Фаровон ҳаётимизнинг мустаҳкам пойдевори

11 Декабрь, 11:04 • Муносабат, Наманган вилояти, Янгиликлар • 160 марта кўрилди • Комментариев к записи Фаровон ҳаётимизнинг мустаҳкам пойдевори нет

Ўзбекистон Республикаси Конституцияси мана чорак асрдирки, мамлакатимизни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг ҳуқуқий асоси бўлиб хизмат қилмоқда. Байрам арафасида ва шу кунларда  вилоятимиздаги корхона, ташкилот, муассасалар ва фуқаролар йиғинларида бўлиб ўтаётган учрашув, суҳбат ва маърузаларда ана шу ҳақда фикр юритилмоқда. Тадбирларда қатнашганлар  ўтган давр мобайнида Асосий қонунимиз жамиятни ҳар томонлама тараққий эттириш,   инсон ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш,  ислоҳотларни самарали амалга оширишнинг муҳим кафолати бўлиб хизмат қилаётганлигини        таъкидламоқдалар.

Айни пайтда партиядошларимиз Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганининг 25 йиллигига бағишланган тантанали маросимдаги маърузасини ҳам атрофлича ўрганмоқдалар. Давлатимиз раҳбари таъкидлаганидай, “Мана шу ўтган чорак аср давомида мамлакатимиздаги туб ислоҳот ва ўзгаришларнинг барчаси Конституциямиз асосида амалга оширилмоқда. Бу эса унинг ҳақиқатан ҳам халқимиз манфаатларига, давлатимизнинг стратегик мақсадларига тўла жавоб берадиган, ҳар томонлама пухта ишланган муҳим сиёсий ҳужжат эканидан    далолат беради. Бу билан ҳар қанча фахрлансак, ғурурлансак арзийди, албатта. Айни пайтда биз Асосий қонунимиз талабларини тўлиқ амалга ошириш борасида ҳали олдимизда улкан вазифалар турганини яхши тушунамиз. Яъни, халқимиз ҳаёт даражаси ва сифатини янада яхшилаш, инсон ҳуқуқ ва манфаатларини амалда таъминлаш бўйича ҳали кўп иш қилишимиз керак.”

Чиндан ҳам Бош қомусимиз халқимиз қўлга киритган улкан муваффақиятларга мустаҳкам замин бўлди. Айниқса, юксак инсонпарварлик тамойилларига асосланган жамиятимизда ҳар бир фуқаронинг ўз ҳаётидан рози даражада бахтли-саодатли яшаши учун янги ва кенг имкониятлар очилмоқда.  Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан ишлаб чиқилган 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси ҳам шу мақсадга хизмат қилади. Жамият ҳаётининг барча жабҳаларида давом этаётган ислоҳотлар ҳам ватанимизнинг порлоқ  келажагини таъминлашга қаратилганлиги билан эътиборга моликдир.

Яқинда матбуотда бир қизиқ материал ўқиб қолдим. Унда Ўзбекистон Миллий университетининг доценти, таниқли ёзувчи ва публицист Аҳмаджон Мелибоев шундай ёзади: Матбуотимизнинг яна бир қусури борки, унга бироз бўлса-да, тўхталмасликнинг иложи йўқ. Собиқ тузум мафкураси кишанларидан озод бўлганимизга чорак асрдан кўп вақт бўлди, Аммо бизнинг қайси мавзуни қачон ва қандай ёзишимиз асосан эскича сақланиб қолмоқда: аёллар, оналар, Наврўз тўғрисида март ойида, ватанпарварлик хусусида январда, болалар ҳақида июнда, Конституция мавзусида декабрда, ўқитувчи ва мураббийлар хусусида октябрда ёзамиз. Шу ойда тил муаммоларига бағишланган бир-иккита мақола чиқади. Бошқа пайтлари бошқа мавзулар билан банд бўламиз. Қизиқ: оналар ҳақида ёзда, кузда ёзиш мумкин эмасми? Ҳаётимизнинг асосий қонуни бўлмиш Конституцияни ўрганишга доир мақолалар газета-журналларда фақат қишда эмас, мунтазам чиқиб турса, бунинг нимаси ёмон?”.

Ҳақиқатдан ўйлаб кўрса арзийдиган масала. Аммо у   фақат журналистларга тааллуқли  эмас, исталган соҳага бемалол тадбиқ этиш мумкин. Чунки биз ҳозиргача кўп ишларда мавсумийликдан, бошқачасга айтганда, кампаниябозликдан қутула олганимиз йўқ. Бу эса фаолиятимиз самарадорлигига салбий таъсир этмай қолмайди.

Президентимиз маърузасидаги мана бу мулоҳазаларга ҳам эътибор қаратинг. “Биз бугун, демократик ўзгаришлар даврида мамлакатимизнинг сиёсий, ижтимоий ҳаётида бевосита ва фаол иштирок этиш истагида бўлган фуқароларимизнинг салоҳияти тўла намоён бўлишини таъминлашимиз лозим. Бу борада кўппартиявийлик тизими, партиялараро баҳс-мунозара, фикрлар ва дастурлар ўртасидаги рақобатни жадал ривожлантириш муҳим аҳамиятга эга.” Очиғини айтганда,  жорий йилнинг 12 июлида Президентимиз Шавкат Мирзиёев раислигида ўтказилган видеоселектор йиғилишидан сўнг партиялар фаоллиги ва ташаббускорлиги янада ошди. Хусусан, ҳудудларда кўзга ташланаётган турли соҳаларга оид муаммоларга ечим топиш, аҳолини ўйлантираётган долзарб масалаларни ҳал этишда партия ташкилотлари ҳамда улардан сайланган халқ вакилларининг ўрни ва роли тобора кўпроқ сезилмоқда. Аммо ҳали булар етарли эмас. Партиянинг барча фаоллари, турли даражадаги кенгашлар, депутатларимиз  сайловчилар ҳамда электорат манфаатларини таъминлашга қаратилган фаолият самарадорлигини янада оширишлари лозим.

Абдували МАВЛАНОВ,

Халқ депутатлари Наманган вилоят кенгашидаги

Ўзбекистон “Адолат” СДП гуруҳи аъзоси.

Фаровон ҳаётимизнинг мустаҳкам пойдевори was last modified: Декабрь 11th, 2017 by matbuot

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

« »