Фаол депутатлар рағбатлантирилди

25 Декабрь, 19:20 • Жиззах вилояти, Тадбир, Янгиликлар • 170 марта кўрилди • Комментариев к записи Фаол депутатлар рағбатлантирилди нет

Депутат халқ вакили сифатида кўксига нишон тақади. Бу мансаб ҳам, мартаба ҳам эмас, аслида катта масъулият, шараф дегани. Чунки унинг зиммасида халқ ишончи турибди, берилган ваъдалар асосида фуқаролар ундан амалий иш кутяпти. Демак, сайловчиларнинг манфаатларини ҳимоя қилиш, турмуши янада фаровон бўлишига кўмаклашиш ҳар бир депутатдан изланиш ва тинимсиз меҳнатни талаб этади.

Мамлакатимизда олиб борилаётган ислоҳотлар халқ депутатларидан маҳаллий Кенгашларидаги партия гуруҳларининг жойларда қонунлар ва бошқа давлат қарорлари устидан самарали депутатлик назоратини амалга оширишдаги роли ва масъулиятини янада кучайтиришни талаб этмоқда. Маҳаллий давлат ҳокимияти вакиллик органлари ўз функцияларига эга бўлиб, демократик институтлар қатори муҳим ва аҳамиятли ўрин эгаллайдилар. Депутат – фикри зикри билан халққа энг яқин одам, доимо эл-юртнинг ташвиш ва муаммолари билан яшайдиган, катта билим ва тажрибага эга бўлган шахс. Депутатлар ўз сайлов округи манфаати билан бирга партия манфаатларини амалга оширишда фаоллик кўрсатишлари бугун долзарб масалага айланиб бормоқда. Сиёсий партия номидан давлат ҳокимияти вакиллик органига сайланган депутат аъзо бўлган сиёсий партия билан алоқаси бўлмаса, унинг мақсади, вазифалари, сайловолди дастури ижроси билан шуғулланмаса, сиёсий партиянинг илгари сурган ғоялари қоғозда қолиб кетади. Шу боис бугун сиёсий партиялар олдида ўз депутатлари билан ишлаш, партия мафкурасини уларга сингдириш ва унинг устуворлигини таъминлаш масаласи турибди.

Жорий йилнинг 12 июлида Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.Мирзиёевнинг Олий Мажлис палаталари, сиёсий партиялар вакиллари ҳамда Ўзбекистон экологик ҳаракати вакиллари билан видеоселектор йиғилишидаги “Парламентимиз ҳақиқий демократия мактабига айланиши, ислоҳотларнинг ташаббускори ва асосий ижроси бўлиши керак” мавзусидаги маърузасидаги вазифалар сиёсий партиялар ва уларнинг Халқ депутатлари вилоят, шаҳар ва туман Кенгашларидаги партия гуруҳлари фаолиятини самарали ташкил этиш учун муҳим тарихий-сиёсий қадам бўлди. Бу эса жойлардаги Халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлар депутатларини янгидан-янги ташаббускорликка чорлади.

Шунингдек Юртбошимиз томонидан депутатлик сўровига жавоб бермаган мансабдор шахсларни маъмурий жавобгарликга тортиш тўғрисида, “Намунали Кенгаш”, Эҳтиром китобини ташкил қилиш, давлат ва жамият бошқаруви академиясида депутатлар учун ўқув курсларини ташкил қилиш, лавозимга кўтаришда партия фикрини инобатга олиш, ҳукумат соатини ташкил қилиш, депутатлар учун қўлланма ишлаб чиқиш, “Депутатлик клублари”ни ташкил қилиш, Сиёсий партияларнинг аҳоли билан мулоқотини оммавий ахборот воситаларида таништириб бориш, депутатлар институтини ташкил қилиш, Фахрий депутатларнинг жорий қилиниши, шунингдек депутатларни қўллаб-қувватлаш масалаларига алоҳида тўхталиб ўтди. Бунда ҳар бир депутат фаолиятини баҳолаш ва рағбатлантиришнинг аниқ мезони ва меҳанизмларини белгилаш, шунга кўра наъмуна кўрсатган депутатларга “Адолатли депутат”, “Халқпарвар депутат”; “Меҳнаткаш депутат” деган номлар беришни таклиф этди.

Партия сафидаги фаол депутатларни рағбатлантириш, уларни қўллаб-қувватлаш мақсадида Ўзбекистон “Адолат” социал – демократик партияси Жиззах вилоят Кенгаши томонидан “Депутат – халққа мададкор” мавзусида маънавий-маърифий тадбир ташкил этилди. Тадбирда вилоят Кенгаши аппарати ходимлари, Халқ депутатлари вилоят, шаҳар ва туман Кенгашлари депутатлари, ОАВлари вакиллари иштирок этдилар.

– Фаолиятим давомида бир нарсага амин бўлдимки, сайловчилар мурожаатларига эътиборсиз қараш нафақат депутат, балки партия обрўсига ҳам путур етказади. Фуқаро сизга ўзини ташвишга солаётган масала ҳақида сўз очдими, демак, унинг ортида ҳал қилиниши керак бўлган муаммо бўлади. Уларни вақтида ўрганиш, кечиктирмасдан бартараф этиш орқали кимнингдир оғири енгил бўлади, айрим ҳолларда ҳудудларнинг ижтимоий-иқтисодий тараққиётига тўсиқ бўлаётган муаммолар бартараф этилади. Бунда депутатлик сўрови имкониятларидан фойдаланиш яхши самара беради, – дейди Халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутати, “Халқпарвар депутат” номинацияси соҳибаси Нигора Бозорбоева.

– Бугун биз депутатлардан фаоллик талаб этилмоқда, – дейди халқ депутатлари Жиззах шаҳар Кенгашидаги депутатлик гуруҳи раҳбари Д.Ҳакимова. – Юртбошимизнинг “Адолат давлатнинг асоси, ҳар бир раҳбарнинг шиори бўлиши керак” деган сўзлари, бизни янада ўз ишимизга масъулият билан ёндашишга ундайди. Биз депутатлар, ҳукуматимиз томонидан яратиб берилаётган шароитлардан кенг фойдаланиб, барча имкониятларимизни ишга соламиз. Партия томонидан “Адолатли депутат” номинацияси бўйича тақдирланганлигим янада фаоллигимни оширишда мезон бўлиб хизмат қилади.

Шунингдек, тадбирда Халқ депутатлари Жиззах вилоят Кенгаши депутати Абдуғани Холбеков “Адолатли депутат”, Халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутати Омонгул Ҳайитова ҳамда Дўстлик туман Кенгаши депутати Ҳосилбек Абдурасуловлар “Меҳнаткаш депутат” номинациялари бўйича, “Халқпарвар депутат” номинацияси ҳамда партиянинг эсдалик совғалари билан Халқ депутатлари Зафаробод туман Кенгаши депутати Дилдора Чанкаевалар тақдирланишди.

Жасур ҚАРШИЕВ,

Ўзбекистон “Адолат” СДП

Жиззах вилоят Кенгаши раиси ўринбосари

Фаол депутатлар рағбатлантирилди was last modified: Декабрь 25th, 2017 by matbuot

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

« »