Билдирилган ишончга муносибмизми?

4 Декабрь, 17:56 • Депутатлик гуруҳи, Самарқанд вилояти, Янгиликлар • 254 марта кўрилди • Комментариев к записи Билдирилган ишончга муносибмизми? нет

Муҳтарам юртбошимиз Шавкат Мирзиёев жорий йилнинг 12 июлда сиёсий партиялар вакиллари билан бўлиб ўтган видеоселектор йиғилишидаги нутқида “Депутат бўлиш ҳар кимга ҳам насиб этмайди. Депутат — фикри-зикри билан халққа энг яқин одам, доимо эл-юртнинг ташвиш ва муаммолари билан яшайдиган, катта билим ва тажрибага эга бўлган шахс”, деб таъкидлаб ўтдилар.

Албатта, депутат – халқ сайлаган, халқ ишонч билдирган вакил. У давлат ва халқ ўртасидаги кўприк саналади. Депутатни элу-юртнинг ташвиши, муаммолари қизиқтирмаса, мавжуд муаммоларни ҳал этиш устида эшламаса, ташаббус кўрсатмаса сайловларда берган ваъдалари қоғозда қолиб кетади, фаолияти самарасиз кечади.

Бугун мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар ҳар биримиздан бу ислоҳотларнинг нафақат иштирокчиси, балки ташаббускори ва асосий ижрочиси бўлишни талаб этаётган, халқ ўзи сайлаган депутатни, депутат эса ўзига овоз берган сайловчиларини интиқлик билан кутадиган, дилидаги гапларини очиқ-ойдин айтадиган даврда партиянинг сиёсий майдонда муносиб ўринини, кенг омма орасида танилувчанлиги ҳамда нуфузини кўрсатиб турувчи депутатларнинг фаоллиги айниқса зарур. Хўш, Ўзбекистон “Адолат” СДП Самарқанд вилоят Кенгашидаги депутатлик гуруҳи аъзолари бу борада етарли фаолият олиб бормоқдами?

Ўзбекистон “Адолат” СДП Халқ депутатлари Самарқанд вилоят кенгашидаги депутатлик гуруҳи фаолияти ҳақида сўз юритар эканмиз, улар томонидан, энг аввало, партия электорати манфаатларини ифода этадиган қонунлар ва давлат дастурлари, ҳудудларни иқтисодий-ижтимоий ривожлантириш дастурларига киритилган вазифалар ижроси жойларда қандай бажарилаётгани устидан қатъий депутатлик ва жамоатчилик назоратини олиб бораётганликларини алоҳида қайд этиб ўтиш жоиздир.

Хусусан, депутатлик гуруҳи томонидан Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили муносабати билан инсон манфаатларини ҳимоя қилиш, жамиятда адолат тамойили ва қонун устуворлигини таъминлаш вазифаларини янада кучайтириш лозим бўлган бир пайтда архив ишлари йўлга қўйилмаслиги оқибатида ҳужжатларни сақлаш талаблари бузилиши, айниқса, фаолияти тугатилган юридик шахсларнинг ходимлар иш фаолиятига оид ҳужжатлари архивга топширилмасдан йўқолиб кетиши оқибатида фуқароларнинг пенсияга чиқишида юзага келаётган қийинчиликларни бартараф этиш мақсадида Самарқанд давлат архиви ходимлари ҳамда партия фаолларидан иборат ишчи гуруҳ ташкил этиб давлат ва хўжалик бошқаруви органлари ҳамда хўжалик юритувчи субъектлар томонидан ходимлар меҳнат фаолиятига оид ҳужжатларни давлат архивларига топшириш, жойларда ушбу соҳага оид қонунларга амал қилиш холатлари юзасидан 78 та давлат органлари, 63 та хўжалик юритувчи субъектлар жамоатчилик назорати тартибида ўрганиб чиқди. Ўрганиш натижалари халқ депутатлари вилоят Кенгашининг 42-сессияси кун тартибида кўриб чиқилди. Аниқланган камчиликларни бартараф этиш юзасидан қарорлар қабул қилинди.

Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг жорий йилнинг 12 июлида Олий Мажлис палаталари, сиёсий партиялар хамда Ўзбекистон  Экологик харакати вакиллари билан ўтказган видеоселектор йиғилишидаги маърузасидан келиб чиққан холда Ўзбекистон “Адолат” социал — демокаратик пртияси ва Соғлиқни сақлаш вазирлиги ўртасидаги Меморандумга асосланиб  “Адолат” социал — демокаратик партияси сайлов олди дастурида белгиланган тиббиёт сохасига оид мақсад ва вазифаларни амалга ошириш мақсадида “Саломатлик йўлида бирлашайлик” лойиҳаси доирасида ахолига тиббий хизмат кўрсатиш тизими тез тиббий ёрдам, потранаж хизмати, оилавий поликлиника ва қишлоқ врачлик пунктларилар фаолияти, мактабгача ва умумтаълим муассасаларида вилоят миқёсида жами 148 та  “ясси оёқлик” ва 4131 та “сколиёз” касалликлари билан боғлиқ бўлган муаммолар, “Мактабгача таълим ва умумтаълим мактабларида синфлардаги ўқувчилар сонининг санитария гигиена талабларига мослиги, умумий тиббий хизматнинг ахволи, мажбурий дори дармонлар билан таъминланганлик  ахволи, тоза ичимлик суви билан ҳамда қайнатилган истемол суви билан таъминланганлик ҳолатлари”, Ўзбекистон Республикаси Президентининг  2017 йил 22 июндаги, “Республика иқтисодиёти тармоқлари ва ижтимоий соҳаларини  2017-2018  йиллар куз-қиш даврида барқарор ишлашга комплекс тайёрлашни таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-3079-сонли  Қарори  ижросини таъминлаш мақсадида 2017-2018 йиллар куз-қиш мавсумига тайёргарлик бўйича амалга оширилаётган ишлар, 2017-2018 ўқув йилларида умумий ўрта талим мактабларида 11 йиллик талим тизимига ўтилиши муносабати билан 10 синфларга ўқувчилар қабул қилиниши, уларни дарслик билан таъминланиши билан боғлиқ муаммолар ўрганиб чиқилди, натижалари доимий комиссияларда кўриб чиқилиб уларни бартараф этиш юзасидан таклифлар тайёрланди. Мутасадди ташкилотларга депутатлик сўровлари чиқарилди. Сессия кун тартибига муҳокамага киритиш режалаштирилди.

Аслини олганда, халқ ишончини оқлаш, эл дарду ташвиши билан ҳамнафас яшаш ҳар бир депутатдан жуда катта масъулият талаб этади. Буни яхши тушунган депутатлар аҳолини қийнаб келаётган муаммоларни бартараф этиш бўйича ўз ваколатлари доирасида тегишли мутасадди ташкилотларга депутатлик сўровлари юбориб, масалаларнинг қонуний ҳал қилинишига алоҳида эътибор қаратиб келмоқда. Жорий йилнинг ўтган даври мобайнида халқ депутатлари вилоят кенгаши депутатлик гуруҳи аъзолари томонидан турли соҳалардаги масалалар юзасидан 180 дан ортиқ депутатлик сўровлари чиқарилиб, уларнинг 150 дан ортиғи ижобий ечимини топди.

Жумладан, депутатлик гуруҳи аъзоси Содиқ Ҳақбердиев Нарпай туманидаги Дедан маҳалла фуқаролари билан бўлиб ўтган юзма-юз мулоқоти чоғида маҳалла фаоллари маҳалла ҳудудидаги 3 км асосий серқатнов йўл таъмирталаблиги ҳақида мурожаат қилишди. Депутат ташаббуси билан маҳалла ҳудудида фаолият юритаётган тадбиркорлар, фермер хўжалик раҳбарлари ҳамкорлигида йўллар таъмирдан чиқарилди. Шунингдек, шу маҳаллада истиқомат қилувчи Бобошер Эшонқулов кам таъминланган оила эканлигини айтиб бир уйда 3та оила истиқомат қилишини, уйи таъмирталаб бўлиб таъмирлаш учун қурилиш ашёларига ҳам маблағ топа олмаётганлигини депутатга маълум қилди. Депутат ушбу оилага ёрдам сифатида уйини таъмирлаш ишларига  ҳамда шу маҳаллада яшовчи 4 нафар кам таъминланган оилиларнинг фарзандаларига суннат туйлари ўтказилишида ҳомийлик қилди.

Вилоят кенгаши депутати Норқул Содиқовга Пастдарғом туманидаги Турт айғир МФЙда яшовчи фуқаро Тураева Ширин мурожаат қилиб уйига кириб чиқиш йўлига ноқонуний қурилган девор сабабли йўл тусилиб қолганини, шу масалани ҳал этишда ёрдам беришини сўраб қилган мурожаати асосида туман ҳокимлиги, архитектура ва қурилиш органи вилоят ва туман бўлимлари вакили, маҳалла фуқаролар йиғини раиси билан биргаликда ўрганиб чиқилиб Ш.Тураеванинг мурожаати ижобий ечимини топди.

Аҳолининг эҳтиёжманд қатламини қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратиш, меҳр-мурувват кўрсатиш истаги билан яшаш халқимиз ҳаётининг ибратли жиҳатига айланиб улгурган. Шундай эзгу қадрятларни давом этдирган ҳолда  Вилоят Кенгаши депутатлик гуруҳи ташаббуси билан вилоят кўз касалликлари шифохонасининг малакали мутахассислари томонидан кўз касалликлари билан касалланган 25 нафар ёлғиз кексалар учун тиббий кўрик ташкил этилиб текширувдан ўтказилди. Ушбу беморларнинг 6 нафарини жарроҳлик амалиёти билан даволаш режалаштирилди, қолган 19 нафар беморларга амбулатор тартибда даволаш муолажалари белгиланди.

Депутат Маҳмуд Бобоёровнинг сайловчилар билан бўлиб ўтган мулоқотлари чоғида Пахтачи туманидаги “Қилтамғали”, “Ургунжи”, “Оқтепа”, “Гурўғли” маҳалла фуқаролари тоза ичимлик суви билан таъминлашда амалий ёрдам сўраб мурожаат қилдилар. Депутат ушбу муаммо юзасидан депутатлик назоратини ўрнатиб, қонун доирасида ижобий ҳал қилинишини маълум қилди. Мурожаат асосида вилоят “Сувоқава” ДУК корхонаси раҳбари Қ.Тожиевга депутатлик сўрови чиқарди. Корхона раҳбарияти томонидан бугунги кунда “Ургунжи” ва “Оқтепа” маҳаллаларида қурилиш монтаж ишлари олиб борилаётгани, “Қилтамғали” ҳамда “Гурўғли” маҳаллаларни ичимлик суви билан таъминлаш “вилоят аҳолисини 2017-2021 йиллардатоза ичимлик суви билан таъминлаш манзиллий дастури”га киритилганлигини маълум қилиб жавоб хати берилди.

Уюшмаган ёшлар бандлигини таъминлаш, уларни ўйлантираётган масалалар, қийнаётган муаммоларга ечим топиш ҳам депуталик гуруҳи назаридан четда қолган эмас, депутатлар ташаббуси билан маҳаллаларда бандликка кўмаклашиш маркази ходимлари, маҳалла фаоллари, тадбиркорлар билан ҳамкорликда мавжуд бўш иш ўринлари тўғрисида  маълумотлар тақдим этган ҳолда учрашувлар ташкил этилмоқда. Жорий йилнинг 22 ноябр куни бўлиб ўтган депутатлик гуруҳи йиғилишдаги “Уюшмаган ёшларнинг қонуний манфаатларини таъминлаш бўйича амалга оширилаётган  ишлар ва муаммолар тўғрисида”ги қарорга асосан Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи, прокуратура, солиқ идоралари ва  “Махалла” жамғармалари  вакилларидан иборат ишчи гуруҳлари  шакллантириб жойларда жамотачилик назорати асосида ўрганиш ишлари олиб борилмоқда.

Хусусан, депутат Нигора Раббимова ташаббуси билан Жомбой туманидаги Ҳолвойи МФЙда бўлиб ўтган ана шундай учрашув чоғида Ойтула Маматқулова тиббиёт коллежини битирганига бир йилдан ошган бўлсада, мутахассислиги бўйича иш топа олмаганлигини маълум қилиб амалий ёрдам сўради. Ушбу мурожаат асосида депутат томонидан туман тиббиёт бирлашмаси бошлиғи номига депутатлик сўрови жўнатилди.  О.Маматқуловага Охунбобоев номли ҚВПдаги вакнт иш ўрнига жойлашиш мумкинлиги маълум қилинди. Бундан ташқари шу маҳаллада яшовчи Зариф Жураев тиббий ёрдамга эҳтиёжи борлиги, оиласи катта бўлиб, харажатлари ҳам шунга яраша эканлиги, кам таъминланганлиги сабабли даволиниш учун керакли маблағ топа олмаганлигини айтиб қилган мурожаати асосида, депутат ташаббуси билан туман тиббиёт бирлашмасида имтиёзли равишда даволаниб соғлигини тиклаб олди.

 Бир сўз билан айтганда  халқнинг ишончини оқлайман деган ҳар бир депутат одамлар ҳаётидан йироқ бўлган масалаларни эмас, балки партия электоратини ўйлантираётган муҳим муаммоларни кўтариб чиқиши, уни ҳал қилишнинг қонуний ечимларини излашни кундалик вазифасига айлантирмоғи лозим. Зеро, депутатнинг фаолиятига унинг сайловчилари муносиб баҳо беради. Сайловчининг ишончини оқлаш — бу бир ютуқ, аммо унга ҳамиша лойиқ бўлиш ўн карра қийин масъулиятдир. Масъулиятни эса сайловчилар муаммоларини ўзининг муаммоси каби қабул қила олган депутатлар ҳис қилади. Сайловларда берилган улкан ваъдалардан сўнг амалда уларни бажарган депутатлар аҳоли билан учрашишга, уларнинг кўзига ёруғ юз билан қарашга шошади. Бу айни ҳақиқат.

Юлдуз ЖУМАНАЗАРОВА,

халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутатлик гуруҳи раҳбари

Билдирилган ишончга муносибмизми? was last modified: Декабрь 4th, 2017 by matbuot

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

« »