Барча йўналишлар танқидий-таҳлил этилди

18 Декабрь, 14:43 • Пленум, Хоразм вилояти, Янгиликлар • 166 марта кўрилди • Комментариев к записи Барча йўналишлар танқидий-таҳлил этилди нет

Куни кеча Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси Хоразм вилоят Кенгашининг XVII Пленуми бўлиб ўтди. Пленумда Кенгаш аъзолари билан биргаликда партиянинг Сиёсий Кенгашидан вакиллар, партиянинг фаоллари, депутатлари, бошланғич партия ташкилоти раислари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этишди.

Йиғилишдан кўзланган мақсад партиянинг вилоят Кенгаши фаолиятида амалга оширилган ишлар таҳлили, йўл қўйилган хато ва камчиликларни бартараф этиш ҳамда келгусидаги устувор вазифаларни белгилаб олишдан иборат.

Кун тартибидаги асосий масала — Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил 12 июлдаги маърузасида белгиланган устувор йўналишларни амалга ошириш мақсадида Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик Сиёсий Кенгаши VIII Пленуми Қарори билан тасдиқланган Дастури ижросининг муҳокамаси тўғрисида вилоят Кенгаши раиси ўринбосари Хамдам Аллабергеновнинг маърузаси тингланди.

Таъкидланишича, Президент Ш.Мирзиёевнинг 2017 йил 12 июлдаги Олий Мажлис палаталари, сиёсий партиялар ҳамда Ўзбекистон экологик ҳаракати вакиллари билан видеоселектор йиғилишидаги маърузаси миллий парламент ва сиёсий партиялар фаолиятида янги даврни бошлаб берган тарихий воқеа бўлди. Давлатимиз раҳбарининг мазкур учрашувда халқ вакиллари билан очиқ мулоқотга киришиб, партия фаолиятидаги камчиликларни чуқур танқидий таҳлил қилинган ҳолда илгари сурган таклифлари мамлакатимиз сиёсий тизимида туб бурилиш ясади.

Жорий йилнинг сўнги беш ойи давомида жами 190 дан ортиқ маҳаллаларда 3269 нафар фуқаролар билан мулоқотлар ўтказилганда 400 дан ортиқ мурожаатлар келиб тушди. Мурожаатларнинг 66 таси депутатларимиз томонидан депутатлик сўровлари орқали, 121 таси эса ўз жойида ҳал қилинди. 300 нафардан зиёд фуқароларга ҳуқуқий маслаҳатлар берилди.

Шунингдек, туман, шаҳар Кенгашлари ва бошланғич партия ташкилотлари раисларининг партиянинг дастурий вазифаларини амалга оширишга қаратилган билим ва кўникмаларини шакллантириш мақсадида Президентимиз маърузалари ҳамда партия сайловолди дастуридан келиб чиқиб 49 та сиёсий ўқувлар ташкил этилиши партия ходимларининг сиёсий фаоллигини оширишда аҳамиятли бўлди.

Партиянинг фаол, сиёсий билим ва маҳоратга эга қадрларни айниқса, хотин-қизлар ҳамда ёш кадрлари орасидан масъул лавозимларга “Истиқболли кадрлар заҳираси” яратилди.

Бундан ташқари, партия лойиҳалари доирасида 9 та масала вилоят, шаҳар ва туман Кенгаш сессияларига киритилди. 4 та масала тегишли доимий комиссияларга тақдим этилди.

Бахтиёр Матяқубов, халқ депутатлари Хоразим вилоят Кенгаши депутати:

– Давлатимиз раҳбарининг парламентимиз ва сиёсий партиялар фаолиятини янада ривожлантиришга қаратилган танқидий фикрларидан сўнг депутатлар фаолиятида сезиларли даражада силжишлар бўлди. Депутатлар ўз сайловчилари олдидаги бурчини сидқидилдан адо этишга киришишди. Айни пайтда долзарб бўлган муаммолар вилоят, шаҳар, туман Кенгашлари сессияларига олиб чиқилмоқда. Куни-кеча вилоят Кенгаши сессиясига партиянинг “Адолат – қонун устуворлигида” лойиҳаси доирасида “Давлат ва хўжалик бошқарув органлари ҳамда хўжалик юритувчи субъектлар томонидан ходимлар меҳнат фаолиятига оид ҳужжатларни давлат архивларига топшириш, жойларда ушбу соҳага оид қонунчиликка амал қилиш ҳолатлари юзасидан” жамоатчилик назорати тартибида олиб борилган ўрганиш ишлари натижалари тўғрисидаги масала киритилди. Сессияда тегишли қарорлар қабул қилинди ва назорат ишлари бошлаб юборилди.

Пленум йиғилишида вилоят Кенгаши фаолиятининг барча йўналишлари танқидий-таҳлил этилди. Жумладан, Гурлан, Қўшкўпир, Хазорасп туман Кенгашлари томонидан шу кунгача сессияга биронта ҳам масала киритилмагани ва ушбу туман Кенгашлари фаолиятини оммавий ахборот воситалари орқали ёритиш талаб доирасида эмаслиги қайд этилди.

Халқ билан мулоқот кенг йўлга қўйилган ҳозирги шароитда баландпарвоз гаплардан чекинган ҳолда партия электоратини қийнаб келаётган муаммоларини ўрганиб уларни ҳал этиш, амалий ишлар билан сайловчилар ишончини қазониш зарурлиги таъкидланди. Бу борада партия ташкилоти томонидан жорий йилнинг иккинчи ярим йиллиги учун ишлаб чиқилган чора-тадбирлар Дастуридаги вазифаларнинг ижроси тўғрисида фикр ва мулоҳазалар ҳамда таклифлар ўртага ташланди.

Шунингдек, Пленумда партия Сиёсий Кенгаши Марказий аппарати масъул ходими Анвар Эгамқулов сўзга чиқиб, вилоят Кенгаши фаолиятидаги ижобий ишлар билан бир қаторда йўл қўйилган камчиликларга тўхталди. Жумладан, жойларда қонун лойиҳаларини муҳокама этишни мустаҳкам йўлга қўйиш, уюшмаган ёшлар билан ишлаш тизимини жонлантириш, депутатлик сўровлари жавобларини доимий назорат қилиб бориш, Кенгашлар фаолиятини оммавий ахборот воситалари орқали ёритишни янада ошириш каби устувор вазифалар тўғрисидаги таклиф ва тавсиялари иштирокчилар диққат марказида бўлди. Айниқса, вилоят Кенгаши томонидан иқтидорли ёшларни қўллаб-қувватлаш борасидаги фикрлар партия фаолларига куч бағишлади.

Йиғилиш мақсадли фикр-мулоҳазалар ва таклифларга бой бўлди. Кун тартибида кўрилган масалалар юзасидан тегишли қарорлар қабул қилинди.

Замира АБДУЛЛАЕВА,
Ўзбекистон “Адолат” СДП

Хоразм вилоят Кенгаши матбуот котиби

Барча йўналишлар танқидий-таҳлил этилди was last modified: Декабрь 18th, 2017 by matbuot

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

« »