Атроф-муҳит муҳофазаси “Адолатчи”лар эътиборида

19 Декабрь, 15:17 • Қашқадарё вилояти, Партия лойиҳаси, Янгиликлар • 121 марта кўрилди • Комментариев к записи Атроф-муҳит муҳофазаси “Адолатчи”лар эътиборида нет

Ўзбекистон “Адолат” СДП Қашқадарё вилоят Кенгаши фаоллари ташаббуси билан жойларда бир қатор тадбирлар ташкил этилаяпти. Айниқса, партиянинг “Тозалик йўлида бирлашайлик” лойиҳаси доирасида аҳоли билан уюштирилаётган жонли мулоқотларда иштирокчилар табиат ва экологияни асраш, атроф-муҳитни озода сақлаш, маҳаллалар, кўчалар, гузар ва барча гўшаларни ободонлаштиришга даъват этилмоқда.

Айниқса, Қарши шаҳридаги Кат, Хонтепа, Кунчиқар маҳаллалари ва тиббиёт, иқтисодиёт, банк, ахборот технологиялари йўналишидаги коллежларда ўтказилган юзма-юз мулоқотлар одамларда катта қизиқиш уйғотди. Кунчиқар маҳалласи фуқаролари ўртасида сўзга чиққан шаҳар давлат санитария эпидемиология назорати маркази шифокори Гўзал Жўраева ҳамма жойда ҳам жамоатчилик назоратини кучайтириш лозимлигини таъкидлади.

— Адолатли ва фаровон ҳаёт қуриш йўлидан  борар эканмиз, энг аввало одамларнинг онги ва тафаккурини шунга мос равишда ўзгартириш керак, — деди Гўзал Жўраева. – Шу туфайли ҳам мен мутахассис сифатида “Адолат” СДП фаоллари томонидан аҳоли ўртасида кенг тарғиб этилаётган “Тозалик йўлида бирлашайлик” лойиҳасининг мақсад вазифаларини тўла қўллаб-қувватлайман.

Маҳаллот маҳалласи аҳли билан ҳамкорликда дастлаб партия аъзолари хонадонлар атрофи, йўлаклар, ариқлар ва дарахтларга шакл беришда ҳашар уюштирдилар. Сўнг фуқаролар билан юзма-юз мулоқотда сўзга чиққан шифокор Мавжуда Бердиева маҳаллаларнинг озодалигига эришиш, ёш авлод онгида атроф муҳитнинг тозалигини сақлаш кўникмасини шакллантириш, теварак-атрофдаги санитария-эпидемиологик ҳолатни яхшилаш орқали аҳоли саломатлигини сақлаш зарурлигига эътибор қаратди. Шунингдек, у тарғибот-ташвиқот тадбирлари ва фуқаролар билан жонли мулоқотларни кучайтириш орқали мамлакатимиз озодалиги йўлида кўнгиллиларни жалб этиш, белгиланмаган жойларда чиқиндилар ташланишининг олдини олишга жамоатчилик фикрини уйғотиш юзасидан ҳам ўз фикр-мулоҳазаларини билдириб ўтди.

— Мен “Адолат” СДП аъзоларининг вилоятимиз маҳаллаларига ташриф буюриб, шахсий намуна кўрсатиб, ҳашарларда иштирок этишаётганидан одамлар мамнун эканлигини чин дилдан ҳис этаяпман, — деди учрашувда Мавжуда Бердиева. – Атроф-муҳит муҳофазаси юзасидан уюштирилаётган мулоқотларда фуқаролар кўп нарсага эга бўлишаяпти. Партия аъзолари одамларни экологик мувозанат ва атроф-муҳит мусаффолигига қандай эришиш йўл-йўриқларидан воқиф этишмоқда. Энг муҳими, одамлар турли жамоат жойлари ва теварак атрофга, сувга зарарли чиқиндиларни эътиборсизлик билан улоқтириши нафақат қонунларда, балки ислом динида ҳам қораланганини  кенг тушунтиришаяпти.

Қарши туманидаги Тиббиёт бирлашмаси ва Газлаштириш идораси ходимлари ҳамда Бешкент шаҳридаги Бодомзор, Нукрабод маҳаллалари аҳолиси билан бўлиб ўтган жонли мулоқотларда ҳам партия вилоят Кенгаши раиси Рўйиддин Раупов, фаоллар Гулноза Раджабова, Умар Ҳайдаров, Замира Бобоназарова, Муқаддас Мирсаидовалар сўзга чиқиб, атроф-муҳит ифлосланиши аҳоли саломатлигига салбий таъсир этиши муқаррарлиги хусусида ўз қарашларини аниқ мисоллар ёрдамида баён қилдилар.

— Юртимизда атроф-муҳитни, аҳоли истиқомат қиладиган ҳудудларни ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш, фуқароларнинг тиббий билимлари ва шахсий гигиеник масалаларини тўла англаб етиши ва унга қатъий амал қилишларида бу каби тадбирларнинг аҳамияти беқиёс, — деди иштирокчилардан бири Қодир Лутфиев.

Дарҳақиқат, партиянинг лойиҳаси доирасида вилоят партия ташкилотлари томонидан атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, унинг манбааларидан оқилона фойдаланиш, аҳолининг экологик хавфсизлигини таъминлаш, ёшларнинг экологик билим ва салоҳиятини янада ошириш ҳамда теварак атрофнинг мусаффолигини сақлаш борасидаги тарғибот тадбирлари давом этмоқда.

Комил САХАТОВ,

Ўзбекистон “Адолат” СДП

Қашқадарё вилояти Кенгаши матбуот котиби

 

Атроф-муҳит муҳофазаси “Адолатчи”лар эътиборида was last modified: Декабрь 19th, 2017 by matbuot

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

« »