Асосий мақсадимиз – Конституциядаги ҳаётбахш ғояларни амалга самарали татбиқ этиш

9 Декабрь, 17:39 • Депутат минбари, Муносабат, Фракция, Янгиликлар • 209 марта кўрилди • Комментариев к записи Асосий мақсадимиз – Конституциядаги ҳаётбахш ғояларни амалга самарали татбиқ этиш нет

Конституциямизнинг йигирма беш йиллигига бағишланган тантанали тадбирда Президентимиз Ш.Мирзиёев томонидан баён этилган дастурий маъруза инсон манфаатларини ҳимоя қилиш, жамиятда ижтимоий адолатни қарор топтиришдек эзгу ғояларга асослангани билан алоҳида аҳамият касб этди.

Айниқса, асосий қонунимизда белгиланган “инсон, унинг ҳаёти, ҳуқуқ ва эркинликлари олий қадрият” мазмунидаги қоидани амалга татбиқ этишга жиддий эътибор қаратилди. Маърузада эътиборимизни ўзига жалб этган энг муҳим масалалардан яна бири фуқароларимизнинг “беайб айбдор бўлиб қолиши” билан боғлиқ салбий иллатга чек қўйишга оид ташаббуслардир.

Дарҳақиқат, бир неча йиллар мазкур салбий амалиёт орқали кўплаб фуқаролар бошқалар содир этган жиноят учун жавобгар бўлдилар, қариндошларининг айби учун ишга жойлашишда, хизмат поғоналарида юқорилашда тўсиқларга учрадилар.

Депутат сифатида бизга ҳам мазкур масалада кўплаб сайловчиларимиз мурожаат қилар, тўғриси, жавоб беришга қийналар эдик. Жиноят кодексида белгиланган “айб учун жавобгарлик” принципи амалда самарали ишламас, бу жабрланаётган фуқароларимиз билан бирга бизни ҳам ташвишга солар эди. Адолатли жамият барпо этиш йўлида афсуски, шундай тўсиқлар ҳам мавжуд эди. Президентимиз томонидан бундай салбий иллатни бартараф этиш борасида илгари сурилган бундай ташаббус, инсон ҳуқуқ ва эркинлигини таъминлаш, жамиятда ижтимоий адолатни қарор топтириш йўлидаги дадил қадамдир.

Маърузадаги яна бир муҳим ташаббус, Халқ қабулхоналари негизида Тезкор давлат хизматлари агентлигини ташкил этиш билан боғлиқ. Бунинг замирида ҳам Конституциямизда белгиланган бош эзгу ғоя – инсонлар учун қулайлик яратиш, уларнинг фаровонлигини таъминлашдан иборат. Мазкур янги институт келгусида аҳолига давлат хизматларини кўрсатиш билан боғлиқ зарур масалада муҳим ташкилий тузилма вазифасини ўтайди. Жойлардаги давлат ва хўжалик бошқаруви органлари томонидан кўрсатиладиган турли хизматларни мувофиқлаштириб, аҳолига янада қулайлик яратади.

Яна бир муҳим масала – келгуси йилларда ҳам парламент, вакиллик ва жамоатчилик назоратини кучайтириб бориш билан боғлиқ фикрлардир. Ҳақиқатдан ҳам мазкур институтлар ҳуқуқий демократик давлат ва адолатли жамият барпо этишнинг бош мезони ҳисобланади. Улар фаолиятини самарали ташкил этиш орқали жамиятда қонун устуворлигини таъминлашга эришамиз. Биргина парламентнинг давлат бошқарувидаги роли ортиши, турли ижро ҳокимияти органлари ва уларнинг мансабдор шахслари фаолиятининг қонуний ва самарали ташкил этилишига, ўз зиммасига юклатилган вазифалар ижросига нисбатан масъулиятнинг янада ортишига, аҳолини ташвишга солаётган муаммоларнинг тезкор ҳал этилишига хизмат қилади. Зеро, қонун устуворлиги – жамият тараққиётининг муҳим мезонидир.

Шунингдек, тантанали тадбирда келгуси йилда ҳам мамлакатимизда ижтимоий соҳага, хусусан, соғлиқни сақлаш ва таълим соҳаларига эътибор янада кучайиб, бу йўналишларда ҳам кенг кўламли ислоҳотларни амалга ошириш белгиланди. Бу биз учун партиямиз дастурий мақсадларини амалга ошириш, электорат манфаатларини ҳимоя қилишда янги имкониятларни яратади.

Умуман, мазкур маърузада илгари сурилган фикрлар, моҳиятига кўра “фуқаролар давлат органларига эмас, балки давлат органлари фуқароларга хизмат қилиши лозим” – деган ҳаётий ғоянинг бундан буён ҳам фаолиятимизнинг асосий йўналиши бўлиб қолишини таъминлашга, Конституциямиздаги инсон ҳуқуқларига йўғрилган қоидаларнинг ҳаётга татбиқ қилинишида муҳим аҳамият касб этади.

Шуҳрат ЯКУБОВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги

Ўзбекистон “Адолат” СДП фракцияси аъзоси

Асосий мақсадимиз – Конституциядаги ҳаётбахш ғояларни амалга самарали татбиқ этиш was last modified: Декабрь 9th, 2017 by matbuot

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

« »