Долзарб масала Пленум муҳокамасида

25 Декабрь, 19:08 • Наманган вилояти, Пленум, Янгиликлар • 203 марта кўрилди • Комментариев к записи Долзарб масала Пленум муҳокамасида нет

Наманган шаҳар партия ташкилоти Ўзбекистон “Адолат” СДП вилоят кенгаши таркибида ўзига хос нуфуз ва мавқега эга. Айни пайтда у ўз сафларида 83 та БПТни бирлаштирган. Қуйи ташкилотларда 2770 нафардан зиёд киши ҳисобда туради. Бу куч ва имкониятлардан тўла фойдаланилса, кенг миқёсли ишларни амалга ошириш мумкин. Лекин ҳозирча фаолиятни такомиллаштириш юзасидан олиб борилаётган ишлар кутилган натижаларни бермоқда, деб бўлмайди.

Куни кеча ўтказилган “Адолат” СДП Наманган шаҳар кенгашининг VIII пленуми қатнашчилари пировардида ана шундай хулосага келдилар. Кун тартибига эса “Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил 12 июлдаги Олий Мажлис палаталари, сиёсий партиялар ҳамда Ўзбекистон Экологик ҳаракати вакиллари билан ўтказилган видеоселектор йиғилишидаги маърузасидан келиб чиқадиган вазифалар юзасидан Ўзбекистон “Адолат” СДП Наманган шаҳар кенгашининг 2017 йилнинг иккинчи ярми учун чора-тадбирлар дастури ижроси” ҳақидаги масала киритилган эди. Кўриниб турибдики, муҳокамага ниҳоятда долзарб масала қўйилган. Буни ҳис этган иштирокчилар маълум миқдорда бажарилган ишларни қайд этган ҳолда асосан фойдаланилмаган имкониятларни ишга солишга, мавжуд камчилик ва нуқсонларни бартараф этишга эътибор қаратдилар.

Маърузачи – партия шаҳар кенгаши раиси вазифасини бажарувчи Зафаржон Жўрабоев дастурнинг ҳар бир банди бўйича амалга оширилган ишларни таҳлил этди. Айни пайтда турли сабабларга кўра қоғозда қолиб кетган тадбирлар ҳам рўй-рост айтилди. Маърузанинг алоҳида бир қисми эса кенгаш ҳамда бошланғич ташкилотлар фаолиятини янада такомиллаштириш юзасидан ишлаб чиқилган таклиф ва мулоҳазаларга ажратилгани ҳам эътиборга лойиқдир.

Ўз навбатида музокарада сўзга чиққан “Навбаҳор” маҳалла фуқаролар йиғинидаги БПТ раиси Турсунбой Жабборов, кенгаш “Ёш адолатчилар” қаноти раиси Илҳом Ҳотамов, Ўзбекистон “Адолат” СДП вилоят кенгаши раисининг ўринбосари Баҳодир Болтабоев ва Фуқаролик жамиятини шаклланишини мониторинг қилиш мустақил институти ҳудудий бўлинмаси раҳбари ўринбосари Нигора Нуралиева ҳам бир қатор тавсия ҳамда йўл-йўриқларни бердилар.

Пленум ишида партия лойиҳаларини амалга оширишда янада қатъият кўрсатиш, бу борадаги ишларнинг оммавийлигини ва мунтазамлилигини таъминлаш муҳим вазифа эканлиги таъкидланди.

Шаҳардаги БПТ фаолиятини олайлик. Тўғри, шаҳарда кўп жиҳатдан намуна қилиб кўрсатишга арзийдиган бошланғич ташкилотлар йўқ эмас. Бироқ уларнинг тажрибасини оммалаштириш ва кенг ёйиш ҳақида ижобий ишлар амалга оширилмаяпти. Шунинг учун жойларда ҳудудий БПТ марказлари ташкил этиш таклифи билдирилди. Шунда намунали бошланғич ташкилотлар ўзига яқин ҳудуддаги сафдошларига ишларни йўлга қўйишда ёрдам кўрсатишлари мумкин бўлади.

Партия аъзолари миқдорини кўпайтириш билан жиддий шуғулланиш талаб этилади. Шаҳарда айни пайтда 600 мингдан зиёд аҳоли истиқомат қилаётганини ҳисобга олсак, бу борада катта имконият борлиги кўзга ташланади. Боз устига навбатдаги сайловларга ҳам икки йилдан оз вақт қолди. Айни пайтда халқ депутатлари шаҳар кенгашида атиги бир нафар депутат борлиги бу ишнинг долзарблигини кўрсатиб турибди.

Кун тартибидаги масала юзасидан қабул қилинган қарорда келгуси йили амалга оширилиши лозим бўлган энг муҳим вазифалар, уларни бажариш йўллари, мутасадди шахслар кўрсатиб ўтилди.

Нурбек АБДУЛЛАЕВ,

Ўзбекистон “Адолат” СДП

Наманган вилоят Кенгаши матбуот котиби

Долзарб масала Пленум муҳокамасида was last modified: Декабрь 25th, 2017 by matbuot

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

« »