Баландпарвоз гаплардан — амалий ишларга

5 Декабрь, 15:08 • Интервью, Муҳим хабарлар, Янгиликлар • 27 марта кўрилди • Комментариев к записи Баландпарвоз гаплардан — амалий ишларга нет

Наримон Умаров “Халқ сўзи” газетаси мухбирининг саволига жавоб қайтарди

Поёнига етиб бораётган йилда юртимиз ижтимоий-сиёсий ҳаётида, одамлар турмуш тарзида кўплаб янгиланиш ва ўзгаришлар рўй берди. Айниқса, парламент фаолиятида, сиёсий партиялар, уларнинг фракциялари ишида жонланиш кузатилмоқда. Бу бежиз эмас. Чунончи, давлатимиз раҳбари бундан салкам беш ой аввал Олий Мажлис палаталари, сиёсий партиялар ҳамда Ўзбекистон экологик ҳаракати вакиллари билан видеоселектор йиғилишида сиёсий партиялар, уларнинг фракциялари фаолиятини жиддий танқид қилган эди. Ўтган вақт, айтиш мумкинки, Президентимиз томонидан қатъий қўйилган вазифаларни бажариш учун етарли муддат бўлди, десак янглишмаймиз. Хўш, сиёсий партиялар ўз электоратига берган ваъдаларини, сайловолди дастурларини тўла ҳамда самарали бажаришда нималарга эътибор қаратмоқда? Уларнинг фракциялари ташаббуси билан қандай қонун лойиҳалари парламент муҳокамасига киритилмоқда ва қабул қилинмоқда? Депутатлар, партия фаолларининг жойларда халқ билан ўтка-заётган очиқ мулоқотлари давомида қандай муаммолар ўз ечимини топаяпти?

Наримон УМАРОВ, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикери ўринбосари, Ўзбекистон “Адолат” -социал-демократик партияси фракцияси раҳбари:

— Дарҳақиқат, бугун юртимизда барча соҳада жадал ўзгаришлар кузатилаяпти. Буни қонун устуворлигини сўзсиз таъминлаш, халқнинг ўз ҳаётидан рози бўлиб яшашини кафолатлаш, оддий одамлар билан мулоқот чоғида айрим муаммоларни бартараф этиш бўйича олиб борилаётган саъй-ҳаракатлар мисолида яққол кўриш мумкин. Бир қарашда, бу баландпарвоз гапдек туюлиши мумкин, бироқ бугун чиндан, замон талабларидан келиб чиқиб, тараққиётимизни янги босқичга кўтариш йўлидан дадил илгарилаяпмиз. Албатта, бунга ўз-ўзидан эришилаётгани йўқ.

Давлатимиз раҳбарининг парламент, сиёсий партиялар фаолиятини жиддий танқид қилгани фаолиятимизни қайта кўриб чиқишимизда муҳим омил бўлди. Масалан, парламент вакиллари жорий йилнинг февраль ва июнь ойларида республикамизнинг 67 та туманига бориб, уйма-уй юриб, халқ билан бевосита мулоқот ўтказди. Учрашувлар давомида жойлардаги мавжуд аҳвол ҳамда амалдаги қонунларнинг ҳаётга татбиқ этилиши ва аҳоли турмуш даражасига таъсири ўрганилди.

Хусусан, фуқароларга биометрик талабнома асосида паспорт тайёрлаш, 16 ёшга тўлган ёшларнинг биринчи марта фуқаролик паспорти олишларини таъминлашда техник воситаларнинг етишмаслиги, носозлиги сабаб бўлса-да, негадир одамлар жабрланаётгани ҳолатлари аниқланди. Кўплаб фуқаролар ўз муддатида фуқаролик паспортини алмаштирмаган ҳолда, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 223-моддасига асосан жавобгар бўлаётгани, жарима миқдорининг қатъий аниқ санкция шаклида, яъни “энг кам иш ҳақининг уч баравари” миқдорида белгилангани аҳоли учун қийинчилик келтириб чиқараётгани маълум бўлди.

Ушбу масала Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари томонидан ўрганилганда, Наманган вилоятининг Чуст туманида 2 минг 850 нафар фуқаро амал қилиш муддати ўтган фуқаролик паспорти билан яшаётгани ёки Уйчи туманида бу кўрсаткич 1 минг

876 нафарни ташкил этаётгани ойдинлашди. Шу билан бирга, ҳудудларда бундай жавобгарликка тортилаётган фуқароларнинг аксарияти кам таъминланганлиги натижасида белгиланган жаримани тўлашда қийинчиликка учрамоқда.

Фуқаролар учун қулайлик яратиш, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг нормаларини янада либераллаштириш мақсадида қуйи палатанинг бир гуруҳ депутатлари томонидан қонунчилик ташаббуси ҳуқуқи асосида “Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги қонун лойиҳаси тайёрланди. У фуқаролик паспортини расмийлаштириш билан боғлиқ маъмурий ҳуқуқбузарликлар учун белгиланган жазони енгиллаштиришни назарда тутиши билан аҳамиятлидир. Айни пайтда бу Қонун ҳаётга самарали татбиқ этилаётир.

Умуман айтганда, ўтган даврда фракция аъзолари 14 та қонун лойиҳаси ташаббускори бўлди. Албатта, фракция аъзоларининг қонун ташаббускорлиги ортишига депутатларнинг жойларга ҳақиқий аҳволни ўрганишга чиқишлари туртки бераяпти, дея оламиз. Шу билан бирга, партия сайловолди дастуридан келиб чиққан ҳолда, қонун лойиҳалари ҳамда Қонунчилик палатаси қарорлари лойиҳалари юзасидан партиянинг қуйи тизимидан таклифлар олиш ва умумий позицияни шакллантириш йўлга қўйилгани эътиборга молик. Чунончи, партия тизимида “Фракция — марказ — вилоят — туман” кўринишида ишлайдиган янги тартиб жорий қилингани қонун лойиҳаларини партиянинг қуйи ташкилотларида муҳокама этиш ҳамда улар бўйича таклифларни фракцияга тақдим қилишда муҳим ўрин тутаяпти.

Қайд этиш жоиз, давлатимиз раҳбари маърузасида Ўзбекистон “Адолат” СДП ва фракциясига илм-фан, таълим, соғлиқни сақлаш бўйича аниқ топшириқлар белгиланган эди. Бу бўйича бир қатор ишлар амалга оширилди. Фракция ташаббуси билан халқ таълими, олий ва ўрта махсус таълими вазирларининг эшитуви ташкил қилинди. Унда жойлардаги ўрганишларда таълим дастурлари, ўқув-режа, ўқув-услубий адабиётлар, услубий қўлланмалар билан таъминлаш етарли эмаслиги таъкидланди. Деярли барча туманда ҳали капитал таъмирланмаган, реконструкциялаштирилмаган, ичимлик суви билан таъминланмаган, ошхона ҳамда буфет ташкил этилмаган, компьютер етказиб берилмаган таълим муассасалари мавжудлиги кўрсатиб ўтилди. Айни чоғда таълим тизимидаги ислоҳотларнинг бориши юзасидан парламент ва депутатлик назоратини кучайтириш юзасидан бир қатор вазифалар белгилаб олинди.

Очиғини айтиш керак, тиббиёт соҳасидаги муаммолар оғриқли масалалардан ҳисобланади. Президентимиз бу ҳақда ҳар бир маърузасида, ҳар бир чиқишида тўхталиб ўтаяпти. Чунки соҳада амалга оширилиши лозим бўлган ислоҳотлар жуда кўп. Буни қатор ҳаётий мисоллар орқали кўриш мумкин. Чунончи, давлатимиз раҳбарининг 2016 йил 31 октябрдаги “Аҳолини дори-дармон воситалари ва тиббиёт буюмлари билан таъминлашни янада яхшилашга доир чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори ижросини ўрганиш жараёнида гувоҳи бўлдикки, жойларда дорихоналар фаолиятини тўғри ташкил қилиш, уларда дори воситаларининг қатъий белгиланган нархларда сотилишини тартибга солишда айрим камчиликлар мавжуд. Бундай ҳолатни республикамизнинг деярли барча вилоятида фаолият кўрсатаётган дорихоналар мисолида кузатиш мумкин. Айни пайтда ушбу ҳолат бўйича фракция томонидан Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигига парламент сўрови юбориш масаласи кўриб чиқилмоқда.

Фикрлардан англашиладики, бугун ҳар бир сиёсий партия, унинг Қонунчилик палатасидаги фракцияси ўз ғояси, мақсад ҳамда вазифаларини амалга ошириш учун интилмоқда. Айтиш мумкинки, бу истак чин юракдан ҳис қилинсагина, кутилган натижани беради. Аслида давлатимиз раҳбари томонидан қўйилган талаб ҳам шу.

Зиёда АШУРОВА суҳбатлашди

Баландпарвоз гаплардан — амалий ишларга was last modified: Декабрь 5th, 2017 by matbuot

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

« »