатилган тақдирда уларнинг архив ҳужжатлари қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда тегишли давлат архивларига берилиши лозим” эканлиги қайд қилиб ўтилган.

Ўрганилган ташкилотларнинг 97 таси ҳужжатларини режа асосида архивга топшириб борилишини ташкил қилган. Шундан 43 таси бюджет ташкилоти, 54 таси хўжалик юритувчи субъекти ҳисобланади. Идоравий архивда фақат сўнги 5 йиллик ҳужжатлари сақлаётган ташкилотлар 49 та бўлиб, шундан 31 таси бюджет ташкилоти, 18 таси хўжалик юритувчи субъектлар эканлиги маълум бўлди.

Шунингдек, сессия давомида 3 ой муддатда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 1999 йил 30 октябрдаги 482-сонли қарори билан тасдиқланган “Ўзбекистон Республикаси давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари, корхоналар, муассасалар ва ташкилотлардаги идоравий архив тўғрисида”ги намунавий низом талабларига мос равишда идоравий архив шакллантириб, бир нафар архив учун масъул шахс беркитиш ҳамда 6 ой муддатда идоравий архивда сақлаш имконияти мавжуд бўлмаган барча ҳужжатларни давлат архивига топшириш вазифаси вилоятдаги барча давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари, корхоналар, муассасалар, ташкилотлар ва хўжалик юритувчи субъектлар раҳбарлари зиммасига юклатилди.

Архив идоралари, тегишли ташкилотлар мутахассисларини жалб қилган ҳолда бир ой муддатда 2012-2017 йилларда фаолиятини тугатган хўжалик юритувчи ташкилотларнинг ҳужжатларини белгиланган тартибда тегишли архивга топшириш борасидаги ишларни чуқур таҳлил этиб, ҳужжатларни белгиланган тартибда архивга топширмаган хўжалик юритувчи субъектларнинг ҳужжатларини архивга топширтириш ва келгусида фаолиятини тугатаётган корхона, муассаса ва ташкилотларнинг ҳужжатларини белгиланган тартибда архивга топшириш чораларини кўриш масаласи шаҳар ва туман ҳокимликлари зиммасига юклатилди.

Урганч туман ҳокими О.Бекчановга 3 ой муддатда туман давлат архивини бино билан таъминлаш, архив ҳужжатларини сақлаш ҳамда ишловчи ходимлар, мурожаат қилувчи фуқаролар учун зарур шароитларни яратиш, вилоят давлат архиви директори И.Худайбергенов шаҳар ва туманлардаги барча ташкилотларга идоравий архив ҳужжатларини шакллантириш бўйича амалий ёрдам кўрсатиш, шунингдек, 2 ой муддатда шаҳар, туман архивлари моддий-техник базасини яхшилаш бўйича амалий чора-тадбирлар режасини ишлаб чиқиш ҳамда шаҳар ва туманлар ҳокимликлари ва мутасадди ташкилотлар билан биргаликда унинг ижросини таъминлаш чораларини кўриш вазифаси топширилди.

Халқ депутатлари шаҳар ва туманлар Кенгашлари “Архив иши тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни талабларига жойларда қандай амал қилинаётганлиги чуқур ўрганилиб, ўз сессияларида муҳокама қилиш ва халқ депутатлари вилоят Кенгаши мазкур қарорининг ижроси юзасидан 2018 йилнинг 1 март кунига ахборт тақдим этиши  белгиланди.

Халқ депутатлари вилоят Кенгашининг қарори “Хоразм ҳақиқати”, “Хорезмская правда” газеталари саҳифаларида ҳамда вилоят ҳокимлигининг интернетдаги расмий веб-сайтида чоп этилиши қайд этилди.

Шунингдек, сессия қарорининг бажарилишини назорат қилиш вилоят ҳокимининг биринчи ўринбосари М.Сапаев ҳамда халқ депутатлари вилоят Кенгашининг қонунийлик, ҳуқуқ -тартибот ва фуқаролар хавфсизлигини таъминлаш масалалари бўйича доимий комиссия раиси И.Абдуллаев зиммасига юклатилди.

Хамдам АЛЛАБЕРГЕНОВ,

Ўзбекистон “Адолат” СДП

Хоразм вилоят Кенгаши раиси ўринбосари

Архив иши масаласи сессияда муҳокама этилди was last modified: Декабрь 26th, 2017 by matbuot

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

« »