Долзарб муаммолар депутатликка номзод эътиборида

19 Декабрь, 16:33 • Сайлов — 2017, Тошкент шаҳри, Янгиликлар • 188 марта кўрилди • Комментариев к записи Долзарб муаммолар депутатликка номзод эътиборида нет

Маълумки, жорий йилнинг 24 декабрь куни Тошкент шаҳрида халқ депутатлари туман Кенгашларига сайлов бўлиб ўтади. Шу кунларда мамлакатимизда фаолият кўрсатаётган сиёсий партиялар ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари пойтахтда ташкил этилган 330 та сайлов округидан кўрсатилган ўз номзодларининг кўпчилик овозларни қўлга киритишлари учун рақобатга киришишган.

Сайловолди ташвиқоти жараёнида депутатликка номзодлар томонидан сайлов участкаларида аҳоли билан олиб борилаётган учрашувларда сайловчилар бўлғуси депутатлар олдига ҳудуддаги бир қатор ижтимоий-иқтисодий муаммолар, аниқ масалаларни ҳал қилиб беришни сўраб мурожаат қилмоқдалар. Ўрганишлар шуни кўрсатмоқдаки, ҳақиқатдан ҳам Тошкент шаҳрида туман Кенгашларини ташкил этиш масаласи долзарб саналади. Амалиётда халқ депутатлари Тошкент шаҳрига сайланган 60 нафар депутат пойтахт туманлари ва маҳаллаларидаги муаммоларга ечим топишга имконияти етмайди. Янги ташкил этилаётган халқ депутатлари туман Кенгашларига 30 нафардан депутат сайланадиган бўлса, ҳар бир депутатга ўртача бир ёки иккита маҳалладаги мавжуд масалаларни ҳал қилишга амалда имконият мавжуд бўлади.

Фикр юритмоқчи бўлганимиз шуки, айни кунларда депутатликка кўрсатилган барча номзодлар сайловчилар орасида дастурий мақсад ва режаларини тарғиб қилаётган бўлса, ўз навбатида сайловчилар ҳудуддаги ижтимоий-иқтисодий масалаларни ҳал қилиш бўйича номзодлардан конкрет таклифларни кутишмоқда.

Масалан, Чилонзор туман, 16-Катта қозиработ сайлов округидан Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партиясидан кўрсатилган номзод Дониёр Юсупов ҳудуд аҳолиси ва ташкилот, муассасалардаги меҳнат жамоалари билан олиб борган учрашувлари давомида бир неча йиллардан буён ечимини кутиб келаётган бир қатор долзарб масалалар кўтарилди.

Жумладан, номзодга маҳалла ҳудудидаги 138-сонли умумтаълим мактабида таҳсил олаётган ўқувчиларнинг ота-оналари ушбу таълим муасасасидаги ошхона деворлари метал конструкциядан қурилгани сабабли қиш кунларида совиб кетиши ва бу муаммо бир неча йилдан буён ҳал қилинмай келаётганини маълум қилишди. Дарҳақиқат, келажагимиз эгаларининг яхши таълим-тарбия олишида уларнинг ўз вақтида ва рационал овқатланишлари муҳим ўрин тутади. Шу боис ота-оналар депутатликка номзодга мактаб учун янги ошхона қуриш зарурлигини билдиришди. Номзод Д.Юсупов агар депутат этиб сайланадиган бўлса, ўз ваколатлари доирасида ушбу масалани ҳудудни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастурига киритиш ва унинг ижроси устидан депутатлик назоратини ўрнатиш орқали ижобий ҳал қилишга ваъда берди.

Шунингдек, “Нурхон” 4-тор кўчасида жойлашган туман ҳокимлиги тасарруфидаги 20-“Б” уй-ётоқхонасидаги ҳолат ҳам фуқароларни ташвишга солаётгани маълум бўлди. Яъни, бу ердаги шароитлар, ечимини кутаётган коммунал масалалар ҳам ушбу уйда яшовчиларга кўп қийинчиликлар туғдираётгани аён бўлди.

Албатта, бу каби масалалар Тошкент шаҳрида янги ташкил этиладиган туман кенгашларига сайланадиган депутатларнинг бевосита иштироки ва фаоллигида ҳал этилишига ишонамиз.

Ўзбекистон “Адолат” СДП Матбуот хизмати

Долзарб муаммолар депутатликка номзод эътиборида was last modified: Декабрь 19th, 2017 by matbuot

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

« »